Маъмурий ислоҳотлар — натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқарувини яратишнинг асоси

19:18 25 Январь 2023 Жамият
275 0

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳада фаол ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг энг муҳими, шубҳасиз, давлат бошқаруви билан боғлиқ маъмурий ислоҳотлар ҳисобланади.

Хўш, маъмурий ислоҳотларнинг аҳамияти нимада?

Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг янги босқичи 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши билан боғлиқ. Унга кўра, давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Кейинчалик қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам бўлди ва моҳиятига кўра, Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани очиб берди. Мазкур концепцияда давлат бошқаруви тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг олтита асосий йўналиши белгилаб берилди.

Концепцияда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, сўзсиз, инновацион ривожланишнинг замонавий тенденциялари ҳамда жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви тизимини модернизация қилишда ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.

Жумладан, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ҳамда уларнинг фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали мазкур органлар тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.

Бироқ маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни тўлиқ ҳал этишга ҳамон эҳтиёж мавжуд эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш мақсадида Президентимизнинг “2022 — 2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Мазкур фармойишга мувофиқ, 2022 — 2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси ва тегишли ишчи гуруҳлар томонидан маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда давлат бошқаруви органларининг фаолияти ўзаро келишилган тарзда, самарали олиб борилишини, сусткашликлар ва масъулиятсизликка йўл қўймаслигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Хусусан, барча республика ижро этувчи ҳокимият органларининг қарийб 5 минг функциялари хатловдан ўтказилиб, 500 га яқин такрорланадиган, ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда амалга ошириш механизмлари билан таъминланмаган функциялар аниқланди.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф этганлигини ушбу соҳадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.

Шунингдек, ушбу муҳим ҳужжатда илгари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” мақсадида олти йил давомида янги вазирлик ва идоралар ташкил қилинганлигини, эндиликда “қўл бошқаруви”дан — аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келганлигини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, давлат бошқарувининг марказлашиб кетиши вазирлик ва идоралар ваколатларининг бир-бирини такрорлаши, агентликларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши, ортиқча бюрократиянинг кучайишига сабаб бўлди.

Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу муаммоларга ўзига хос ҳуқуқий ечим бўлди, дейиш мумкин. Хусусан, мазкур фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сонини 61 тадан 28 тагача, шу жумладан, вазирликлар сонини 25 тадан 21 тагача қисқартириш белгиланди.

Бошқача қилиб айтганда, республика давлат бошқаруви органлари қуйидаги тартибда ислоҳ қилинмоқда: қайта ташкил этиш, вазифа ва функцияларни тегишли вазирлик ва идораларга ўтказган ҳолда тугатиш ҳамда ташкилий бўйсунувни ўзгартириш. Мазкур чора-тадбирлар натижасида 1,5 триллион сўмдан ортиқ бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилади ва штат бирликларини мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади.

Давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларнинг мақбуллаштирилиши коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмаси ислоҳ қилиниб, Бош вазирнинг 4 нафаргача ўринбосарлари лавозими ҳамда Бош вазир котибияти ташкил этилмоқда. Бу, ўз навбатида, замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам маъмурий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди.

Мазкур қарор билан Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида амалга ошириладиган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланди.

Умуман олганда, республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этилаётганлиги маъмурий ислоҳотлар доирасида мамлакатимизда натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилаётганлигини англатади.

Рустамбек САЙИДОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти масъул ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер