Миллий парламентимиз тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда

16:12 30 Июнь 2021 Сиёсат
357 0

Маълумки, 2018 йил 22 майда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг сессиясида 30 июнни «Халқаро парламентаризм куни» сифатида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ана шундан буён бутун дунёда ушбу байрам кенг нишонлаб келинмоқда. Бу сана парламент тизимининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва унинг бутун дунёдаги жамики инсонлар турмушини яхшилашдаги ролини янада ошириш мақсадини ҳам ўзида қамраб олганлигини эслатиш жоиз.

Буни дунё парламентларининг ривожланиш жараёнлари мисолида ҳам кузатиш қийин эмас. Ҳозирги пайтда 190 дан ортиқ давлатлар ўз парламентига эга, уларнинг деярли 80 тасида икки палатали, қолганларида эса бир палатали қонун чиқарувчи органлар фаолият юритади. Бу, албатта, дунё ҳамжамияти учун айни муддаодир. Нега деганда, парламентларнинг асосий вазифаси жамиятдаги турли манфаатларни мамлакат равнақи йўлида бирлаштиришдан иборатдир. Қолаверса, ривожланган мамлакатларда парламент давлат ва жамиятнинг бошқа институтлари билан турли алоқалар тизимини йўлга қўйиш бўйича муҳим коммуникация воситаси вазифасини ўтаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни янада соддароқ изоҳлайдиган бўлсак, у давлат ҳамда халқ ўртасида ўзига хос кўприкдир. Шу сабабли ҳам парламентаризмнинг нечоғли ривожига қараб, демократик тараққиёт, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигига риоя қилиниши ҳамда жамият равнақи даражасини белгиласа бўлади.

Ана шу мезондан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, охирги беш йилда миллий парламентимиз ривожланди, яъни тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда. Буни юртдошларимиз кўриб-билиб турибди. Энг муҳими, биз эришган ютуқлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам тез-тез эътироф этиб келинмоқда.

Ёдингизда бўлса, Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2017 йилдан Сенат фаолиятида кенг кўламли ислоҳотлар бошланган эди. Ўтган йиллар давомида парламентимиз халққа яқинлашди — сенаторлар фақат қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, жойларда аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга киришди.

Сенат ҳузурида махсус комиссия тузилди, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат олиб бориш бўйича ваколатлари кенгайтирилди. Парламент ва ижро ҳокимияти ҳамкорлиги кучайтирилди. Ялпи мажлисларда маҳаллий ҳокимият ҳамда давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб бориш тизими йўлга қўйилди.

Ўтган йилдан бошлаб Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорлиги янгича суръат олди. Бу борада 13 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, маҳаллий Кенгашлар ваколатлари кенгайтирилгани муҳим омил бўлмоқда. Маҳаллий Кенгашларда алоҳида котибиятлар ташкил этилди. Ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини таъминлаш мақсадида доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудлардаги маҳаллий Кенгашларга масъул сифатида бириктирилди. Шунингдек, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун махсус ўқув курслари йўлга қўйилди.

Шу тариқа охирги йилларда давлатимиз қонун чиқарувчи олий органининг ўрни юксалди. Муҳими, унинг фаолиятидаги тизимли янгиланишлар бир зум бўлсада тўхтаб қолгани йўқ. Мамлакатимиз раҳбари ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига катта эътибор қаратиб, улар билан доимий мулоқот қилиб келаётгани бизни янги марраларга илҳомлантирмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар йили Олий Мажлисга йўллаб келинаётган Мурожаатномалар миллий парламентимиз фаолиятини мутлақо янги изга солиб юборди. Ана шу Мурожаатномалар асосида қабул қилинаётган ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид Давлат дастурлари ижроси парламент томонидан назоратга олиниб, бу борадаги муаммолар тегишли идоралар кўмагида ҳал қилинаётгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Такрор бўлсада, айтиш жоиз, мамлакатимиз парламенти бугун мутлақо янгича шароитда фаолият олиб бораётир. Яъни бугун даврнинг ўзи олдимизга қатор янги вазифаларни қўя бошлади. Масалан, аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, уларни мутасадди идоралар томонидан тўлиқ амалга ошириш, шу йўналишдаги ишлар бажарилиши юзасидан парламент назоратини ўрнатиш ана шулар жумласидандир. Бугун Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик органи сифатида ўз олдига қўйилган вазифаларга алоҳида масъулият билан ёндашиб, уларни ўзининг ваколатлари доирасида ҳал этиб келяпти. Жумладан, Сенат қўмиталарининг жойлардаги маҳаллий Кенгашларнинг доимий ишлайдиган комиссиялари ва уларда фаолият юритаётган депутатлар билан биргаликда ишлаш тизими йўлга қўйилди.

Кейинги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги улкан салоҳияти ҳам юзага чиқяпти. Бу борадаги ишлар, аввало, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг билим ҳамда кўникмаси даражасини ошириш учун семинар ва ўқувлар ташкил этишдан бошланди. Бу, маҳаллий Кенгашлар фаоллигини тубдан ошириш, уларнинг ваколатларидан кенг фойдаланиш имконини бераётгани, айниқса, диққатга сазовордир.

Маҳаллий Кенгашларда депутатлар муаммоларни муҳокама этиши учун алоҳида «депутатлар хонаси» ва «сенаторлар хонаси» ташкил этилди, аҳолини қабул қилиши учун барча шароитлар яратилди.

Бундай изчиллик ҳамда ҳамкорлик пандемия даврида ҳам қўл келмоқда. Хусусан, карантин даврида бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида аҳолининг кам таъминланган ҳамда муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жараёнида сенатор ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари янада жипслашди. Улар биргаликда одамлар билан елкама-елка туриб, муҳтожларга ёрдам бермоқда, ажратилган моддий ёрдам ўз эгаларига манзилли етиб бориши, бу борада мамлакатимизда жорий этилган «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилган юртдошларимизга кўрсатилаётган ёрдам устидан қатъий назорат ўрнатилди.

Кузатувларимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, бундай натижалар ўз-ўзидан бўлиб қолавермайди. Аксинча, қаердаки изланиш, интилиш ва рағбат бўлса, ўша жойда тараққиётга эришилади. Гап шундаки, сўнгги уч йилда Ўзбекистон улкан ислоҳотлар палласига қадам қўйди ҳамда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал тус олдики, бу, парламентимиз ривожига ҳам таъсир қилмасдан қолмади. Жамиятдаги ҳар бир янгиланиш парламентаризмнинг ҳам янги имкониятларини очмоқда, десак тўғри бўлади. Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг мустақиллиги таъминланди, парламентимиз ваколатлари кенгайтирилиб, унинг зиммасига юклатилган вазифалар тўлиқ бажарилиши учун шарт-шароит яратилди.

Қонун лойиҳаларини маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилиши ҳисобига ҳудудлар манфаатлари уларда акс эттирилишига эришиляпти. Шу билан бирга, Президент Фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ҳамда «йўл хариталари»нинг бажарилиши юзасидан давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиёти ҳаётга татбиқ этилди. Бу бугун қандай самара бераётганлигини ҳар биримиз кўриб турибмиз.

Шу ўринда айтиш керакки, бизнинг миллий мақсадларимиз БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га уйғун бўлиб, бу борада ҳам улкан ишлар қилинганлигини юртдошларимиз ҳам, хорижликлар ҳам эътироф этмоқда. Бундай илиқ сўзларни яқинда Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган халқаро форум давомида кўп марта эшитдик.

Дарҳақиқат, бугун парламентимиз қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнларида фаол иштирок этиб келяпти. БРМ парламентнинг конституциявий ваколатлари, хусусан, миллий қонунлар қабул қилиш, бюджет ва парламент назорати орқали ҳаётга татбиқ қилиняпти. Парламент аъзолари 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибида кўзда тутилган барча вазифалар ижроси жараёнида масъулият ҳамда шаффофликка катта эътибор қаратмоқда.

Парламентнинг назорат функциясидан самарали фойдаланиш БРМга эришишнинг муҳим омили ҳисобланади. Чунки айнан парламент назорати бу мақсадларга эришиш борасидаги ишлар ҳолатини холисона баҳолаш имконини беради. Шу боис ўтган йили Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Ўзининг қонун ижодкорлиги ҳамда назорат қилувчи ваколатларидан фойдаланган ҳолда, Олий Мажлис палаталари барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фаоллик кўрсатмоқда.

Мазкур комиссиянинг айрим вазифалари хусусида тўхталсак, у ҳақдаги тасаввурларимиз янада кенгаяди. Бу тузилма Мувофиқлаштирувчи кенгашга юкланган вазифаларнинг бажарилиши устидан назорат қилади ва унга бу борада кўмаклашади. Шунингдек, унинг ҳисоботларини ҳар чоракда бир марта эшитиб боради ҳамда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлайди. Бундан ташқари, шу йўналишдаги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторинг қилиб боради, миллий мақсад ва вазифаларга киритилган соҳаларнинг ривожини танқидий таҳлил қилади, барқарор ривожлантириш соҳасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини аниқлайди, бу йўналишдаги илғор хорижий тажрибани ўрганади ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда фаол қатнашади.

Шу билан бирга, Ҳукумат тақдим этадиган йиллик бюджет параметрлари етарли эканлиги ва миллий барқарор ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича режага мослигини кўриб чиқади, зарурат бўлса, кейинги йилга мўлжалланган Давлат бюджети ҳамда Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, БРМ борасидаги ютуқларни кенг ёритиш мақсадида жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлайди.

Ана шу вазифалар асосида бугун Парламент комиссияси томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган йил бу тузилма томонидан республика ҳудудларида миллий барқарор ривожланиш мақсадларидан ҳисобланган — камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, оналар ва болаларни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳолат ўрганиб чиқилганини эслатиш жоиз. Тадқиқотда 37 та миллий вазифа ва 50 дан зиёд кўрсаткичлар қамраб олинган бўлиб, унда 19 та давлат органи раҳбарлари ҳисоботлари эшитилди. БРМнинг миллий мақсадлари асосида Ҳукумат вакилларига Олий Мажлис томонидан 27 та парламент, 388 та сенаторлик ва 338 та депутатлик сўровлари юборилгани ҳам эътиборга молик.

Умуман, миллий парламентимизни БРМ ижросига кенг жалб этиш орқали Парламентлараро Иттифоқ ва БМТ билан алоқаларимиз янада мустаҳкамланади. Кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларимиз ҳамда қўлга киритилаётган натижаларимиз ҳам шундан далолат бериб турибди.

БРМга эришиш йўлида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан унумли фойдаланилаётганини қайд этиб ўтсак адолатдан бўлади. Шу мақсадда улар сенаторлар раҳбарлигида ҳар бир мақсад бўйича қабул қилинган ҳужжатларнинг жойларда бажарилишини ўрганиб бормоқда, юзага келган муаммоларни амалий ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Агар бу муаммоларни маҳаллий ёки ҳудудий даражада ҳал қилиш қийин бўлса, улар Сенатга олиб чиқиляпти. Айнан шу саъй-ҳаракатлар парламентимиз юқори палатасининг обрўси юксалиши ва халқимизнинг унга бўлган ишончи ортиб боришига хизмат қилмоқда, десак айни ҳақиқатдир.

Парламент ва жамоатчилик эшитувлари ҳам миллий парламентимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланиб улгурди. Натижада олдимизга қўйилган вазифаларнинг ҳар бири ижроси юзасидан аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, мавжуд муаммолар ечими юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари асосида Ҳукумат олдига қатор вазифалар қўйиляпти. Бу ўз самарасини беряпти, аниқроқ айтсак, жойларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга бирин-кетин ечим топилмоқда.

Бугун миллий парламентимиз фаолияти давлатимиз ва жамиятимиз учун муҳим бўлган йўналишларда жадал ривожланмоқда. Бу парламент қошидаги турли тузилма ҳамда институтлар фаолияти сезиларли даражада ошиб бораётганида ҳам кузатилади. Бугун улар ишида самара яққол сезиляпти. Улардан бири — Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссияси. Унинг Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлиги натижасида юртимизда болалар меҳнатига ва тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилди, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тобора камайиб боришига эришилмоқда.

Бу борадаги ютуқларимиз дунё бўйича ҳам тан олинаётгани барчамизни мамнун этади. Хусусан, АҚШнинг собиқ Давлат котиби М. Помпеонинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга бағишланган йиллик ҳисоботида келтирилган: «Марказий Осиёнинг баъзи мамлакатлари одамларни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбурлаш бўйича узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракати минтақа давлатлари учун ушбу муаммога қарши курашнинг янги стандартларини намойиш этмоқда», деган эътирофини эслаш ўринлидир. Бу давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳамда шу янгиланишларга камарбаста бўлиб келаётган парламентимизнинг ҳам катта ютуғи ҳисобланади.

Миллий парламентимиз муваффақияти хусусида сўз бораркан, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласини алоҳида тилга олиш керак бўлади. Негаки, охирги бир неча йилда бу йўналишда жуда катта йўлни босиб ўтдик. Аниқроқ айтадиган бўлсак, аёллар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш давлатимиз сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири даражасига кўтарилди. Натижада Олий Мажлис Сенатида гендер комиссияси ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган йили парламентимиз томонидан иккита муҳим ҳужжат, яъни «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида», шунингдек, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди ҳамда 2030 йилга қадар мўлжалланган Гендер тенгликни таъминлаш юзасидан миллий стратегия ишлаб чиқилди.

Шу саъй-ҳаракатларимиз натижасида давлат миқёсида қарорлар қабул қилиш жараёнида аёллар иштироки кучайди, уларни депутат, сенатор, вазир, ҳоким ва элчи каби масъулиятли лавозимларга сайлаш ҳамда тасдиқлаш бугунга келиб оддий ҳолга айланиб бормоқда. Гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилган ишларнинг натижаси сифатида дунё парламентлари орасида Ўзбекистон 45-ўринни эгаллаганини эътироф этиш мумкин.

Бундай муваффақиятлар Олий Мажлиснинг мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ва илгари суришга асосланган ташқи сиёсий фаолиятининг фаол иштирокчисига айланиб бораётгани мисолида ҳам кўзга яққол ташланади. Сўнгги йилларда Олий Мажлис Парламентлараро Иттифоқ, МДҲ Парламент Aссамблеяси, ЕХҲТ Парламентлараро Aссамблеяси каби қатор нуфузли парламентлараро уюшмаларга аъзо бўлиб кирди. Шунингдек, Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясига аъзо бўлиб киришга тайёргарлик кўрилмоқда.

Бу борадаги тасаввурларимизни ойдинлаштириш учун шу йилнинг ўтган даврида кузатилган айрим муҳим воқеаларни яна бир карра ёдга олиб ўтиш кифоя, деб ўйлайман. Масалан, 2021 йил 26 майда видеоконференсалоқа шаклида ўтказилган «Бугунги кунда пандемияни енгиш ва эртанги яхши ҳаётни таъминлаш: парламентлар роли» мавзуидаги Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси 142-сессиясининг очилиш маросимида парламентимиз вакиллари ҳам фаол қатнашди. Бу тадбирнинг нечоғли нуфузга эгалигини унда ПА Раиси Д. Пачеко, Иттифоқ Бош котиби М. Чунгонг, Парламентларнинг аёл аъзолари форуми бюроси раҳбари Р. Ал-Мансурий ва Парламентларнинг ёш аъзолари форуми кенгаши раҳбари С. Ал-Базар ҳамда миллий парламентлар раҳбарлари иштирок этганидан ҳам билиб олиш мумкин.

Конференцияда коронавирус инфекциясига қарши курашиш вазияти, пандемия натижасида юзага келган ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтиш йўллари ҳамда жаҳон мамлакатлари парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари чуқур таҳлил қилинди. Ана шу жараёнларда биз фаол қатнашиб, мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, тадбиркорларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш, коронавирусга қарши аҳолини эмлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборот бердик.

Жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишда парламентнинг роли: ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва қийноқларга қарши курашиш» мавзуидаги парламент форумини ҳам эслаб ўтиш даркор.

Форумда бир қатор муҳим масалалар, шу жумладан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича тизими фаолиятида парламентнинг иштироки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишнинг аҳамияти, Қийноқларга қарши конвенцияга Қўшимча протоколни ратификация қилиш орқали қийноқларни бартараф этиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шу билан бирга, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТ шартномавий органлари билан ҳамкорлик, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши ҳамда миллий превентив механизм салоҳиятини кучайтириш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди.

Кези келганда айтиш керакки, бу каби нуфузли халқаро анжуманлар миллий парламентимиз фаолиятини янада кучайтиришда ўзига хос туртки вазифасини ўтамоқда. Ижобий маънодаги бундай таъсир бошқа давлатлар парламентлари билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик алоқалари жараёнида ҳам кузатилади.

Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати делегациясининг Россияга расмий ташрифи уюштирилди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги парламент делегацияси расмий ташриф билан юртимизга келди.

Ушбу ташрифлар Ўзбекистон, Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга катта аҳамият берилаётганининг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин. Дарҳақиқат, сўнгги 4 йил ичида сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар юқори даражага кўтарилди.

Мамлакатларимиз манфаатларига жавоб берадиган икки томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳалардаги алоқалар суръатига мос ҳолда Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси ҳамда Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро мулоқоти бутунлай янги босқичга кўтарилди. Масалан, томонлар парламент фаолияти тажрибасини ўрганиш учун доимий равишда делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштирмоқда, турли халқаро конференция ва парламент ташкилотлари ишида мунтазам қатнашиб келмоқда.

Ҳамкасбларимизнинг мулоқотлари давомида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш, ихтисослаштирилган қўмиталар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, халқаро парламент тузилмалари (ПИ, ЕХҲТ ПА, МДҲ ПА) ҳамда бошқа қатор халқаро ташкилотлар доирасида умумий ташаббусларни илгари суриш, депутатлар ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик ўрнатиш, ҳуқуқий базани тезликда шакллантириш, пандемия салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, муайян келишувларга эришилди. Бу, албатта, мамлакатлар парламентларининг янада ривожланишида муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз.

Шундай қилиб, охирги йилларда миллий парламентимиз ривожланиш йўлини босиб ўтди, муҳими, бу жараён изчиллик билан давом эттирилмоқда. Натижаларимизни мухтасар айтадиган бўлсак, ислоҳотларнинг жадал суръати, уларнинг қонуний асосини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида ҳудудлар манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишига эришиляпти. Вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарлари Сенат олдида ҳисобот ва ахборотлар тақдим этиши йўлга қўйилиши ҳисобига халқ ҳокимиятчилиги устуворлиги таъминланмоқда. Шу саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш амалиёти йўлга қўйилганини ҳам айтиб ўтиш зарур.

Шуларга мос равишда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим йўлга қўйилди. Табиийки, биз ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор, деган оддий тамойилдан келиб чиқиб, мурожаатларга ижобий ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.

«Халқаро парламентаризм куни» муносабати билан охирги йилларда миллий парламентимиз қўлга киритган ютуқларнинг айримларини ёдга олдик, холос. Аслида бу борада эришган ютуқларимиз салмоғи жуда катта. Шуларга мос равишда олдимизда турган ўта долзарб вазифалар, муаммолар ҳам кўп. Биз ҳозиргидек изчиллик, изланувчанлик ва фаол ҳамкорлик ёрдамида ушбу вазифаларнинг бажарилишини таъминлаймиз, албатта.

Танзила НАРБАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?