Молия вазири Давлат бюджети ижроси бўйича ахборот берди 

12:01 22 Ноябрь 2022 Сиёсат
478 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил тўққиз ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т. Ишметов ахборот берди. 

Таъкидлаганидек, жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этди. Натижада январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 5,8 фоизга ўсди, инфляция йил бошидан 8,1 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети даромадлари Давлат мақсадли жамғармаларисиз 147,1 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 105,3 фоизга ёки 7,4 трлн. сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,1 трлн. сўмга ошди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш ҳажми Давлат бюджети умумий харажатларининг 51,0 фоизини, яъни 83,3 трлн. сўмни ташкил этган. Бюджет ташкилотларининг 55,2 трлн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 10,3 трлн. сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиб берилган.

Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 704,9 млрд. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ва мақсадсиз сарфланган. Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички-аудит бошқармаси томонидан хавфларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш ва доимий назорат қилиш ишлари тўғри ташкил этилмаган. Бунинг натижасида бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки ноқонуний сарфлаш ҳолатлари камаймасдан йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шу сабабли халқ вакиллари томонидан вазирлик ва идораларнинг Ички-аудит бошқармасини қайта кўриб чиқиш, ходимларини ўқитиш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил 9 ой якуни ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?