Марказий Осиё ва Россия муносабатлари тарихи ва бугуни экспертлар нигоҳида

16:19 21 Сентябр 2021 Жамият
331 0

Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси шу йилнинг 13-17 сентябрь кунлари Россия Федерациясида (Москва ва Қозон шаҳарларида) «Евроосиёда тарихини илмий тадқиқ этишнинг долзарб масалалари» Евроосиё диққат марказида: Марказий Осиё ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатларнинг тарихи ва бугунги куни» мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этди.

Анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Россия ва Германиянинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ва таҳлил марказларидан тарих, манбашунослик, этнология ва социология соҳасидаги етакчи мутахассислар ва экспертлар иштирок этди. Конференцияда минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ривожланиши, кенг кўламли ташқи ва ички муаммолари юзасидан муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Марказий Осиё ва Афғонистон қўшничилиги муаммолари, чегара хавфсизлиги ва минтақада тинч-тотув яшаш бўйича долзарб масалалар чуқур таҳлил қилинди. 

Етакчи экспертлар: Москва давлат халқаро муносабатлар институти профессори И.Сафранчук, Германиянинг Шарқий Европа ва халқаро алоқаларни ўрганиш марказининг илмий ходими, доктор Беата Эшмент, Марказий Осиё халқаро институти  эксперти Равшан Назаров, тожикистонлик сиёсий шарҳловчи, журналист Шариф Ҳамдампурлар Афғонистондаги ички  вазият ва унинг минтақавий сиёсати, зиддиятнинг этнополитик жиҳатлари, Марказий Осиёдаги афғон сиёсий аспекти юзасидан Евроосиёдаги геосиёсий вазият тўғрисида батафсил маълумот берилди. 

Анжуман доирасида Россия ва Марказий Осиёдаги тарихий тадқиқотларнинг долзарб масалаларига бағишланган қисмида Марказий Осиё халқаро институтининг Тарихий-маданий меросни ўрганиш ва гуманитар тадқиқотлар бўлим бошлиғи тарих фанлари номзоди А.Сабиров «Оғзаки тарих (oral history). Марказий Осиё тажрибаси» ва бўлимнинг бош илмий ходими тарих фанлари номзоди P. Абдуллаев «20 аср бошларида Марказий Осиёдаги миллий сиёсий ташкилотлар» мавзусида маъруза қилишди.

МОХИ мутахассислари архив ва бошқа ноёб тарихий  ҳужжатлардан фойдаланиб, ХХ аср бошларида Марказий Осиёда кўп партияли тизимнинг шаклланиши билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнларга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, улар ижтимоий-сиёсий тарихни ўрганиш жараёнида фанлараро тадқиқот усуллари асосида янги ёндашувларни, жумладан, оғзаки тарих сифатида янги методологик йўналишини таклиф қилишди.

Марказий Осиё халқаро институти ва Конрад Aденауэр халқаро жамғармаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага асосан, конференция доирасида МОХИ тақдимоти ўтказилди.

Унда МОХИ экспертлари томонидан бир қатор хорижий таҳлил марказлари билан ҳамкорлик бўйича самарали музокаралар олиб борилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?