Марказий Осиёда волонтёрлик ҳолатини ўрганиш бўйича минтақавий учрашув ўтказилмоқда

15:37 03 Апрель 2024 Жамият
165 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

БМТ Кўнгиллилар ташкилоти Тошкент шаҳрида Марказий Осиёда волонтёрлик ҳолатини ўрганиш бўйича минтақавий учрашувини ўтказмоқда.

Маълумот учун: Мазкур халқаро доирадаги учрашув БМТ Бош Ассамблеяси 2026 йилни барқарор ривожланиш учун халқаро кўнгиллилар йили деб эълон қилганлиги муносабати билан ташкил этилмоқда.

Минтақавий учрашувда Марказий Осиё давлатларининг (Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасидан) 15 нафар экспертлари ва амалиётчилари, шунингдек, кўнгиллилар ташкилотлари ва илмий доиралар вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.

БМТ Кўнгиллилар ташкилоти барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кўнгиллилар ва кўнгиллилар ҳаракатларининг ҳиссасини таҳлил қилишга қаратилган жаҳон кўнгиллилик ҳисоботини (State of the World’s Volunteerism Report (SWVR) report) тайёрлашга киришган. Мазкур ҳисобот натижалари 2025-йилда эълон қилинади.

БМТ Кўнгиллилар ташкилоти томонидан ҳозирги кунда 5 та Марказий Осиё давлатларининг (Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси) таҳлилий маълумотларни тайёрлаш юзасидан ўрганишлар ва тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Минтақавий учрашув доирасида Марказий Осиё давлатлари бўйича ўтказилган тадқиқотнинг дастлабки босқичи натижалари, шунингдек, ҳукумат ва кўнгиллилар ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

БМТ Кўнгиллилар ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотнинг дастлабки натижаларига кўра Ўзбекистон Республикасида кўнгиллилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида намуна қилиб кўрсатишга лойиқлиги маълум қилинган.

Шу муносабат билан, Марказий Осиёда волонтёрлик ҳолатини ўрганиш бўйича минтақавий учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинган.

Минтақавий учрашувда:

Ўзбекистон Республикасида 2019 йил 2 декабрда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги, 2023 йил 18 августда ушбу қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, соҳадаги ваколатли давлат органи этиб — Ёшлар ишлари агентлиги белгиланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 11 апрелдаги 169-сон қарори қабул қилинганлиги ва қарорга мувофиқ вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан бугунги кунда волонтёрлик гуруҳлари билан қилинаётган ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинади.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши волонтёрлик лойиҳаларини амалга ошириш учун волонтёрлик гуруҳлари ва волонтёрлик ташкилотларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда грант маблағлари ажратилганлиги ҳамда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ташкил этилиб, бугунги кунда 104 минг нафар ёшни қамраб олган 210 та волонтёрлик гуруҳлари доимий фаолият кўрсатаётганлиги юзасидан тақдимотлар ўтказилади.

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер