Мамлакатимизда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги бўлиб ўтади

17:01 03 Март 2025 Жамият
142 0

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан жорий йил 3-10 март кунлари мамлакатимизда “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги ўтказилади. Ҳафталик доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар, ислоҳотларнинг амалий натижаларини ўзида мужассам этган медиа-танловлар ва тадбирлар ўтказиш назарда тутилган.

Ҳафталик доирасида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларни “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимлари ташкил этилади.  

Узоқ йиллар вазирлик ва идораларда ишлаб фидойилик, ватанпарварлик, ибрат намунасини кўрсатиб хизмат қилган нуроний онахонлар, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг “Янги Ўзбекистон боғи” ҳамда музейлар, тарихий масканлар, обидалар, зиёратгоҳ ва қадамжолар, театр, концерт, кино, кўнгилочар масканларга имтиёзли асосда ташрифлари бўлиб ўтади.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган турли китоб ва рисолалар тақдимотлари ўтказилади. Бундан ташқари умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Она — оиламиз тимсоли, меҳр булоғи” мавзусида иншолар танлови ўтказиш назарда тутилган.

Ижтимоий тармоқларда ёшлар иштирокида “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони”, “Она – меҳр булоғи”, “Мен онам билан фахрланаман”, “Юрт тараққиётига менинг ҳиссам” мавзуларида флешмоб ва челленжлар ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?