Молиявий ислоҳотлар изчил ва давомий бўлиши керак

07:55 09 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
899 0

Исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади.

БМТ ўтказган сўровнома натижаларига кўра, барча респондентларнинг 20 фоизи банк кредитларидан фойдаланмаслигининг асосий сабаблари қилиб диний қарашлар, кредитлар бўйича юқори фоиз даражаси ва кредитлаштиришнинг мураккаблиги кўрсатилган бўлиб, агар мамлакатда ислом молия муассасалари ташкил этилса, ушбу муассаса хизматларидан фойдаланишлари мумкинлиги айтилган.

Демак, бизда ушбу йўналишда талаб бор. Талаб бўлган жойда бозор тамойилларига асосан таклиф ҳам бўлиши керак. Шу сабабли, Президентимиз 2020 йилда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келганлигини таъкидлаб ўтган эди. Бу эса, юртимизда ислом молиявий хизматларини кўрсатиш учун ҳуқуқий асос яратилишини тақозо этади.

Шундан келиб чиқиб, Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияларида депутатлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Лойиҳада нобанк кредит ташкилотлари томонидан исломий молиялаштириш тамойилларини қўллаш имконияти кўзда тутилган. Нима учун ушбу тамойиллар банклар учун эмас, нобанк кредит ташкилотлари учун татбиқ этилмоқда деган савол туғилиши ҳам табиий.

Биринчидан, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қандай қонун халқчил ва тўғридан-тўғри ишлайдиган бўлиши керак. Ушбу талабдан келиб чиқсак, исломий молиялаш тамойилларини микромолиялаш ташкилотларидан бошлаб синовдан ўтказиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Сабаби, қўшни мамлакатларда (Қозоғистон, Қирғизистон) тегишли қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар ёки алоҳида қонун (Тожикистон) исломий молиялаш ривожига дадил туртки бўлди деб айта олмаймиз. Кейинчалик хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда Исломий молиялаш асосларини қонунчиликка имплементация қилиш учун алоҳида қонун ёки мавжуд қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш имконияти сақлаб қолинади.

Иккинчидан, исломий банк фаолияти тўғрисида қонун қабул қилинса, улар фаолият кўрсатиши учун ушбу банкда ишлайдиган мутахассислар бўлиши лозим. Бугунги кунда юртимизда бундай мутахассислар бармоқ билан санарли. Бунда нафақат аҳолининг молиявий саводхонлиги, балки банк мутахассисларининг билим ва малакасини ҳам ошириш лозим. Барча мутахассисларни хориждан олиб келиб ишлатиш учун банкларда маблағ бўлмаслиги ёки бу фаолият ўзини оқламаслиги мумкин. Бунинг учун Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириб, уларнинг экспертларини жалб қилиш керак бўлади. Ушбу экспертлар миллий қонунчилигимизни ўрганган ҳолда бизнинг мутахассислар билан бирга ислом молиялаш асосларини қонунчиликка татбиқ этиш ва мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини малака ошириш курсларини ташкил этиш орқали амалга ошириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда олиб борилаётган молиявий ислоҳотлар ҳам бошқа ислоҳотлар каби изчил ва давомий бўлишни тақозо этади. Зеро, ушбу ислоҳотлар замирида аҳолининг турмуш фаровонлиги, молия-банк тизимига бўлган ишонч, юртимиз келажаги ва ютуқлари мужассамланган.

Жаҳонгир АБДУРАСУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?