Миграция агентлиги Воронежда ўзбекистонлик усталарнинг қўлга олиниши юзасидан изоҳ берди

16:25 23 Июнь 2024 Жамият
476 0

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ Россиянинг Воронеж шаҳрида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган рейд давомида 45 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум бўлишича, видеода акс этган ҳолат жорий йилнинг 7 июнь куни Воронеж шаҳридаги «Развитие» қурилиш ҳудудида юз берган.

Рейд тадбири ўтказилган ушбу қурилиш ҳудудида 45 нафар Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бўлиб, уларнинг 12 нафари норасмий ишлаган.

Аниқланишича, норасмий ишлаганларнинг 11 нафарига нисбатан патент муддати ўтиб кетгани сабабли жарима шаклида маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, шу куннинг ўзида вақтинча яшаш жойига рухсат берилган. Шунингдек, яна 1 нафар фуқаро ҳеч қандай ҳужжатларсиз ишлагани сабабли ҳозирда мамлакат ҳудудидан депортация қилинмоқда.

«Шу ўринда, Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиздан маҳаллий қонун-қоидаларга риоя қилиш ҳамда миграция қонунчилигини бузмаслик сўралади», деб ёзади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?