Маманбой отанинг лолалари...

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Қувасой шаҳрининг қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудда жойлашган «Полмон» маҳалла фуқаролар йиғини аҳли томорқадан фойдаланишдаги миришкорлиги ҳамда боғдорчилик соҳасидаги ютуқлари билан танилган.
Айни пайтда 900 га яқин оилада 4500 нафар қирғиз миллатига мансуб ҳамюртларимиз истиқомат қилади. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Достонбек Назиров кўмагида кейинги уч йилда қарийб 100 та оилага 2,5 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шахсий томорқа ер эгаларига 40 та мотокултиватор олиб берилди ҳамда 20 га яқин хонадон томорқасида иссиқхона барпо этилди.
Бу йил маҳалла аҳли фаровонлигини юксалтириш мақсадида 40 та микролойиҳалар ишлаб чиқилиб, боғдорчилик, чорвачилик ва йилқичилик йўналишида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Меҳнат фахрийси Маманбой Макситов энг миришкор оила соҳиби бўлиб, 14 сотих ерда Нидерландия лолалари парваришлаш орқали йилига икки маротаба мўмай даромад олади. Кузда лола гули кўчати, баҳор фаслида эса тайёр гул сотилади. Маманбой отанинг лолалари жуда ҳам харидоргир.
— Ҳозирда лоланинг қизил, сариқ ва пуштисини етиштирамиз, жорий йилдан оқ ранглисини ҳам экишни мақсад қилганмиз, — дейди тажрибали томорқачи. — Шу тарзда гулларимизни вилоят бўйлаб сотиш билан бирга, қўшни Қирғизистонга ҳам экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Олма, нок ва гилос мевалари етиштириш ҳамда асаларичилик оиланинг яна бир даромад манбаи ҳисобланади.
— Беш нафар фарзандим уйли-жойли ва барчасининг ўз даромади бор, — дея суҳбатимизни давом эттиради отахон. — Чолу кампир ушбу юмушларни соғлом ва жисмонан фаол бўлиш мақсадида бажарамиз.
Айтиш жоиз, бугунги кунга қадар Маманбой ота 10 нафарга яқин маҳалладошларига лола етиштириш сир-асрорини ўргатди. Шу тарзда яқин истиқболда Нидерландия лолалари парвариши маҳалланинг асосий драйверларидан бирига айланса, ажаб эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг