«Менга берилган синов шу бўлса керак...»

01:46 17 Декабрь 2021 Жамият
1027 0

Фото: Шавкат Акрамов

Ҳаёт турли синов ва қийинчиликлардан иборат бўлиши табиий. Аммо сабрли, қатъиятли ва умидли инсонларгина барча синовларни енгиб ўтишга қодир. Бунга мисоллар жуда кўп.

Ана шундай қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтган ёшлардан бири — Зуҳра Усмонова, десак, муболаға эмас. Айни пайтда у Самарқанд давлат университети Спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси. Уч юзга яқин санъат асарлари мавжуд, ноёб истеъдод эгаси.

Суҳбатимиз чоғида у ўзининг тақдир йўллари, ҳаётий фаолияти ва ютуқлари, келажакдаги ниятлари хусусида гапириб берди.

— Мен соғлом бўлиб дунёга келганман. Ёшлигимдан сурат чизишга жуда қизиқаман. Ишонасизми, бугун ҳаётимни ранг-тасвирсиз тасаввур қила олмасам керак, — дейди Зуҳра Усмонова. — 14 ёшимгача қўлларим билан чиза олардим…

Албатта, ҳаётда ҳамма учун берилган синовлар бўларкан. Менга берилган синов шу бўлса керак, маълум сабабларга кўра қўлларим ўзимга бўйсунмай қолди. Иложим қанча, пешонамда шу ёзилган экан. Лекин шу билан тушкунликка тушиб, ижод қилишдан тўхтаб қолмадим.

Қайсидир кинода кўриб қолган эдим, номини эслолмайман. Унда жуда бир катта истеъдод эгаси бўлган мусаввир бола ўнг қўлида ажаблантирувчи суратлар чизарди. Лекин бу боланинг иқтидорини кўролмай ўнг қўлини майиб қилишади. Менинг қаҳрамоним бу билан тўхтаб қолмай, бошқа мамлакатда чапақай рассом борлигини эшитиб, унга шогирд туриш учун боради. Ижод сирларини ўрганиб, буюк мусаввир бўлиб етишади…

Фото: Шавкат Акрамов

Шу кинодан таъсирланиб мен ҳам суратларни оёғим билан чизишга қарор қилдим. Тўғри, бошида жуда қийин бўлди, ҳаттоки ич-ичимда йиғлардим. Яқинларим, ота-онамнинг далдаси билан синовларни енгиб ўтдим.

Ижодкорда хоҳиш бўлса бас, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтса бўларкан. Бугунги натижаларга сабрим билан эришдим, дея айта оламан.

2019 йил Самарқанд давлат университети Спорт фаолияти ва санъат факультетига ўқишга кирдим. Бу ердаги мутахассис ўқитувчилар томонидан ҳам назарий, ҳам амалий билимларни эгаллаб келяпман.

Бундан ташқари, бўш вақтларимда китоб мутолаа қилишни, шашка ўйнашни, қолаверса, заковат интеллектуал ўйинларини доимий кузатиб бораман. Ўз олдимга улкан марраларни забт этишни мақсад қилганман. Нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон бўйлаб ўз кўргазмаларимни ҳам намойиш этмоқчиман. Шунингдек, ўз мусаввирлик мактабимни шакллантириб, етук шогирдларни тайёрлаш ниятим ҳам йўқ эмас.

СамДУ ахборот хизмати ходими

Беҳруз Шамсиддинов ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?