Мораторий талабини бузгани учун 10 миллион сўм жарима тўлади

11:38 02 Октябр 2024 Жамият
161 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисида»ги Фармони 1-бандига кўра Наманган вилоятидан оқиб ўтувчи Норин дарёси ва Сирдарё ўзанларидан норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Вилоят прокуратураси ҳамда Экология бошқармаси томонидан айни вазифа ижроси юзасидан кенг кўламда тарғибот ва ташвиқот ишлари йўлга қўйилган. Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ноқонуний равишда дарё ўзанидан қум-шағалларни қазиб олиш ҳолатлари учрамоқда. Масалан, Сирдарёнинг Наманган тумани Тўсар қишлоғидан оқиб ўтувчи қисмида фуқаро Ғ.Р. ўз экскаватори билан машиналарга шағал юклаётган пайтда назоратчилар қўлига тушди. У ўзининг бу хатти-ҳаракати билан МЖтКнинг 70-1-моддасида белгиланган дарёлар ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузган. Ҳолат бўйича фуқарога юқоридаги модданинг биринчи қисми билан баённома расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблашнинг 30 баробари миқдорида, яъни, 10.200.000 сўм жарима тайинланди.

– Ўрнатилган мораторий талаблари бажарилиши юзасидан ўтказилаётган мониторинглар чоғида 17 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланиб, айбдорларга нисбатан 156,4 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди, – дейди Наманган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Бунёдбек Аҳмадалиев. – Бундан ташқари, 4 та ўзан тозалаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилди.

Хўш, дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олиш таъқиқланган бўлса, қурилиш учун сув ва ҳаводек зарур норуда материаллар қаердан олинади?

– Бу масала ечими устида иш олиб борилмоқда, – давом этади Б. Аҳмадалиев. – Геология ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тоғ ва тоғолди ҳудудларида муқобил норуда фойдали қазилма конлари ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, Наманган вилоятининг Чортоқ, Янгиқўрғон ва Тўрақўрғон туманларида ер танлаш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Яқин вақтда дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган норуда материалларни қайта ишлаш корхоналарини тоғ ва тоғолди ҳудудларига ёки ушбу ҳудудларнинг яқинида жойлашган кичик саноат зоналарига кўчирилади.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябр кунги «Норуда материалларни қазиб олишга мораторий жорий этилган сув ҳавзалари ҳудудларининг чегараларини белгилаш тўғрисида»ги қарори билан Норин ва Сирдарё сув ҳавзалари ҳудудлари чегараси белгиланди. Мазкур ҳужжатга кўра, Норин дарёсининг Учқўрғон туманидаги гидроузелдан, Сирдарёга қуйилишгача бўлган қисми, Сирдарё дарёсининг икки дарё қўшилишидан ҳосил бўлган қисмидан Поп туманидан Тожикистон Республикасига ўтиш қисмигача чегаралари кўрсатилган. Демак, дарёларнинг эгаси бор. Унга дахл кўрсатиш билан боғлиқ ҳар қандай уриниш қонуний баҳосини олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?