Масофавий тиббиёт имкониятлари
Бугунги кунда рақамлаштириш жараёнлари соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, аҳолига қулайлик яратиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва шаффофликни таъминлашда электрон тиббий хизматларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Андижон вилоятида ҳам электрон тиббий карта тизимини жорий этиш ва шифокорлар билан масофавий мулоқот қилиш имкониятлари босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Бу ўзгаришлар аҳолининг кундалик ҳаётига, беморнинг вақтига, хотиржамлигига ва шифокор билан муносабатига бевосита таъсир қиляпти.
– Ҳозирда вилоятда 24 миллион аҳолининг электрон тиббий картасини киритиш имкониятига эга бўлган ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED) жорий этилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Муфаззалшо Муҳамедов. – Илгари жавонларда йиллаб тўпланиб қолган тиббий карталар энди электрон маълумотлар базасида сақланмоқда. Бу нафақат маълумотларнинг йўқолиб кетишининг олдини олди, балки улардан тезкор ва қулай фойдаланиш имкониятини ҳам яратди. Энди беморлар узоқ масофадан туриб ҳам тиббий маслаҳат олиши, таҳлил натижаларини билиши, шифокор қабулига электрон навбат орқали ёзилиши мумкин. Бу эса, аввало, беморларнинг вақти тежалишига, навбатлар камайишига хизмат қилмоқда.

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар шифокор билан бемор ўртасидаги мулоқотни ҳам анча енгиллаштирди. Илгари касалхонада ётган бемор тиббиёт ходимини чақириш учун унинг хонасига боришига тўғри келарди. Ҳозир эса ётган жойида махсус тугмани босиш орқали ҳамшира ёки шифокорни чақириш мумкин. Чақирув ҳақидаги маълумот тиббиёт ходимининг қўлидаги қурилмага дарҳол етиб боради.
— Авваллари бир киши касал бўлса, ортидан бутун оила сарсон бўларди, — дейди бемор Санобархон Қаҳҳорова. — Ҳозир эса уйда туриб навбат олиш мумкин. Касалхонадаги шароитлар яхши: уч маҳал иссиқ овқат, доимий иссиқ ва совуқ сув мавжуд. Энг муҳими, тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш анча соддалашган. Рақамлаштириш инсон манфаатига хизмат қилаётганини амалда ҳис қиляпмиз.
Бугун Андижон вилоятида беморларни рўйхатга олиш, тиббий карта юритиш, лаборатория ва диагностика натижаларини олиш, шифокорлар ўртасида маълумот алмашиш ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Ортиқча қоғозбозликка чек қўйилди. Натижада шифокорлар асосий вақтини ҳужжат расмийлаштиришга эмас, бемор саломатлигига бағишламоқда. Энг муҳими, бемор қайси тиббиёт муассасасига мурожаат қилишидан қатъий назар, унинг тиббий маълумотлари ягона тизимда акс этади. Бу такрорий текширувлар сонини камайтиради ва даволаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлайди.

Тиббиёт инфратузилмасини мустаҳкамлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўтган йилда вилоятда 130 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу маблағ ҳисобидан шаҳар ва туманлардаги тиббиёт муассасалари реконструкция қилиниб, замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, 1 миллиард сўмлик 1077 дона замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари олиб келинди. Натижада илгари фақат йирик марказларда амалга оширилган юқори технологик, мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида бажариш имконияти яратилди.
Андижон вилоятида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнлари инсон манфаатига хизмат қилиб, соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг