Масофавий электрон декларациялаш тизими вақтни тежашда қўл келмоқда

15:49 23 Январь 2024 Жамият
512 0

“Навоийуран” давлат корхонаси мамлакатимизда уран оксиди ва аммоний перренати ишлаб чиқарувчи ва ўз маҳсулотини 100 фоиз экспорт қилувчи мамлакатимиздаги йирик саноат қувватларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотлар Япония, Ҳиндистон, Канада, Жанубий Корея, Россия ва Австрия давлатларига экспорт қилиниб, корхона ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси сифатида Навоий вилояти божхона бошқармаси ва унинг тасарруфидаги божхона постлари билан доимий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Шу асосда корхона номидан божхона юкларини декларациялаш “Божхона юкларини декларациялаш ва сертификатлаштириш хизмати” мутахассислари томонидан электрон тарзда амалга оширилиб келинмоқда.

— Электрон тарзда тақдим этилган электрон юк декларациялари хавфни бошқариш тизими томонидан автоматик тарзда ёки масофавий электрон декларациялаш пости ходимлари томонидан қисқа муддатларда расмийлаштириб берилмоқда. Ушбу тезкор жараён режалаштирилган экспортнинг ўз вақтида амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга, — дейди “Навоийуран” ДК божхона юкларини декларациялаш ва сертификатлаштириш хизмати бошлиғи Ҳасан Мухтаров. — Жумладан, ўтган 2023 йил давомида жами бўлиб 33 партия уран оксиди ва аммоний перренати тайёр маҳсулотлари экспорт жараёнида божхона расмийлаштирувидан ўтказилди. Экспорт қилинаётган тайёр маҳсулотни қадоқлашда ишлатиладиган ёғоч тахталарни зарарсизлантирилганлиги тўғрисида вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси билан ҳамкорликда 297 та фитосанитар ва мувофиқлик сертификатлар расмийлаштирилди. Натижада корхонамиз уран ишлаб чиқариш бўйича 2023 йил якунига кўра, энг юқори кўрсаткичларни қайд этди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг уран ишлаб чиқаришни 2030 йилга қадар уч баробарга ошириш бўйича қўйилган вазифаларнинг амалдаги ифодаси дейишимиз мумкин.

Корхона томонидан ўтган 2023 йил якунлари билан маҳсулотлар экспорти126 фоизга бажарилди ва 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 133 фоизни ташкил этди. Шунингдек, жорий 2024 йил прогнозига кўра маҳсулотлар экспортини тўлиқ бажариш ва 2023 йилга нисбатан ўсиш суръатини 110 фоизга таъминлаш режалаштирилмоқда. Албатта ушбу кўрсаткичларни бажариш ва корхонанинг халқаро миқёсдаги мавқеининг юксалишида касбий салоҳияти юқори, тезкор ва ҳаракатчан божхона органлари ходимларининг ёрдамлари катта бўлмоқда.

— Бугунги кунда божхона тизимида тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун бир қатор енгилликлар ва қулайликлар яратилган, — дейди Навоий вилоят божхона бошқармаси масофавий электрон декларациялаш божхона пости катта инспектори Лола Халилова. — Бунга божхона тизимида божхона расмийлаштируви ва божхона назорати жараёнлари деярли юз фоиз электронлашганини мисол қилиб, ҳозирги кунда 60 га яқин дастурлар ва 30 га яқин интерактив хизматлардан фойдаланишни келтиришимиз мумкин.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси сертификатлаш миллий тизимининг “Саноат хавфсизлиги” ДМ сертификатлаштириш органи билан ҳамкорликда корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулот учун мувофиқлик сертификатлари расмийлаштириб борилмоқда. Ўтган 2023 йил давомида 28 та божхона юк декларацияси қайта расмийлаштирувдан ўтказилди. Шунингдек, корхона харидлари жараёнида хариди режалаштирилган ҳар бир товарнинг ташқи иқтисодий товар номенклатуралари аниқланиб, хулосалар берилиши йўлга қўйилган.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер