Муҳим археологик объект консервация қилинди

16:49 04 Август 2022 Маданият
693 0

Фото: Маданий мерос агентлиги

Туризм ва Маданий мерос вазирлиги томонидан Наманган вилояти, Норин тумани ҳудудида жойлашган Учтепа-2 археология объектини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш бўйича таклиф Вазирлар Маҳкамасига киритилиши режалаштирилмоқда. Ушбу объект академик Аҳмадали Асқаров томонидан очиб ўрганилган ва бир қатор тадқиқотлар ўтказилган.

Тадқиқотларга кўра, Учтепа-2 ўрнида қадимги Хайлам шаҳри оташпарастлар ибодатхонаси жойлашгани аниқланди. Ибодатхона милодий VII-VIII асрларга қадар мавжуд бўлган. Қазишма ишлари вақтида роҳиб ва роҳибаларга тегишли суяк қолдиқлари, 50 дан ортиқ ўчоқ излари ҳамда сопол идиш синиқлари топилди.

Учтепа-2да ўтказилган археологик тадқиқотлар ибодатхона ёнғин натижасида вайрон бўлганини кўрсатди. Руҳонийларга тегишли экани тахмин қилинаётган жасад қолдиқларида эса ўткир тиғли қурол билан етказилган зарба излари топилди. Ушбу топилмалар ва ёнғин излари ибодатхонада жанг олиб борилганини кўрсатиб турибди.

Ушбу тарихий объект келажак авлода етиб бориши учун бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновасион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Учтепа-2 археология объекти консервасия қилинди.

Туризм ва Маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан Учтепа-2 археология объектининг девор ва том қисмларини иссиқ ва совуқдан сақлаш учун изолясия ишлари амалга оширилиши ва объектда доимий бир хил ҳароратни сақлаш мақсадида совутиш ва иситиш ускунаси ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?