Муножот тоғининг сўнмас қуёши

17:20 13 Январь 2025 Жамият
159 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Ўтмишда тасаввуф тарихига бағишлаб ёзилган барча тазкираларда «икки жаҳон қуёши» Суҳайл ибн Омир Увайс Қараний чуқур эҳтиром билан тилга олинади. Уни «Яман юлдузи» деб ҳам аташган. Ривоятларга кўра, унинг отаси Омир яманлик бўлиб, Мурод қабиласининг қарн уруғига мансуб бўлган. Қорақалпоғистонда, Наманганда, Тожикистонда ва ҳатто Туркияда ҳам унинг номига барпо этилган қадамжолар учрайди.

Айрим манбаларда ҳазрати Умар билан ҳазрати Алининг хирқаи шарифни топшириш учун Увайс билан учрашуви ҳозирги Қорақалпоғистон ҳудудидаги Султон Увайс тоғида бўлгани, ундаги баланд қояни Султон Увайс Аллоҳга муножот этган жой сифатида “Муножот тоғи” деб ихлос қилиниши келтирилади. Ҳазрат Навоий “Насоимул-муҳаббат” асарида Увайс Қараний Уҳуд жангида пайғамбаримиз (с.а.в)нинг битта тишлари синганини эшитиб, ўзларининг ҳамма тишини уриб синдирганини ёзади. Бу ерга зиёратга келганлар Муножот тоғидаги қизил доғларни Увайс бобо тишидан қолган қон, дея эътиқод қилади.

– Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги зиёратгоҳ ҳам, у жойлашган тоғ ҳам султон Увайс номи билан аталади, – дейди Султон Увайс бобо масжиди имом-хатиби Нуриддин Юсупов. – Маълумотларга қараганда, бу ерда Султон Увайс мақбаралари илк бора XIII асрда Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ буйруғига биноан қурилган. Аммо Чингизхон қўшинлари томонидан вайрон қилинган. Орадан асрлар ўтиб, Хива хони Элтузархон, кейинчалик Оллоқулихон тарафидан мақбара қайта тикланади. Бироқ, собиқ тузум даврида мақбаранинг олтиндан ясалган қандили, олтин суви юритилган панжараси, гумбаз устидаги олтин қуббаси талон-тарож қилиниб, вайронага айлантирилди. Мустақиллик шарофати билан қайта таъмирланиб обод қилинди.

Мақбаранинг шарқий томонида бир чашма бор. Бу чашма халқ ичида шифо булоқ номи билан машҳур. Булоқ суви ҳар қандай иқлим шароитида ўз мувозанатини йўқотмайди. Ҳозирги кунда ҳам бу табаррук жойда Султон бобомиздан баъзи осори атиқалар қолган. Зиёратгоҳ қадимий архитектура услубида қурилган. Султон Увайс Қараний сағанаси гумбаз шаклида. Сағана атрофи ҳужралар билан ўралган. Зиёратгоҳнинг ғарбий қисмида Чинор бобо мақбараси бор. Мақбара гумбазсимон шаклидаги иморат билан ўралган.

Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан “Султон Увайс бобо” зиёратгоҳида зиёратчилар учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилди. Шунга кўра, 2022 йилда зиёратгоҳга кириш дарвозаси кошин билан безатилди. Мақбарага олиб борувчи 3600 метр йўл янгидан асфальт қилинди. Зиёратчиларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида таҳоратхоналар ва масжид қурилди. Зиёратчиларнинг барчаси айниқса, ёшлар зиёрат қилиш ободларини билмаслиги мумкин. Юқоридаги фармон асосида ишлаб чиқилган режа асосида зиёрат одоби ва тартиби акс эттирилган маълумотлар жойлаштириб келинмоқда. Шунингдек, асосий йўлларда ва йирик аҳоли пунктларида зиёратгоҳга олиб келувчи йўналишни кўрсатувчи йўл кўрсаткич ва ахборот белгиларини ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: 2019 йилда зиёратгоҳга 100 мингдан ортиқ зиёратчи ташриф буюрган бўлса, 2020-2021 йилларда карантин талаблари жорий этилгач камайган. Ўтган йилда 247 минг маҳаллий ва 400 дан зиёд хорижий сайёҳлар ушбу зиёратгоҳга ташриф буюрган. Султон Увайс бобо зиёратгоҳида зиёрат мавсуми баҳор, ёз ва куз фасллари ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер