Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати Наманган вилояти туманларида оммавий қабул ўтказди.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг биринчи чорагида Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жами 2540 та мурожаат келиб тушган. Асосан, ер участкаси ажратиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти, коммунал соҳа, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ ушбу мурожаатларнинг 1149 таси жойида ҳал этилган бўлса, республика миқёсидаги идоралар ҳамда ташкилотларга тегишли ва ечими катта маблағ ҳамда вақт талаб қиладиган 439 та муаммо бўйича жараён давом этмоқда. 907 нафар мурожаатчига эса тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мазкур йўналишдаги ишлар бир қарашда меъёрига солингандек кўринса-да, наманганликлар томонидан пойтахтга, хусусан, давлатимиз раҳбари Виртуал қабулхонасига қилинаётган мурожаатлар камайгани йўқ.
Шу йилнинг 18-19 апрель кунлари ўтказилган оммавий қабуллар чоғида вилоят фуқароларидан Виртуал қабулхонага йўлланган қатор мурожаатлар тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддилари иштирокида батафсил кўриб чиқилди. Жумладан, Чуст шаҳрида ташкил этилган оммавий қабулда Чуст, Поп ва Мингбулоқ туманлари фуқаролари томонидан қўйилган масалалар ечимига жавоб изланди.
— Ҳуқуқингни била туриб бузишса, одамга алам қилар экан, — дейди Мингбулоқ туманининг Бирлашган маҳалласида яшовчи Шодия Қодирова. — Икки ярим йилдан буён туман маданият бўлимида ишлаб келаман. Собиқ бошлиғим охирги пайтларда баъзи ҳамкасбларимнинг нотўғри гапларига асосланиб, мени ноҳақ ишдан бўшатди. Маҳаллий -идоралардан нажот топмагач, Виртуал қабулхонага ёзишимга тўғри келди. Мана, бугунги -оммавий қабулда мени қийнаб келаётган масалага нуқта қўйилди. Ишимга қайтадиган бўлдим.
Поплик Гулмира Усмонова ҳам аслида ечими унча мураккаб бўлмаган масалада турли идораларга бош суқиб келаётганлардан. Гап шундаки, турмуш ўртоғи билан ажрашган бу аёл ёлғиз фарзандининг таъминоти учун ажратилган алиментни ололмасдан, сарсон бўлаётган экан. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати вакиллари аралашуви билан Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари Г. Усмонова фойдасига 10 миллион 491 минг сўм алимент пулини тезкорлик билан ундириб берди. Умуман олганда, Чустда ўтказилган оммавий қабулда -иштирок этган 123 нафар фуқаро томонидан кўтарилган муаммоларнинг 68 таси жойида қаноатлантирилди, 36 кишига ҳуқуқий тушунча берилди, 19 нафар мурожаатчининг аризаси эса ўрганиш учун қабул қилинди.
Тошбулоқ шаҳарчасида ташкил этилган оммавий қабулга Наманган шаҳри, Наманган ҳамда Тўрақўрғон туманларидан 157 киши ташриф буюрди. Улар томонидан киритилган меҳнат ва бандлик, ҳуқуқ идоралари фаолияти, соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал ҳамда уй-жой соҳаси билан боғлиқ масалаларга мутасаддилар томонидан ечим изланди. Таҳлиллар одамлар кўпроқ тураржой, хусусан, ер участкаси, кўп қаватли уйлардан хонадон олиш масаласида қийинчиликка дуч келаётганини кўрсатди. Бу масала, айниқса, Наманган шаҳрида ўткирлигича қолмоқда. Мисол учун, шаҳарнинг Обиҳаёт кўчасида яшаб келган тўрт аёл — Раъно Абдуллаева, Сожида Сатторова, Замира Сайдуллаева ҳамда Муҳаббат Умарова янги қурилишлар ҳисобига бузилган уй-жойлари учун адолатли ҳақ тўланмаётганидан шикоят қилишди. Устига-устак, янги уй қуриш учун ажратилган жойнинг узоқдалиги, ерининг захлиги уларни ташвишга солмоқда. Шаҳар ҳокими Ш. Абдураззоқов масалани пухта ўрганиб чиқиб, адолат жойида қарор топишини таъминлашни ўз зиммасига олди. Тўрақўрғонда эса Қаноат Турсунова янги қурилган тураржой биносидан олган хонадонига кўчиб кира олмай сарсон. Қурувчилар бу ерда ишни чала ташлаб кетишган экан. Муаммони туман прокурори ўз назоратига олди ва фуқаро тез кунлар ичида янги уйига кўчиб кирадиган бўлди.
Мурожаатлар орасида маҳаллий мутасаддилар бир оз жон куйдирса, жойида ечимини топиши мумкин бўлган масалалар ҳам анчагина. Масалан, мингбулоқлик Шаҳноза Мансурова муқаддам судланган ва жазони ўтаб қайтган турмуш ўртоғи О. Қовиновнинг ҳужжатлари ҳудуд профилактика инспектори томонидан бесабаб олиб кетилганлиги, бундан ташвишга тушганлигини айтади. Уни қабул қилган Ички ишлар вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Х. Махсумов масалага дарҳол ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, О. Қовинов маъмурий назоратдан чиқарилган экан. Агар қонунни бузмаса, уни ҳеч ким безовта қилмаслиги тушунтирилди. Наманган шаҳрилик Мамасоли Асқаровнинг онаси Фарида Алимбаевани депортация қилмаслик борасидаги мурожаати ҳам қисқа фурсатда ҳал этиб берилди. Чунки яшаш жойи Қирғизистонда бўлган аёл Наманганда вақтинча рўйхатга қўйилган экан.
Оммавий қабул одамларимизнинг сиёсий ва ижтимоий қарашлари ўзгариб бораётгани, чунончи, кўпчилик шахсий муаммолар билан ўралашиб қолмай, жамият манфаатини кўзлаган масалаларни ўртага ташлаётгани, тараққиётга хизмат қилувчи таклиф-мулоҳазаларни кўтариб чиқаётганини кўрсатмоқда. Тўрақўрғонлик Ҳожиназар Ҳодиназаров ўзи яратган “Боғбон” трайлерли занжирли минитрактори учун патент олишни мақсад қилган. Унинг изланиши тўлиқ қўллаб-қувватланди ҳамда ихтиросини нуфузли кўргазмаларда намойиш этиш имконияти яратиб берилди. Муаллифлик гувоҳномасига ҳам эга бўлди. Наманган туманининг Миришкор маҳалласида истиқомат қилаётган Моҳидил Дарвишева эса ногирон бўлган онаси ва укасининг даволаниши учун амалий ёрдам кўрсатилганидан мамнун. Камхарж оиланинг уй-жойи ҳам таъмирлаб бериладиган бўлди.
Айтиш жоизки, яқинда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллашишига хизмат қилади, десак, муболаға бўлмайди. Ватан равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигига дахлдорлик ҳисси ортиб, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга ҳушёр муносабат туйғуси оммавий қабул жараёнидаги суҳбатларда ҳам яққол сезилиб турди. Шундай бўлиши табиий. Зеро, энди бефарқлик ўрнини жонкуярлик, фидойилик эгалламас экан, юксак марраларни кўзлаган мақсадимиз ижобати орқага сурилаверади.
Янгиқўрғондаги қабулга келган Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманлари, Учқўрғонга ташриф буюрган Норин, Уйчи, Учқўрғон туманлари фуқаролари ҳам тадбир ниҳоятда самарали ўтганидан қониқиш ҳосил қилдилар.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг