Мутахассис: “Фастфуд”лардаги семизликни келтириб чиқарувчи трансёғлар ҳазми учун камида икки йил зарур

16:36 23 Август 2022 Жамият
640 0

Лаваш, гамбургер, хот-дог, нон кабоб, чипс... Бу тезпишар маҳсулотлар — ҳозир аксарият ёшларнинг севимли таоми. Аммо бозори чаққон ушбу егуликларнинг фойдасидан зарари кўпроқ, десак хато бўлмайди.

Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилда инсоният ҳаётига таҳдид солаётган беш асосий хавф рейтинги бошида семизликни келтириб, буни “фастфуд”лар истеъмоли авж олиши билан изоҳлади.

Хўш, тезпишар таомларнинг саломатлик учун қандай зарари бор? Улар қайси касалликларни келтириб чиқариши мумкин?

— Кўплаб хасталиклар нотўғри овқатланиш туфайли юзага келишини яхши биламиз, — дейди олий тоифали шифокор Ҳилола Жамилова. — Жигар, ўт қопи, ошқозон-ичак, қон-томир, эндокрин тизими хасталиклари кўпинча носоғлом таомланиш асоратлари сифатида изоҳланади.

Чунончи, ортиқча вазн туфайли ички аъзолар фаолияти бузилиши кузатилади. Юрак қон ҳайдашга, жигар заҳарларни тозалашга, эндокрин безлар эса организмни керакли миқдордаги гормонлар билан таъминлашга қийналади. Оқибатда семизлик қатор сурункали касалликларга сабаб бўлади.

Чунки “фастфуд”лар таркибида тўйинган ва трансёғлар миқдори ҳаддан зиёд кўп. Бу эса семизликни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири. Чунки тўйинган ва трансёғларнинг организмдан тўлиқ чиқиб кетиши жуда қийин жараён. Баъзи манбаларда бунинг учун камида 2 йил вақт талаб этилиши айтилади.

Шунингдек, тезпишар таомларнинг аксарияти юқори калорияга эга. Ўрта вазнли эркаклар учун бир суткада қарийб 2500 Ккал, аёллар учун эса 2000 Ккал қувват талаб этилишини инобатга олсак, “фастфуд”лар таркибидаги ортиқча углеводлар организмда тўпланиб, вазн ортишига олиб келади.

Бундан ташқари, тезпишар маҳсулотлар тайёрлашда туз кўп ишлатилади. Ваҳоланки, жисмоний соғлом инсон учун кунига ўртача 5 грамм туз истеъмоли меъёрий кўрсаткич.

Аммо битта лаваш ёки гамбургер таркибида 2-3 грамм, ўртача порция картошка фрисида эса 0,5 грамм туз қўлланилади. Бир таомланишда ярим кунлик меъёрни истеъмол қилиш эса организм учун зиён. Бу юрак-қон томир касалликларининг ривожланишига туртки бўлади.

Худди шундай, “фастфуд”лар билан бирга истеъмол қилинадиган газланган ширин ичимликлар, соуслар таркибидаги ҳаддан зиёд шакар қандли диабетни шакллантирувчи бирламчи маҳсулотлар сирасидан.

Ўз навбатида, австралиялик олимлар ўтказган тадқиқотда тезпишар таомлар ва улар оқибатида шаклланадиган семизлик мия хасталиклари, хусусан, ақлий заифликни ҳам келтириб чиқариши исботланган.

Ўйлаймизки, буларнинг бари “фастфуд” истеъмол қилишга одатланган ёшларни огоҳликка чақиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер