Озарбайжонда «Шавкат Мирзиёев феномени» китоби тақдимоти

21:29 18 Декабрь 2024 Сиёсат
318 0

Боку шаҳридаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси, таниқли сиёсатшунос, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” китоблари асосида озарбайжонлик ижодкор-таржимонлар — ёзувчи ва шоир Акиф Бағиров ҳамда адабиётшунос олим Яшар Қосим томонидан тайёрланган “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов хабар қилди.

Тадбирда Озарбайжон парламенти вакиллари, сиёсатчи ва таҳлилчилар, шоир ва ёзувчилар, Ўзбекистон делегацияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тақдимот аввалида қатор озарбайжонлик таниқли сиёсатчи ва зиёлилар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдик. Улар ушбу китоб тақдимотининг Бокуда ўтказилаётгани халқларимизнинг бир-бирига яқинлиги, ўзаро дўстлик ришталари мустаҳкамланиб бораётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлади.

— “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби жуда катта масъулият билан таржима қилинди, бу жараёнда ҳар бир сўз бўйича маслаҳатлашдик, фикр алмашдик, — дейди таржимон Яшар Қосим. — Бизга Қудратилла Рафиқов китобларининг тили ва услуби ёқди. Таржима жараёнида ана шу жиҳатларни сақлаш, озарбайжон тилида чиройли жаранглайдиган сўзларни топиш ва қўллашга ҳаракат қилдик. Мазкур китобни ўқиб, янги Ўзбекистонни янада яқинроқ билиш, унинг бунёдкори — Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ва миллат истиқболи, шони учун амалга ошираётган ишлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу китоб Ўзбекистон раҳбари шахси ва сиёсий фаолиятига бағишлангани, унга киритилган публицистик эсселарда давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, жумладан, иқтисодий ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, ижтимоий соҳани яхшилаш ҳамда Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда эришилаётган ютуқлар ёритилганини алоҳида таъкидлади. Ушбу китоб янги Ўзбекистон бунёдкори ислоҳотларига беэътибор бўлмаган ҳар бир инсонда катта қизиқиш уйғотиши қайд этилди.

Тақдимот якунида “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби таржимонлари Акиф Бағиров ҳамда Яшар Қосимга Ўзбекистон томони вакилларининг совғалари туҳфа этилди. Уларга икки давлат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.

Иштирокчилар Озарбайжон Миллий кутубхонасида ташкил этилган Ўзбекистон бурчагидаги мавжуд адабиётлар билан яқиндан танишди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?