Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда

13:44 10 Июль 2024 Сиёсат
145 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди, ушбу соҳадаги бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Айни вақтда бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маъмурий ислоҳотлар доирасида трансформация қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги функциялари ва вазифаларининг алоҳида вазирликларга ўтказилиши, шунингдек Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг қайта ташкил этилиши уларнинг расмий номланишини ва ваколатларини аниқлаштириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишини талаб этмоқда.

Мазкур Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлигининг номланиши ва ваколатлари, шунингдек Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг номланиши аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ҳамда олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ташқи баҳолашнинг янги тизими жорий этилишини, кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни, шунингдек нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида тақсимланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу Қонун олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга, шунингдек давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган таълим хизматларининг сифатини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?