Мўйноқда «Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали ўтказилди
Фото: Халқ сўзи
Шу йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Оролбўйида, хусусан Мўйноқ тумани ва Нукус шаҳрида бир неча халқаро тадбирлар бўлиб ўтади. Тадбирлар доирасида «Ҳакимота» Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция, «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусида халқаро экофестивал ҳамда «Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали ўтказилиши назарда тутилган эди.
Бугун ушбу тадбирларга мамлакатимиз ва бошқа давлатлардан Оролбўйига ташриф буюрган меҳмонлар Мўйноқ аэропортида тантанали кутиб олинди. Меҳмонлар Мўйноқнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Ҳозир Мўйноқ янада гўзал ва кўркам шаҳарга айланган. Тадбирларни ўтказишга кўрилган тайёргарлик, байрамона безатилган майдонлар ва ҳунармандлар, рассомлар ва ошпазларнинг таомлар кўргазмалари ҳамда санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбир иштирокчилари, меҳмонлар ва мўйноқликларга ҳам ўзгача шодлик байрамона кайфият улашмоқда.
Албатта, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида тайёрланадиган хос таомлари бўлади. «Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали ўтказилаётган майдонда Қорақалпоғистоннинг ўзига хос таомларини кўриш ҳамда ошпазлардан уларни тайёрлаш жараёни ҳақида маълумот олиш мумкин. «Бес бармақ», «жугери гуртик», «Ақсаулақ», «Турама», «Маек борек» ва балиқдан тайёрланган «Балиқ қарма», «Илонбалиқдан котлетлар», «Балық сорпа» каби таомлари ўзининг мазаси билан ҳар бир ташриф буюрувчини баҳраманд қилади.
— Ўзим «Қозоқдарё» овулда туғилиб ўсганим учундир хонадонимизда деярли ҳар куни балиқдан таом тайёрланар эди, — дейди мўйноқлик Бийбисара опа Туримбетова. — Болалигимда Орол денгизининг мавжланиб турганларини кўп бор кўрганман. Уйимизга яқин жойдаги сувда қайиқ боғланиб турарди, бобом балиқ овлайдиган тўрларини жойлаб, сузиб кетиши ва қайиқ тўла балиқ билан қайтганларини эслайман. Бизда ниманидир кўпроқ истеъмол қилса, «тиши шундан чиққан» деган ибора бор. Демоқчиманки, Мўноқдаги биз қатори катта авлод вакилларининг тиши балиқдан чиққан.
Шу ўринда балиқ таомлари ичида билишимча фақат Мўйноқ туманида тайёрланадиган котлет ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам. Ушбу таом балиқлар орасида ажралиб турадиган илонбалиқдан тайёрланади. Унда бошқаларга нисбатан майда суяк бўлмаганлиги сабабли гўштли таомларни тайёрлаш жуда қулай. Юмалоқ шаклдаги котлетлар ёғда қовурилади ва пиёз ва кўкатлар билан дастурхонга тортилади.
Мўйноқда фақат ошпазлар эмас, барчамиз балиқдан турли таомлар тайёрлашни биламиз. Мана бугунги тадбирда моҳир ошпазлар билан биргаликда мўйноқлик оддий уй бекалари ҳам балиқдан тайёрлаган таомлари билан фестивалда иштирок қилмоқда. Шу боис мана шундай фестивалнинг айнан Мўйноқда ўтказилиши анъанага айлангани биз мўноқликларни жуда қувонтиради.
Мўйноқни маданият ва ана шундай фестиваллар ўтказиладиган марказга айлантиргани учун аввало Давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.
Азалдан Мўйноқ тумани тарихи Орол денгизи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Ўз вақтида денгиз ва атрофдаги бошқа сув ҳавзаларидан овланган лаққа балиқ, «бекре» (чўртанбалиқ), «сазан» (зоғорабалиқ), «белый амур», «пёстрый» каби турфа хил балиқлардан анъанавий усулларда турли хил таомлар тайёрланиб келган. Бундан ташқари номи чиққан Мўйноқ консерва заводида тайёрланган балиқ консервалари ҳам ўз вақтида дунёнинг бошқа давлатларида яхши танилган.
Тадбир давомида, шунингдек, маҳаллий ошпазларнинг балиқ таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Шундан сўнг ҳудудлардан ташриф буюрган ошпазлар ўртасида балиқдан таомлар тайёрлаш бўйича беллашув бўлиб ўтди.
Гастрономик фестиваль доирасида ўтказилган ошпазлар беллашувида 1-ўринга Беруний тумани ошпазлари муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Қўнғирот туманидаги ва 3-ўринни Амударё туманидаги ошпазлар эгаллади. Тадбир якунида концерт дастури ва бошқа кўнгилочар тадбирлар ва мусобақа ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг