Меҳнат соҳасидаги аҳамиятга молик масалалар муҳокамаси

19:13 25 Декабрь 2023 Жамият
375 0

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, иш берувчилар вакиллари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари билан бевосита очиқ мулоқот ва жамоатчилик эшитуви шаклида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзуидаги давра суҳбати ўтказилди.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддасига асосан ташкил этилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, Савдо-саноат палатаси, Иш берувчилар конфедерацияси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда касаба уюшмалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан мамлакатимизда барча соҳада инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.

Биргина жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 4 667 та мурожаати кўриб чиқилиб, жами 11 минг 47 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланди ва улар фойдасига 40 млрд. 371 млн. сўмдан зиёд зарар пуллари ундириб берилди.

Шунингдек, тадбирда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланаётгани, қолаверса, меҳнатга муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий диққат марказида экани қайд этилди. Хусусан, иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликни бартараф этиш бўйича касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик мониторинги ўтказиб келинмоқда.

Меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммоларнинг охирги йилларда ўз ечимини топгани давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Масалан, илгари иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, банклардан иш ҳақи учун нақд пул олиш, пластик карточка ва нақд пулдаги истеъмол нархлари орасидаги фарқ, ишларнинг технологик турлари бўйича ва туман коэффициентларини ўрнатиш, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш борасида муаммолар мавжуд бўлиб, ҳал қилинмай келинар эди.

Жамоатчилик эшитуви шаклида ўтказилган давра суҳбатида меҳнат соҳасида келгуси йилда амалга оширилиши кўзда тутилган қатор ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.

Шунингдек, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, бандлик ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилган қулайликлар, ишлаётган ходимларнинг сломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашилди.

Норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш, норасмий- ностандарт тарзда банд бўлган фуқароларни расмий бандликка ўтказиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида қарздорликка йўл қўймаслик чораларини кўриш каби масалаларга эътиборни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, ҳомиладорлик ва туғиш таътили нафақаси тўланиши, шунингдек, меҳнат таътили кунларини ҳамда тўланадиган ҳақни тўғри ҳисоблаш, иш хусусияти смена ёки навбатчилик билан боғлиқ бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга вазирлик ва идоралар вакилларидан аниқ ва батафсил жавоблар олинди.

Келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни давлат органлари ва касаба уюшмаларининг ҳамкорлигида ҳал этиш борасида ташкилий чора-тадбирлар кўрилиши мақсадга мувофиқ эканлиги хусусида келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер