Минглаб оилаларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда

15:58 22 Ноябрь 2024 Жамият
189 0

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси ҳамда қатор вазирлик ва идора вакилларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи энг чекка, ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир ҳудудларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда жойларда қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан фаолиятини давом эттирмоқда.

Ҳозирги кунда Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ ҳамда Юқори Чирчиқ туманларидаги 246 та маҳаллада “хонадонбай” ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ҳамда ўрганишлар натижаси асосида ўтган бир ойдан зиёд давр мобайнида мазкур туманлардаги 348 та шароити оғир бўлган оилага моддий ёрдамлар кўрсатилди, 249 та оиланинг уй-жойлари таъмирланди, юзга яқин оилаларга турли асбоб-ускуналар хариди учун cубсидия ажратилди. Шу билан бирга, 13 мингга яқин ишсиз фуқароларнинг бандлиги, 400 га яқин фуқароларга тадбиркорликни бошлаш ёки кенгайтириш учун 5 млрд. 738 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.

Мисол учун, Бўка тумани Гулистон кўчасида яшовчи Актам Жўраев ишсиз эди. Оилани камбағалликдан чиқариш мақсадида ўз томорқасида иссиқхона ташкил қилиши учун ишчи гуруҳ томонидан моддий кўмак кўрсатилди. Айни пайтда у оила аъзолари билан тўқсонбости экинлар экмоқда.

Юқори Чирчиқ тумани Усмонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Беҳзод Жамолиддиновга рўзғорини ўнглаб олиши учун 30 сотих ер ҳамда хонадонида уч сотих иссиқхона ташкил этиш мақсадида 10 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди, иссиқхона устига ҳомийлик ҳисобдан полиэтилен қоплама ҳам олиб берилди.

Туманнинг Чумчуқжар маҳалласида яшовчи Наргиза Умарқулованинг турмуш ўртоғи кутилмаганда вафот этиши аёлни уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан оғир синовлар гирдобида қолдирди. Бевосита Республика ишчи гуруҳининг моддий кўмаги билан у қийинчиликларни енгиб, рўзғорини яхшилаб олди. Унга тикув машиналари ҳамда керакли матолар олиб берилди. Шу тариқа аёл нафақат ўзини, балки ишсиз қўшни аёлларни ҳам банд қилишни мақсад қилиб хонадонида кичик тикув цехи ташкил этишга киришди. Унга ҳомийлар томонидан қўшимча бино қуриб берилмоқда.

Худди шундай Баҳор маҳалласида яшовчи кўмакка муҳтож оила вакиллари Фотима ва Зиёда Жўраевалар ҳам эътибордан четда қолмади. Зиёдага кредит, субсидия ва ҳомийлик асосида 3 та тикув машинаси олиб берилди. Рўзғорига барака кираётган аёл қўшни аёлларни ҳам ишли қилди. Айни пайтда Фотиманинг хонадони ҳомийлар томонидан таъмирлаб берилмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бўка тумандаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлашга мўлжалланган агрокластер ҳам бир неча йиллардан бери ҳудудда камбағалликни қисқартириш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётир. Хусусан, кластерда 80 дан ортиқ доимий, 150 дан ортиқ мавсумий иш ўрни мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, ҳар бир камбағал ва ишсиз оилага 1 гектардан ер ажратилган бўлиб, уларга экин экиш ва маҳсулотини сотишда маълум фермер хўжаликлари ва агрокластерлар кўмаклашмоқда. Шу жиҳатдан, агрокластер ҳам 35 дан ортиқ хонадонга бепул кўчатлар етказиб берди ва улар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиб, моддий жиҳатдан кўмаклашиб келаётир.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган шароитлар сабаб бугун янгидан-янги ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланмоқда. Натижада ўша ҳудуд ишсиз фуқаролари бандлиги таъминланяпти. Хусусан, Бўка туманининг Бўстон маҳалласида ташкил этилган тикув-трикотаж корхонаси маҳалладаги 60 дан ортиқ камбағал оила хотин-қизларининг бандлигини таъминлади.

Шунингдек, Юқори Чирчиқ тумани Дархон маҳалласида дурадгорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Айман Амриевга замонавий дастгоҳлар харид қилиш ва ишини кенгайтириши учун кредит олишига кўмаклашилди. Эътиборлиси, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиши ортидан энди у даромад солиғидан ҳам озод қилинди. Бундай имкониятлардан руҳланган ҳунарманд қўшимча иш ўринлари ташкил этишни мақсад қилган.

Республика ишчи гуруҳининг жойлардаги фаолияти давом этмоқда.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?