Маънавият ва маърифат маркази тилга кирди: Бобур ҳақида фильм суратга олинаётгани ҳақиқатдан йироқлиги маълум қилинди
Ижтимоий тармоқларда ҳиндлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида фильм олаётгани ва номи «Буюк мўғул императори Бобур» экани айтилаётган хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Бобур билан боғлиқ тарих ҳақида дунё аҳлини чалғитиш каби бу ҳолат мамлакат жамоатчилигини, зиёлиларни ташвишга солиб, кескин муносабатларга сабаб бўлди.
«Шу қатори мени ҳам бу ҳолат қаттиқ ташвишга солди ва тегишли давлат ташкилотлари, элчихоналар билан вазият юзасидан маълумот олиш учун боғландим. Айтиш лозимки, фильм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва бунга ойдинлик ҳам киритилмоқда. Албатта, бу масалага яна аниқлик киритиб, қўшимча хабар берилади.
Кинематография миллий агентлиги билан ҳам суҳбатлашдик. Хабарингиз бор, Ўзбекистонда энг қадимги ўтмишдан то яқин тарихгача бўлган даврни ўз ичига олган «Тирик тарих» лойиҳаси доирасида саркардаларимиз, алломалар ҳақида туркум фильмлар яратилмоқда. Бу лойиҳа ҳам тез орада ўз самарасини бериб, миллий ўзлигимиз билан боғлиқ тарихимиз экранларда гавдаланади», деб ёзади Отабек Ҳасанов.
Марказ раҳбарининг қўшимча қилишича, миллий ғурур, ватанпарварлик шунчаки китоблару, қуруқ сўзларда эмас, халқимиз онгу шуурида яшамоқда, кенг жамоатчилик эса бу каби ҳолатларга асло бефарқ эмас.
«Халқ сўзи» нашри Республика Маънавият ва маърифат марказининг шу каби хабарларга муносабат билдира бошлаганини ижобий баҳолайди. Бу ҳолат ташкилотнинг маълум маънoда «уйғонгани»дан дарак. Шу кунга қадар марказ раҳбарияти ижтимоий тармоқ муҳокамаларига қизиқмаган ва бирор маротаба ўз позициясини билдирмаган эди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг