Мусаввирларимиз ижоди Туркияда эътироф этилмоқда

Мамлакатимизда ижод қилаётган халқ амалий санъати усталари, мусаввирлар ижодига чет элларда ҳам қизиқиш ортиб бормоқда. Энг қувонарлиси хорижий давлатларда ўзбек рассомларининг сара асарлари кўргазмалари ташкил этиляпти.
Айни кунларда Туркияда шундай тадбирлардан бири ўтказилмоқда. “Туркистонликлар маданият ва ижтимоий ёрдам” ассоциацияси томонидан ташкил этилган кўргазмага бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар таклиф этилди. Улар орасида Бухоро шаҳридаги “Абри баҳор” тасвирий санъат маркази раҳбари, Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлари уюшмаси аъзоси Раҳим Ҳакимов ҳам бор.
— Бизни турк қардошларимиз жуда илиқ қарши олдилар,— дея ўз таассуротларини телефон орқали ўртоқлашди Р. Ҳакимов.-— Кайсери шаҳрида ўтказилган кўргазмамиз тасвирий санъат мухлислари билан гавжум бўлди. Бу ерда ҳамкасбларимизнинг энг сара асарлари намойиш этиляпти. Тадбир асносида турк мусаввирлари, соҳанинг етакчи мутахассислари билан ижодий учрашувлар ўтказиб, ўзаро тажриба алмашяпмиз. Бу ерда хусусан, “ Абри баҳор” санъатини жуда қадрлашади.
Мусаввирнинг таъкидлашича, “Абри баҳор”нинг икки хил усули бор. Ишлаш жараёни бир – бирига ўхшаш. Унда асосан сувда эрийдиган бўёқлар ишлатилади. Ҳар бири алоҳида идишда эритиб тайёрланади. Ҳар бир ранг учун алоҳида мўйқалам ишлатилади. Акс ҳолда ранглар мусаффолиги бузилади. Турли хил қалинликдаги симлардан тайёрланган бигиз ва тароқлар керак бўлади. Улар ёрдамида бутасимон қитъа ўсимлиги шираси устига сепилган рангларга турлича шакллар берилади. Жараёнда қорамол зардобидан ҳам фойдаланилади. У бўёқларни суюқлик устига ёйилишини таъминлайди. Пировардида ҳайратомуз ранглар уйғунлиги ҳосил бўлади.
Айтиш жоизки, Раҳим Ҳакимов “Абри баҳор” санъатининг замонавий янги йўналишини яратган ижодкор саналади. Жорий йилда Амстердам (Нидерландия)нинг Юнус Эмре номидаги институтида рассомнинг “Афсоналар юртига саёҳат” деб номланган кўргазмаси бўлиб ўтган эди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Абдулазиз Комилов Италиянинг энг юқори давлат мукофоти билан тақдирланди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг