Маънавиятимиз кўрки

16:55 21 Октябр 2025 Жамият
252 0

Ҳар бир халқнинг фақат ўзига хос қадриятлари мавжуд. Бугун дунё аҳолиси сони 8 миллиарддан ортиқ бўлиб, 7 мингга яқин тилда гаплашади. Бу тилларнинг бор-йўғи 100 га яқини давлат тили мақомига эга. Улар орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги ҳар биримизга фахр ва ифтихор бағишлайди. Халқ оғзаки ижодида тилимизнинг бутун оҳанрабоси, таровати намоён бўлади. Ўз-ўзидан аёнки, асрлар оша мардонавор курашларда ғолиб бўлиб келаётган тилимиз албатта, ёзувларда акс этади. Шу боис ёзувларимизнинг хусусан, жамоат жойларидаги, кўчалардаги ташқи ёзувларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига мослигини ўрганиш ва таъминлаш жуда долзарб масала. Афсуски, кўчага чиқсангиз савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, тадбиркорлик субъектларининг аксарияти хорижий тиллардан олинган атамалар билан номланган. Баъзи пешлавҳалар, реклама ёзувлари имло хатолари билан битилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли темирйўл вокзали, темирйўл станцияси ва темирйўл разъезди номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ушбу қарор билан мамлакатимиздаги 320 та вокзал, станция ва разъезд номлари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилади. Бу орқали темир йўл инфратузилмасидаги барча ёзув ва белгилар давлат тили қоидаларига тўлиқ мослаштирилади. Бу хайрли ишни нафақат темирйўл тизимида, барча соҳаларда жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

Бугунги глобаллашув жараёнида тилимизга турли хорижий сўзларнинг шиддат билан кириб келаётгани ҳам ҳақиқат. Ана шундай шароитда, ахборот технологиялари тараққиёти даврида тилнинг софлигини сақлаб қолиш, уни миллий бойлик сифатида асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш жуда муҳим. Бу эзгу мақсад нафақат тилшунос олимлар, соҳа мутахассислари балки ҳар бир миллатдошимиздан она тилини жондан севиш, уни барча доираларда мулоқот воситасига айлантиришни тақозо этади.

Хоразмда барча турдаги объектлар номларининг базаси яратилди. Махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ташқи ёзувларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги ўрганилди. “Давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада кўча ва хиёбонлардаги юзлаб ажнабий атамалар ўзимизнинг чиройли, ўзбекона сўзлар билан алмаштирилди. Шаҳарда матбаачилик фаолияти билан шуғулланувчи корхона раҳбарларига реклама ва баннерларни чоп этишда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий риоя қилиниши бўйича тавсиялар берилди.

Университетимизда она тилимизнинг қадрини янада улуғлаш, унинг софлигини сақлаш, чуқур ўрганишга қаратилган турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбек тилини миллатимизнинг ҳақиқий бойлиги сифатида улуғлаш ва келажак авлодларга етказиш ҳар бир юртдошимизнинг Ватанга садоқати рамзига айланган.

Наргиза Жумабоева,

Урганч давлат университети таянч докторанти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?