«Маънавият фестивали» барчани эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради

18:35 19 Май 2022 Маданият
2465 0

Шиддат билан ўзгариб, халқларнинг мустаҳкам ривожланишига раҳна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифат, келажак авлоднинг ахлоқий тарбияси ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода мамлакатимизда қатор соҳалар сингари маънавият ва маърифат соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари қайси касб эгалари билан учрашмасин, қайси йўналиш истиқболига қаратилган видеоселектор йиғилишларини ўтказмасин, доимо инсон маънавияти, келажак авлод тарбияси тўғрисида тўхталиб, маънавият ва маърифат масаласи барчанинг иши эканлигини таъкидламоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигинии ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2021 йил 19 январь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилиши, 2021 йил 26 март кунги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Маънавият фестивали»ни ўтказиш йўлга қўйди.

2021 йил давомида «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғояси асосида Қорақалпоғистон Республикасида 7 та, Фарғона вилоятида 6 та, Тошкент вилоятида 4 та, Сирдарё вилоятида 5 та туман/шаҳарда «Маънавият фестивали» ўтказилди. 

Фестиваль доирасида 4 марта «Мақом кечаси» номли концерт дастурларида 10 минг дан ортиқ аҳоли қамраб олинди. Шунингдек, юртимизда ижтимоий кўмакка муҳтож, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган оила вакилларини «Маърифат тур» лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги диққатга сазовор жойлар, қадамжолар ва зиёратгоҳларга ташрифи амалга оширилди. 

Фарзандлари турли соҳаларда катта ютуқларга эришган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида «Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри!» шиори остида 47 нафар ёш иқтидор эгаларига диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Бундан ташқари, ўндан ортиқ «Ҳунармандчилик кўргазмалари», миллий анъаналаримиз, маънавий меросимизни асраб-авайлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш мақсадида 110 та маҳалла ва овулларда 20 дан ортиқ кино намойиши ўтказилди. Самарқанд шаҳри Регистон майдонида «Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс сари!», Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида «Янги ўзбекистонда Учинчи Ренессансга муносиб пойдевор яратилмоқда» номли республика илмий конференциялари ўтказилди. Ҳудудларда «Маънавият фестивали» доирасида ўтказилган лойиҳалар аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди.

Жорий йил Давлат дастурига кўра, маънавий-маърифий соҳада тайёрланаётган материалларни аҳолига замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда тезкор ва сифатли етказишни таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларининг сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан «Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида «Маънавият фестивали»ни юқори савияда ўтказиш белгиланди.

Шунга асосан, Республика ишчи гуруҳи томонидан барча ҳудудларда ўрганиш ишлари олиб борилди. Фестиваль ўтказишда ҳар бир ҳудуднинг ижтимоий ҳолати, ўзига хос миллий анъана ва қадриятлари ҳисобга олинди. Жойлардаги зиёлилар, олимлар, нуронийлар, турли соҳа мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, «Маънавият фестивали» дастурини ишлаб чиқишда бунга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон тасвирий санъат галериясида «Маънавият фестивали» матбуот анжумани ўтказилди. Унда маънавият фидойилари, зиёлилар, олимлар, санъат арбоблари, кино намоёндалари ҳамда ҳамкор вазирлик ва идоралардан вакиллар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, юртдошларимиз, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, улар орасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, шукроналик, туйғуларини кучайтириш, маҳаллаларда аҳоли кайфиятини кўтариш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида «Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият» шиори остида ўтказиладиган «Маънавият фестивали» доирасида 14 та ҳудудда 18 та ижтимоий лойиҳа доирасида республика бўйлаб тадбирларни амалга ошириш, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бадиий ижод каби соҳа вакилларидан иборат 500 нафар «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларини жалб этиш, бу орқали 3 млнга яқин аҳолини қамраб олиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, «Учинчи Ренессанс – маърифатли жамият сари!» мавзусида конференция, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Маърифат улашиб», «Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан» акциялари, «Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади» шиори остида китоб кўргазмалари, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, «Маърифат соатлари», бой маънавий меросимиз, миллий анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этиш мақсадида «Миллий қадриятлар» ҳафталиги, юртимизда фарзандлари турли соҳаларда катта ютуқларга эришган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида «Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри!» шиори остида республика анжумани ҳам бўлиб ўтади.

Ўзбек мусиқа санъатининг кўп асрлик ижро йўллари, қадимий тарихи, ноёб санъатини кенг тарғиб қилиш, аҳоли кайфиятини кўтаришга қаратилган «Миллий қўшиқлар ва мақом», «Ватан мадҳи», «Бахшилар тараннумида» номли концерт дастурлари, маҳаллаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилавий ажримларни олдини олиш, ёшлар тарбиясига масъулиятсиз қараш, эрта никоҳ каби иллатларга барҳам беришни мақсад қилган «Оила – маънавият қўрғони» номли психологик суҳбатлар, соҳа мутахассислари иштирокида амалий машғулотлари ташкил этилади.

Шу билан бирга, юртимизда имконияти чекланган бўлса-да, фойдали меҳнат билан шуғулланиб, жамиятда муносиб ўрин топган ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак бўлаётган юртдошларимизнинг эришган ютуқларини тарғиб этиш мақсадида «Инсон қадри» шиори остида ижтимоий роликлар тайёрланади ва «Меҳр мурувват ва саховат» тадбирлари, «Зиёлилар форумлари”, жисмонан соғлом авлодни шакллантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида турли спорт йўналишлари бўйича маънавий-маърифий тизимда фаолият юритаётган мутахассислар ўртасида «Маънавият кубоги» спорт мусобақалари ўтказилади.

Шунингдек, фестиваль доирасида «Зиёлилар форуми» ўтказилиши ҳам белгиланган бўлиб, бу орқали жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот ташвиқот ишларини ташкил этишнинг креатив ва инновацион усуллари ҳаётга татбиқ этиш, миллий маънавиятимизни ривожлантириш, жойлардаги тарғиботчиларни жамиятдаги ўрни ва нуфузини, ғоявий- тарғибот ишларни замон талабларига мос равишда амалга оширишга эришиш режалаштирилган.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон қаҳрамонлари иштирокида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» ҳамда «Маънавият. Асосий тушунчалар луғати» китобларининг тақдимоти ҳам ташкил этилади. Айтиш керакки, юрт равнақи учун хизмат қилган, бор куч-имкониятларини Ватан тараққиёти учун сафарбар этган аждодларимиз авлодлар учун ҳамиша катта ибрат бўлиб келган. Шу боисдан ҳам бу каби учрашувлар ёш авлод қалбида илмга ташналик, ҳар бир ислоҳотга дахлдорлик ҳиссини оширишга сабаб бўлиши шубҳасиз.

Йиллар давомида шаклланган халқимизнинг миллий таълим-тарбия услублари, ўзбекона оила моделига асосланиб болаларнинг маънавий дунёсини бойитиш, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишни ўргатишга қаратилган «Зукко Болажон!» номли фотоальбомни ҳудудлардаги Мактабгача таълим ташкилотларида кенг тарғиб этиш ва тақдимотлари ўтказилиб, мактабгача таълим ташкилотлари фотолабомда акс эттирилган суратлар билан безаш ишлари амалга оширилади. Фестиваль доирасида болажонлар учун амалга ошириладиган яна бир лойиҳа бу — «Бахтли болалик шарафига» лойиҳаси. 

Мазкур лойиҳа давомида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг болалари учун концерт дастурлари ҳамда уларни қизиқтирадиган турли кўнгилочар ўйинлар бўлиб ўтади.

Тадбир давомида ўзбек миллий кулолчилик намуналари йўналишида ташкил этилган ҳунармандчилик кўргазмаси иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тадбирни ташкиллаштиришда яқиндан кўмак берган ташкилотларга ташаккурномалар топширилди.

"Халқ сўзи".

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер