«Мен ғолиб» шиори остида оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди

18:38 09 Январь 2022 Спорт
817 0

Жорий йилнинг 9 январь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Мен ғолиб» шиори остида 10 км.га югуриш мусобақаси ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табригини Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Зарина Абдуллаева ўқиб эшиттирди.

Ҳарбий хизматчилар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш йўлида уларни бирлаштириш, югуришни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада таълим муассасалари орасидан 6 та жамоа (ҚК академияси, Жамоатчилик хавфсизлиги университети, ИИВ академияси, ДХХ академияси ҳамда ФВВ академияси) мусобақалашди. Жами 500 нафарга яқин иштирокчини қамраб олган мазкур мусобақада умумий ҳисобда 390 нафар кучишлатар ҳамда таълим муассасаларидан вакиллар қатнашишди.

Югуриш мусобақаси «Халқлар дўстлиги» саройи майдонидан старт олди. Фурқат, Бешёғоч, Ислом Каримов ҳамда АмирТемур шоҳ кўчаси бўйлаб Амир Темур ҳайкали айланма йўлига йўналиш олди. Шунингдек, хронометражнинг назорат нуқтаси шу ердан орқага қараб йўналиш олди.

Ҳар йили бир неча бор ўтказиладиган мазкур югуриш мусобақасида энг маҳоратли атлетлар, ҳарбий хизматчилар саралаб олинди.

Жумладан, қуйидаги номинациялар бўйича иштирокчилар тақдирланди:

Эркаклар ўртасида: 

Шоҳруҳ Давлатов — Абсолют – гендер кўрсаткичлари бўйича ажратилган югуриш иштирокчилари орасида;

Аёллар ўртасида:

Алима Ҳакимова — Абсолют – гендер кўрсаткичлари бўйича ажратилган югуриш иштирокчилари орасида;

Миллий гвардия — Кучишлатар тузилмалар жамоалари ўртасида жамоавий биринчилик;

ИИВ академияси — Кучишлатар тузилмалар таълим муассасалари ўртасида жамоавий биринчилик.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси спорт клубларининг ҳаваскор югурувчилари, скадинавча юриш ва югуриш ҳаваскорлар жамиятлари вакиллари ҳам югуриш мусобақасида иштирок этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?