Мирзо Бобур – буюк империя асосчиси

“Бобур – дилбар шахс... Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган”.
Жавоҳарлаъл Неру
Улуғ аждодимиз, буюк давлат арбоби, маҳоратли саркарда, қомусий аллома ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти жуда серқирра ва сермазмундир. Бизга маълум бўлган илмий адабиётларда бу комил инсоннинг буюк саркарда, адолатли давлат бошқарувчиси ва бунёдкор ҳукмдорлик сифатлари деярли ўрганилмаган. «Бобурнома» асари ҳарбий тарихни ўрганишда алоҳида қимматга эга. Унда муаллиф ҳаёти давомида содир бўлган жанглар ва замондош ҳарбий саркардалар фаолияти ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар берадики, улар бошқа манбаларда учрамайди.
Шунингдек, бобурийлар давлат бошқарувининг самарали усулларини ишлаб чиққанлиги, мамлакатда фан ва маданият ривожига ҳомийлик қилиб, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси етарли даражада ёритилмаган. Мовароуннаҳр тарихида ўчмас из қолдирган, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон тарихида туб бурилиш ясаган, бу мамлакатлар халқларининг маданий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида сезиларли ўзгаришларни амалга оширган темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда тарқоқ мамлакатнинг сиёсий бирлигини таъминлаб, бобурийлар салтанатига асос солди ва мамлакат тарихида янги саҳифа очди. Бобуршоҳ ва бобурий шаҳзодаларнинг ҳаёт йўли, уларнинг беқиёс бунёдкорлик ишлари, давлат бошқарувида амалга оширган ислоҳотлари, қолаверса, умуминсоний ғоялари ватандошлари қалбида, албатта, катта қизиқиш уйғотади.
Ҳиндистонда бобурийлар салтанати ўрнатилганига 500 йилга яқин вақт ўтган бўлса ҳам, тарихчилар ва маҳаллий халқ ҳали-ҳануз уларнинг номларини алоҳида эҳтиром билан тилга олади. Ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишга астойдил киришилган бугунги кунда биз олиб бораётган тадқиқот иши, албатта, муҳим аҳамият касб этади. Бобур ҳаётининг аксар қисми ҳарбий ҳолатда, жанглар билан ўтди. Барча ғалаба ва мағлубиятли жанглар келажакда марказлашган давлат барпо қилиш йўлида унга муҳим тажрибалар берди. Замонасининг йирик саркардалари – Исмоил Сафавий, Шайбонийхон, Иброҳим Лўдий, Рана Цанга кабилар билан иттифоқда ёки қарши жанглардан Бобур кўп билимларни ўзлаштириб, кейинги ҳарбий юришларида ундан фойдаланганини «Бобурнома» асари орқали биламиз.
Шарқ ва Ғарб мамлакатларида Бобурийлар сулоласи ҳақида ўнлаб илмий-тарихий ва адабий асарлар яратилган. Бу асарларнинг кўплари бобурий шаҳзодаларнинг замондошлари томонидан яратилган бўлиб, асар муаллифларининг аксарияти ўша давр воқеаларида иштирок этган. Бу асарлар Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин вақт давомида ҳукмронлик қилган бобурийлар сулоласи ҳақида қимматли маълумотлар беради. Бобурийлар сулоласи ўзининг 332 йиллик тарихи давомида салтанатининг қудрати ва адолатли давлат бошқаруви билан дунё аҳлини ҳозиргача ҳайратга солиб келади. Бу маънавий меросни ўрганиш ва уни салтанат асосчиси бўлмиш бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг она ватанида тарғиб ва тавсиф этиш бугунги авлод, яъни биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро улар яратган маънавий мерос, уларнинг умумбашарий қадриятлар хазинасига қўшган улкан ҳиссаси бизнинг ҳам маънавий мулкимиздир.
Темурий шаҳзодалар ҳукмронлик қилган пайтларда халифалик турк султони қўлига ўтди. Маълумки, ўша пайтда темурийлар билан турк султонлари ўртасида кескин ғанимлик муносабатлари мавжуд эди.
Бу ҳақда турк султонларига қарши олиб борилган жанглар гувоҳлик бериши мумкин. Шу боис темурийлар халифани умуман тан олмас ва қўл остидаги мамлакатлар ҳудудида энг юқори мавқеда турадиган ҳукмдор деб ўзларини ҳисоблар эдилар ва, ўз навбатида, ўз номи билан танга пуллар зарб қилишар ва ўз номини хутбага қўшиб ўқитар эдилар. 1517 йилга келиб турк султони тасарруфидаги халифалик барҳам топгандан кейин бобурийлар салтанатида халифалик тушунчаси бутунлай истеъмолдан чиқди.
Дастлаб бобурийлар давлат бошқаруви тизими Соҳибқирон Амир Темур томонидан жорий этилган маъмурий тизим асосида ташкил этилган эди. Амир Темур ҳақида ёзилган «Малфузоти Темурий» асарида айтилишича, Амир Темур саройида бош вазир лавозимида ўтирган Девонбеги қўл остида еттита вазир ишлаган. Улардан вазири мамлакат, вазири сайёр, вазири сипоҳ ва вазири корхона лавозимидаги вазирлар бевосита молиявий масалалар билан шуғулланганлар. Вазири мамлакатга раиятда ҳукм сураётган вазият, вилоятлардан олинадиган йиғим ва солиқлар, умумий даромад ва буромад, ҳамда аҳоли турмуши ва мамлакат тараққиёти билан боғлиқ масалаларни бошқариш вазифаси юклатилган. Вазири сипоҳ навкарларнинг маошлари, уларни рағбатлантириш ва ҳарбий жиҳозлар ҳолати, қўшин таркиби каби масалалар ҳақида амирга маълумот тайёрлар эди. Солиқ ва йиғим манбалари, яъни бож, закот, вафот этганлар мулки, чорвачилик, яйловлар, сув ва ем-хашак тайёрлаш, мамлакат ҳудудига кириб-чиқаётганлар рўйхати, бедарак йўқолганлар масаласи кабилар вазири сайёр зиммасига юклатилган эди. Вазири корхона эса мамлакат ҳудудидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, уларнинг даромади ва буромади ва чорвачилик учун сарфланадиган умумий харажатларни назорат қиларди.
Бобурийлар салтанати маъмуриятида юқорида зикр этилган давлат бошқаруви идораларидан ташқари, яна вазири арз, вазири девон, вазири мушриф каби лавозимлар кўзга ташланади. Бунда айрим ислоҳотлар ўтказилиб, маъмурий бўлим бошлиқлари ишига аниқликлар киритилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Бобурийлар давлатининг маъмурий идора тизими ўз табиатига кўра Соҳибқирон Амир Темур салтанатида мавжуд бўлганидек, ҳарбий ҳокимият бўлиб, мамлакат марказлашган якка ҳукмдорлик тамойили асосида моҳир ва жасур саркарда ва давлат арбоби бўлмиш подшоҳ томонидан бошқариларди. 1507 йилга келиб Бобур мирзо расман «подшоҳ» унвонини олиши заруратини сезди. Чунки қўшни мамлакатлардаги сиёсий вазият шуни тақозо этарди. Бу пайтга келиб у Кобул тахтини арғунлардан тортиб олиб, давлат бошқарувини ўз қўлига олганди. Ҳусайн Бойқаро вафотидан кейин темурийлар сулоласидан кўзга кўринган етакчи – Бобуршоҳ эди. Унинг мўғул тоғалари билан олиб борган сиёсий алоқалари барҳам топган, чунки Шайбонийхон уларни тор-мор этганди.
Бобурийлар давлати сиёсатининг яна бир хусусияти шунда эдики, улар давлатни бошқаришда фуқаро эътиқод қиладиган динларга нисбатан беғаразлик билан холисона сиёсат олиб борарди. Бобуршоҳ ва Ҳумоюншоҳ фаолиятида бирон бир диний жаҳолатпарастлик кўринишлари намоён бўлмади. Бобурий подшоҳлар ўз ҳукмронликлари даврида давлатни бошқариш тизимида муайян ислоҳотлар ўтказиб турган.
Жаҳон тарихидан маълумки, давр ўтиши билан не-не маҳобатли шаҳарлар вайрон бўлиб, ном-нишонсиз йўқолиб кетган. Қанча дарёларнинг суви қуриб, ўз ўзанини ўзгартирган. Аммо, шундай маънавий бойликларимиз борки, улар асрлар ўтса-да, ўз қадрини йўқотмайди. Балки замонлар оша қиммати янада ортиб бораверади. Садаф ичидаги дурдек инсониятни ўзига жалб этаверади. Ана шундай бебаҳо бойликларимиздан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросидир. Унинг асарлари туганмас хазина. Мутолаа этганимиз сайин ундаги теранлик, донишмандлик ва бадиий тароватдан ҳайратга тушамиз. Мирзо Бобур шеърияти чуқур тафаккур уммонидан терилган маъно дурларидир. Унга юзаки қарасак, оддий кундалик ташвишлардан туғилган кечинмалар изҳорига ўхшайди. Аммо, теранроқ назар солсак, ҳар бир асар заминида инсониятнинг умумбашарий қисматига дахлдор хулосалар ўз ифодасини топганини кўрамиз. Сокин оқаётган дарё тубидаги қудратли ғалаённи ҳис этамиз. Мирзо Бобур юксак дидли ижодкор инсон бўлган. У атрофидаги замондошу макондошларининг ҳам юқори маънавиятли бўлишларини истаган. Жўн, юзаки, руҳсиз ҳолатлардан қаноатланмаган. Унинг бу феъли кўп асарларида ўз ифодасини топган. Бобур ҳам ижтимоий, ҳам ижодий фаолиятида ўз куч қудратига қатъий ишонган.
Шоирнинг ватани – она тилидир. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг чин ҳаётини сўзда яшаган шоирлардан. Унинг юрагида Ватан туйғуси она тили билан муштараклик касб этади. Ватан туйғуси, унга муҳаббат инсон кўнглига равшанлик бериб турувчи ноёб мўжизадир. Ундан айро тушган инсон тақдири хазон япроғи қисмати янглиғ фожиадир. Бобурнинг маҳорати шундаки, шу биргина ўхшатиш воситасида бутун бошли бир тақдир тадрижини, кечмишини ифодалашга эришган.
Мирзо Бобур - подшоҳ ўзининг шахсий ташвишларинигина ўйлаши асло номуносиб эканлигини, у ҳар доим халқ дарду ташвиши билан уйғоқ ва ҳамкор бўлиши лозимлигини уқдиради. У подшоҳликни қайдга – кишанга қиёслайди. Шу топиб ишлатилган биргина сўз Бобур айтмоқчи бўлган кўп насиҳатларни, руҳиятнинг ранго-ранг тилсимларини ўзида мужассамлаштиради: “Яна хатларингда ёлғузлук, ёлғузлукким, дебсен, подшоҳлиқда айбдур... Ҳеч қайде подшоҳлиқ қайдича йўқтур. Подшоҳлиқ била ёлғузлук рост келмас”. Бобур Ҳумоюнга давлат ишларини ҳал этишда атрофидаги ишбилармон, тадбирли, донишманд умаро билан кенгашиб иш қилишни маслаҳат беради. Халқнинг орасига яқинроқ кириб бориш, уларнинг дарду ташвишларидан йироқлашмаслик лозимлигини уқтиради. Уларнинг орзу-армонларини англашга, улар билан бир хил ҳаводан нафас олишга чақиради: “... иш кўрган, рай ва тадбирлик беклар била кенгашиб, аларнинг сўзи била амал қилғайсен. Агар менинг ризомни тиларсен, хилватнишинликни ва эл била кам ихтилотликни бартараф қилғил...”.
Бобур “Бобурнома”да маҳоратли саркарда сифатида ҳам гавдаланади. У ёшлигида тажрибасизлиги туфайли йўл қўйган хатоларини кўп эслайди. Улардан муҳим сабоқлар чиқаради. Лашкарни бошқаришда тадбирли, салоҳиятли, ноёб иқтидорли сипоҳигарга айланади. Бу соҳада турли кашфиётлар қилади. Янгиликлар киритади. Жангда устод Алиқули яратган тўп – замбараклардан фойдаланишни йўлга қўяди. Черикни 6 бўлакка бўлиб, ҳар бир полкнинг кечқурунлари қоровуллик қилишини ташкил қилади. Лашкарни содиқлик ва аҳилликда сақлаш мақсадида Қуръонни ушлаб қасамёд қилишни жорий этади. Ҳиндистон муҳорабасида жанг олди чўчиб, ҳайиқиб турган лашкар олдида Бобурнинг мурожаатини ўқиб унинг нақадар таъсирли нутқ сўзловчи нотиқлигининг ҳам гувоҳи бўламиз.
Бобур отаси Умаршайх Мирзо ҳақида фахр билан ёзади: “Умаршайх Мирзо баланд ҳимматлиқ ва улуғ доиялиқ подшоҳ эрди. Ҳамиша мулкгирлик дағдағаси бор эрди...”.
Бобур темурзодалар орасида Ҳусайн Бойқарога катта эҳтиром билан қараган. Унинг ҳақиқий подшоҳга хос фазилатлар эгаси эканини таъкидлайди. Уни “каримуттарафайн эди”, асл подшоҳ эди дея алқайди. Бобур “Бобурнома”да унинг шакл-шамойили, ахлоқ ва атвори ҳақида муфассал маълумот беради: “... Ҳарроф ва хушхулқ киши эди. Хулқи бир нима гузаророқ воқе бўлиб эди, сўзи ҳам хулқидек эди. Баъзи муомалотта шаръни бисёр риоят қилур эди”.
У адолат ва шариатга қаттиқ амал қилган. Бир ўғли бир кишини ўлдиргани учун уни ўзи қозихонага юборгани ҳақида сўзлайди. Бу далил унинг ватанпарварлик, халқпарварлик бурчини оталик бурчидан кўра устун қўя олганини кўрсатади. Бу фазилат унинг асл ва адолатли подшоҳлигини тасдиқлайди. Ҳусайн Бойқаро Хуросонда 40 йилга яқин подшоҳлик қилди. Бобур унинг подшоҳ ва жангчи сифатидаги матонати ва мардоналигини кўрсатувчи далиллар келтиради. Темурбек наслидан ҳеч ким қиличбозликда Ҳусайн Бойқарочалик маҳорат қозонмаганини маълум қилади. Унинг Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар ёзгани, девон тузгани ҳақида сўзлайди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбеклар номини жаҳонга танитган улуғ алломалардан биридир. У ноёб қобилиятга эга саркарда ва подшоҳ, улкан тафаккур қудратига эга тарихчи, олим ва шоир сифатида дунёни ҳайратга солди. У адабиётимизнинг Алишер Навоийдан кейинги энг теран фикрли ва соҳир туйғулар куйчиси эканлиги билан бизга қадрли. Шоир ҳар бир асарининг яратилиш тарихи, қисмати ва кечмиши бор. Моҳиятида эса теран фалсафийлик, донишмандлик мужассам. Турли фан, санъат йўналишларига нуқтаи назари қомусий кўламга эга. Шу сабабли, унинг асарларини ўрганган сари янги маълумотларни кашф этамиз. Ҳаёту яшашни чуқурроқ англаймиз. Орзулар осмонида баландроқ парвозга руҳий мадад оламиз.
Ҳақиқатан ҳам, Бобур шахси инсон матонатига қўйилган жонли ҳайкал. У ҳаётнинг барча машаққатларини чеккан инсон: ўз яқинларининг хиёнати, Ватандан жудолик, жангу жадаллар изтироби, адолатсизликлар заҳмати, мулксизлик ранжу меҳнати. Бундай дарду ғамларни енгиб ўтиш учун инсон Бобурдек комил бўлиши лозим. Уни дунёнинг тор туйғуларидан қутқарган нарса кўнгли кенглик ва руҳий комилликдир. Унинг жасорати, қийноқли ва нафосатли ҳис-туйғулари ўз асарларида муҳрланган. Бу асарларни ўқиган сари адибнинг ибрати, Бобурга мадад берган ёқимли туйғулар бизнинг руҳиятимизда ҳам улғаяётганини ҳис қила бошлаймиз.
Бобур – соҳиби девон шоир. Ўз девонини бир неча нусхада кўчиртиргани, бир нусхасини Самарқандга юбортиргани ҳақида “Бобурнома”да маълумот беради. Асарда айрим шеърларининг ёзилиш тарихини ёритади. Шеъриятидаги самимий, дардли ва соҳир туйғулар тасвири ҳеч бир ўқувчини лоқайд қолдирмайди. Унинг “Бобурнома” асари ўзбек мумтоз адабиётининг шоҳ асарларидан бири. Унинг жаҳон маданияти тарихидаги беқиёс аҳамияти бутун дунёда тан олинган ва эътироф этилган.
Мансур Юнус, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Азиз Тошпўлатов Ички ишлар вазири бўлди
- Элдор Шомуродов «Рома» клубининг февраль ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди
- ИИВ собиқ раҳбари Пўлат Бобожонов янги лавозимга тайинланди
- Навоийда 8-синф ўқувчиси фарзандли бўлди
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- «Тилимизга бефарқ бўлманг!» Атамалар комиссияси 30 та хорижий сўз учун ўзбекча муқобил таклиф қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг