Мол-мулкка тақиқ қўйилганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади

09:44 24 Август 2022 Жамият
459 0

Фото: Архив сурат

Ҳукумат қарори (468-сон, 22.08.2022 й.) билан Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки ҳатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 октябрдан «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (ҳатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (ҳатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.

Маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:

— жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар – Ички ишлар вазирлиги;

— юридик шахсга оид маълумотлар – Адлия вазирлиги;

— кўчмас мулкка оид маълумотлар – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;

— қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;

— аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар – Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

— кемаларга оид маълумотлар – Транспорт вазирлиги;

— кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

Электрон маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади.

Нотариус электрон маълумотлар банки орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши мумкин.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки ҳатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди.

Мурожаатга асосан электрон маълумотлар банкида мавжуд маълумотлар нотариус ва (ёки) нотариал архив мудири томонидан тўғридан-тўғри ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ёхуд E-notarius.uz ахборот портали орқали тақдим этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер