Малайзияда «Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази» фотокўргазмаси ташкил этилади

16:08 23 Февраль 2023 Маданият
1124 0

1 март куни Индонезиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги «Малайзия Ислом санъати» музейида «Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази» фотокўргазмаси очилади.

Кўргазмада сўнгги икки минг йил давомида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ривожланган Ислом тарихи, маданияти ва турли тамаддунларга хос осори атиқалар, қадимий ва бой маданий мерос дурдоналарининг суратлари ва маълумотлари намойиш этилади. Шунингдек, Ислом динининг Марказий Осиёда тарқала бошлаганидан то ҳозирги кунга қадар фан, таълим ва архитектура соҳаларига қўшган ҳиссаси ҳам ўз ифодасини топади. Кўргазмали аксарият суратлар Ислом дини ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Насаф ва Термиз каби қадимий шаҳарларнинг муштараклигини визуал тарзда акс эттиради.

Қайд этиш жоизки, кўргазмага ташриф буюрганлар Буюк Ипак йўлидаги ўзаро маданий алоқалар, минг йиллик Мовароуннаҳр диёри, ўзбек халқининг қадимий тарихи ва маданияти, санъати, меъморчилиги, урф-одатлари, турмуш тарзининг барча жабҳалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишади.

Тадбирдан мақсад – Малайзия фуқароларини мамлакатимизнинг маданий ва туризм салоҳияти ҳамда жозибадор маданий мероси билан яқиндан таништириш ҳамда ушбу мамлакатдан ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини янада оширишдир.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳамда мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси томонидан Малайзия Ислом санъати музейи билан ҳамкорликда ташкил этиладиган кўргазма 27 апрелга қадар давом этади.

Маълумот учун, Малайзия Ислом санъати музейи 1998 йилда ташкил этилган. У Жануби-Шарқий Осиёдаги Ислом санъати ва тарихига бағишланган энг катта музей ҳисобланиб, майдони 30 минг кв. метрни ташкил этади. 2022 йилда музейга 120 мингга яқин зиёратчи ташриф буюрган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер