Молдова МДҲдан чиқиш жараёнини бошлади
Молдова ҳукумати республиканинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)даги аъзолигига оид учта асосий келишувни денонсация қилиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда 19 январь, душанба куни мамлакат ташқи ишлар вазири ва вице-премьер Михай Попшой “Radio Moldova” эфирида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, мазкур қадам Молдованинг МДҲдан юридик жиҳатдан чиқишини англатади, де-факто эса аъзолик аллақачон маълум вақт аввал тўхтатилган.
Молдова ҳукумати МДҲга аъзоликнинг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи қуйидаги ҳужжатларни бекор қилишни режалаштирмоқда: 1993 йил 22 январда Минск шаҳрида имзоланган МДҲ Низоми, 1991 йил 8 декабрда тузилган МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги келишув ҳамда ушбу келишувга 1991 йил 22 декабрда қабул қилинган илова. Попшойнинг сўзларига кўра, денонсация жараёни аллақачон бошланган ва тегишли ҳужжатлар парламентнинг янги сессияси аввалида кўриб чиқилади.
«Эҳтимол, февраль ойи ўрталаригача ҳукуматдаги барча тартиб-таомилларни якунлаймиз, шундан сўнг қарор парламент томонидан қабул қилинади», деб вазир сўзларини келтиради «Moldpress» давлат ахборот агентлиги.
Михай Попшой МДҲга аъзолик бўйича келишувларни бекор қилишни «мамлакатнинг Европа йўналишини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам» деб баҳолади. Шу билан бирга, у Молдова МДҲ доирасида жами 283 та келишув имзолаганини, улардан 71 таси аллақачон денонсация қилингани, яна тахминан 60 таси эса ҳозирда денонсация жараёнида эканини маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, Кишинёв иқтисодий фойда келтирадиган ёки фуқаролар учун амалий аҳамиятга эга бўлган битимлардан, улар мамлакатнинг Европа сиёсатига зид келмаган тақдирда, воз кечиш ниятида эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- Бугун Эронга жуда қаттиқ зарба берилиши мумкин – Трамп
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг