Мингбулоқ барханлари муҳофазага муҳтож
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/“Халқ сўзи”. Ер майдони жиҳатидан Наманган вилоятида иккинчи ўринда турувчи Мингбулоқ тумани ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш орқали ташкил этилган. Ўшанда юз минглаб гектар қўриқ ерларни экинзорга айлантириш борасида авж олган шиддатли ҳаракат натижасида чўллар чекинди, асрлар давомида шаклланган ҳамда ўзига хос флора ва фауна дунёсини бағрига олган қумликлардан унча кўп бўлмаган барханларгина қолди, холос.
Тобора қисқариб бораётган ҳудудни сақлаб қолиш ва уни авлодларга етказиш мақсадида бундан ўттиз уч йил аввал – 1991 йилнинг декабрида Наманган вилоят ҳокимининг бу ерда 1000 гектарлик қум барханларини табиий ёдгорлик сифатида эътироф этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.
Хўш, ноёб ҳудудни табиий ҳолда сақлаш ва турли таҳдидлардан муҳофаза этишга йўналтирилган ушбу ҳужжат ҳамон кучдами, унинг ижросига қандай ёндашилмоқда? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида ястаниб ётган Оққум чўлларида бўлдик.
Асосан туя ўркачсимон барханлар ва турли нотекисликлардан иборат қумликлардаги сувсизликка дош бериб, кўкариб турган буталар, аҳён-аҳёнда инсон қадамини сезиши билан шувоқ ўсимлиги остидан югуриб чиққан калтакесак ёки бошқа митти жониворлар бу ернинг ўзига хос ҳайвонот ва наботот олами мавжудлигидан дарак беради. Улар – қуён, чиябўри, тулки, ёввойи ит, бўз эчкиэмар, думалоқ бошли калтакесак (агама), кўлвор илон, чўл кирписи, тустовуқ ва бошқа турлар, фақатгина ер ости сувлари, ёмғир ва қордан баҳра оладиган юлғун, тўронғил, саксовул, янтоқ сингари пакана ва ярим пакана бутасимон ўсимликлар.
Аксарияти “Қизил китоб”га киритилган. Мавжуд турларни сақлаб қолиш ва улар кўпайишини таъминлаш учун аввало бу ерда муҳофаза ишларини қатъий йўлга қўйиш, хусусан, ҳудудга браконьер овчилар кириши, аҳоли ва фермер хўжаликлари томонидан экинзор яратиш мақсадида қумликларни бузиш ва сув келтириш кўринишидаги хатти-ҳаракатларга мутлақо йўл қўймаслик талаб этилади.
— Бу масалада тарғибот ва назорат тадбирлари амалга оширилаётганига қарамай ҳудуд муҳофазасига акс таъсир кўрсатаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамон учраб тургани кишини ташвишлантиради, — дейди экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Мингбулоқ тумани бўлими бош мутахассиси Азизбек Ортиқов. — Масалан, кейинги бир йилнинг ўзида 15 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларига нисбатан баённомалар расмийлаштириш ва айбдорларга нисбатан қатъий чора кўришга тўғри келди. Мисол учун, фуқаро Қодиржон Сулаймонов белгиланмаган жойда милтиқ билан қуш овлагани учун энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима тўлади. Яна бир ҳуқуқбузар Султонбой Мирвалиев чўл бўз эчкиэмарини тутиб, олиб кетаётганда қўлга тушди. Жониворни чўлга қўйиб юбордик. Табиат кушандаси эса тегишли жазосини олди.
Одамлар ўртасидаги эчкиэмар гўшти айрим касалликларга даво, деган фикр кўпроқ бу жониворни тутиб, сотиш орқали даромад олиш илинжидаги шахсларни қумликларга етаклайди. Қуён, тустовуқ, илонларни овлаш дардидаги браконьерларнинг мақсади ҳам шу. Афсуски, бу ердан ўлжа тутиш учун қилинган ҳар бир уриниш шундоқ ҳам ноёб ҳисобланган турларнинг йўқолишини тезлаштириши билан хавотирли.
— Биз Экология вазирлигидан Ёзёвон ва Мингбулоқ табиат ёдгорликларидан судралиб юрувчиларни тутиш учун рухсатнома олган эдик, — деб ёзади бу ерга экспедиция уюштирган Москва давлат университети Зоология музейи илмий ходими Роман Назаров ижтимоий тармоқдаги чиқишида. — Тутилган калтакесаклар суратга олиниб, сўнг табиатга қўйиб юборилади. Олинган маълумотлар эса Москва давлат университети, АҚШнинг La Sierra университетлари илмий лабораторияларига ўрганиш учун жўнатилади. Уларни келажакда сақлаб қолиш учун қўриқланадиган ҳудудлар ташкил этиш керак. Мавжуд табиат ёдгорликларининг муҳофаза қилиш мақоми жуда заиф. Иложи борича бу ерда ландшафт буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши зарур. Бу келажак учун керак.
Мингбулоқдаги ноёб турларни ўрганиш, асраш ва кўпайтириш масаласида юртимиз олимлари, хусусан, наманганлик тадқиқотчилар ҳам фаол изланиш олиб бораётганлигини таъкидлаш ўринли. Буни биргина Наманган давлат университети ўқитувчиларининг табиат ёдгорлиги билан боғлиқ илмий натижалари тасдиқлайди.
— География фанлари доктори Абуғаффор Назаров, иккинчи босқич докторанти Шахбоз Солижонов ва бошқа бир қатор ҳамкасбларим билан Марказий Фарғона чўлларига антропоген фаолиятнинг таъсири, иқлим ўзгариши шароитида чўллардаги экологик вазият, ландшафт биологик ресурсларининг муҳофазаси мавзусидаги лойиҳаларимиз ниҳоясига етказилди, — дейди доцент Соҳибжон Абдураҳмонов. — Барча хулосалар негизида аждодлардан бизга етиб келган табиий меросни ўз ҳолича сақлаб қолиш учун амалий ишларни қатъий йўлга қўйиш масаласи долзарб вазифа сифатида олдинга сурилади.
Айтиш лозимки, амалда табиат ёдгорлиги ҳисобланган майдонларни деҳқончилик учун ўзлаштириш қонунан тақиқланган. Шунга қарамай баъзи пайтларда бу талаб маҳаллий раҳбарлар томонидан етарлича эътиборга олинмагани кишини таажжубга солади. Масалан, Мингбулоқ тумани ҳокимлигининг 2019 йил 25 январдаги қарори билан “Мингбулоқ бетакрор обод замин” фермер хўжалигига 30 йиллик ижара шартномаси асосида 48 гектар ер балиқчилик кўли учун ажратиб берилган. “Олтинкўл Наманган балиқчилик”, “Бахтиёр саҳро уммони” фермер хўжаликлари ҳам шундай ҳуқуқни берувчи ҳужжатлар билан табиий ҳудудга кириб боришган. Ажабланарлиси, улар ўзларига ажратилган майдонлар четига ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қуришга ҳам улгуришган.
Яна бир тадбиркор Абувоҳид Маликовнинг табиатга, уни асраб-авайлашга оид қонунларга беписанд муносабати ҳаммасидан ошиб тушган экан. “Меҳнатобод олтин балиғи” фермер хўжалигини бошқарган бу шахс туман ҳокимлигининг балиқчилик учун ер ажратиш ҳақидаги қарорини қўлга киритиши билан қум барханларини “ўзлаштириш”га киришади. Ваҳоланки, у кетмон солган майдонда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 20 туп саксовул ва 6 туп юлғун буталари ўсаётган эди. Устига устак “ишбилармон” фермер бу ердан анчагина қумларни қазиб олиб, ташиб кетишнинг ҳам уддасидан чиқади. Лекин ҳар бир ножоиз ишнинг охири бор. Пировардида, унинг ўзбошимчалиги қимматга тушиб, суд ҳукми билан 13 ой озодликдан маҳрум этиш ва табиатга етказган зарари учун 115 миллион сўм миқдоридаги жарима билан жазоланиш кўринишида якун топади.
Ҳозирги мавжуд вазият Мингбулоқ табиат ёдгорлигига муносабатни ўзгартириш долзарблик касб этганини кўрсатади. Бунинг учун халқаро тажрибаларда келиб чиққан ҳолда объектга давлат томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилиши лозим. Тўғри, айни мақомни олиш учун ўша жой қатор критерияларга жавоб бериши керак. Булар: у ер инсон фаолияти аралашмаган ёки кам аралашган нисбатан катта майдонлар бўлиши, унда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ҳайвонот ва ўсимлик турлари, одамлар томонидан ўзгартирилмаган табиий ландшафт мавжудлиги ва бошқалар.
Қўриқланиш таклиф этилаётган массив бу талабларнинг барчасига мос тушади. Бошқа жиҳати, ёдгорликни иҳоталаш, қўриқлаш ишларини йўлга қўйиш учун маълум харажатлар талаб қилинади.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бу масаладаги таклифини тегишли идоралар олдига бир неча бор қўйган. Орада мутахассислар пойтахтдан келиб, объектни ўрганган ҳолда зарур хулосалар билан танишиб кетишди. Энди гап тегишли идора ва вазирликлар томонидан тезроқ амалий ҳаракатларга киришишда қолди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг