Малайзия маърифати

16:24 07 Февраль 2025 Сиёсат
294 0

Маърифатга, маънавиятга асосланган жамиятлар мислсиз ривожланмоқда, чексиз юксалмоқда, тобора тараққий этмоқда. Президентимизнинг Малайзияга ташрифини диққат билан кузатар эканман, давлатимиз раҳбарига кўрсатилаётган юксак эҳтиром, ишонч, чексиз меҳрни кўриб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Зеро, фақат маърифатли мамлакатдангина бундай самимий муносабатни кутса бўлади.

Ўзбекистон ва Малайзия... Бу икки маърифатли мамлакатнинг якдиллиги, бир-бирини сўзсиз тушуниши, қўллаб-қувватлаши, яқинлашувидан мўъжизалар содир бўлиши муқаррар. Бунга Малайзия томони ҳам, Ўзбекистон ҳам тайёр.

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг “Facebook”даги саҳифасида шундай ёзади:

“Бир неча дақиқа олдин Ўзбекистон Президентининг Малайзияга сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташрифи якунига етди. Дипломатик тажрибам ва матбуот котиби сифатидаги фаолиятимга асосланиб айтишим мумкинки, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги самимий муносабат ва норасмий мулоқот жуда ёрқин таассурот қолдирди.

Ушбу гўзал ва меҳмондўст мамлакат раҳбарияти Президентимиз билан самимий учрашувлар ўтказиш учун қатъий протокол қоидаларидан чекиниб, юксак ҳурмат ва ишонч намойиш этганига гувоҳ бўлдик.

Президентимизни кутиб олишга Малайзия парламенти спикери чиққани, малайзиялик ҳамкасбларимизнинг айтишича, ушбу мамлакат протокол амалиётида илгари кузатилмаган воқеа бўлди. Бундан ташқари, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Президентимиз Шавкат Мирзиёевга бутун кун давомида, барча расмий тадбир ва учрашувларда ҳамроҳлик қилди. Ҳаттоки, мулоқотни давом эттириш учун Ўзбекистон Президентига ажратилган қароргоҳга шахсан ташриф буюрди…

Бундай норасмий ва самимий муносабат икки етакчи ўртасидаги яқин дўстликдан, Ўзбекистон ва Малайзия халқларининг бир-бирига бўлган юксак ҳурмати, икки томонлама муносабатларнинг порлоқ истиқболидан далолат беради”.

Матбуот котибининг ёзганларини ўқиб, юксак мартабага лойиқ кўрилган давлатнинг бир фуқароси сифатида кўнглим фахр-ифтихорга тўлди. Президентга кўрсатилган бундай эътибор замирида Ўзбекистонда юз бераётган, ортга қайтмас ислоҳотлардан хабардорлик, хайрихоҳлик туйғулари мужассамлашган. Бу юксак эҳтиром, нафақат Президент Шавкат Мирзиёевга, балки унинг ортида турган, унга ишонган бутун халқимизга кўрсатилган ҳурмат эканига имоним комил.

Бугун бутун дунё эшиклари янги Ўзбекистон меъмори бўлган Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ.

Президентимизнинг Малайзияга ташрифи кунларида бу мамлакатда тажрибасини ошираётган ёш олимнинг мана бу фикрларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Умида Жўраева, Самарқанд давлат университети докторанти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси:

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга расмий ташрифи арафасида пойтахт Куала-Лумпур кўчаларида Ўзбекистон байроқлари, Президентимизнинг улкан суратлари ўрнатилди. Куала-Лумпурдаги ҳашаматли бинолар Ўзбекистон байроғи рангида жилоланди. Мен бундан жуда фахрландим, қалбим қувончга тўлди. Ҳамкасбларим мени қутлашди. Ўзбекистон Президентига бўлган жуда катта ҳурмат ва самимий муносабатга шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Тўғриси, Ватанимни соғинган эканман. Мана шу кунларда худди Малайзияга Ўзбекистон келгандай бўлди... 2025 йилнинг 17 январидан Малайзиянинг Путра университетида тажриба орттиряпман. Путра университети QS рейтингида 123-ўринда туради. Профессор Ник Моҳд Асри Лонг раҳбарлигида илмий тадқиқот олиб боряпман...

Самарқанд давлат университети Малайзиянинг бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Бу муносабатлар аллақачон амалий натижалар бераётганлигини қуйидаги фикр-мулоҳазалардан ҳам англаса бўлади.

Муҳиддин Мўминов, Самарқанд давлат университети профессори:

Мен QS рейтингида 181-ўринда турувчи Малайзия технология университетида ишлаганман. 2 PhD ва 4 нафар магистрга илмий раҳбарлик қилдим. Профессор-ўқитувчилар алмашинув дастури доирасида 2024 йилда бир ой Теренггану университетида бўлдим ва қўшма илмий семинарлар ўтказдик. МАРА технология университетида тажрибамни оширдим. “UiTM International Conferenсe on Mathematical Scienses” номли халқаро конференцияда асосий маърузачи (Keynot speaker) сифатида иштирок этдим. Бир йилдан бери мазкур университетда ўтказиб келинадиган онлайн халқаро илмий семинарларда қатнашмоқдаман. Айни вақтда технология университети олимлари билан дарслик тайёрлаш ва Теренггану университети профессорлари билан “Sсopus” базасига кирувчи журналларда мақола нашр этиш бўйича изланишлар олиб бормоқдамиз. 2025 йилда Теренггану университети таклифига биноан бир ойлик тажриба оширишни ва талабаларга дарс ўтишни режалаштирганман...

Саҳобиддин Ахатқулов, Самарқанд давлат университетининг Бошқарув назарияси ва ахборот хавфсизлиги кафедраси доценти:

— Мен QS рейтингида 150-ўринда турувчи Малайзия Миллий университетида тадқиқот олиб борганман. Профессор Муҳаммад Салмий Муҳаммад Нуроний илмий раҳбарлигида PhD диссертациясини ушбу мамлакатда ҳимоя қилдим. Самарқанд давлат университетига қайтганимдан сўнг хорижда “ТОП — 300”-таликка кирувчи университетнинг PhD дипломи DSc илмий даражасига нострификация қилинди. Шимолий Малайзия университети талабаларига онлайн маърузалар ўтиб келмоқдаман. Малайзиялик олимлар билан ҳамкорликда 20 дан ортиқ мақолаларим “Scopus” ва “Wеb оf Science” маълумотлар базасига кирувчи журналларда эълон қилинган...

Бугунги кунда университетимиз Малайзиянинг MARA технология, Путра, Висма Линкольн, Пендидикан Султан Идрис, Теренггану ва INTI халқаро университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Бунинг натижасида бугунги кунда Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси Ҳабибулло Ахатқулов Шимолий Малайзия университетида доцент лавозимида ишламоқда. Мазкур университет QS рейтингида 554-ўриндан жой олган. Ўзбекистонлик олим шу кунгача 4 PhD ва 15 магистрантга раҳбарлик қилган.

Самарқанд давлат университетининг Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ўқитувчиси Синдор Пардаев эса Малайзиянинг Путра университети докторантурасида таҳсил олмоқда. Унга мазкур институт магистрантларига дарс берган профессор Латифа Бинти Абдуманаф раҳбарлик қилмоқда. Синдор Пардаев айни вақтда диссертациясини ҳимоя қилиш арафасида.

Университетимизнинг Малайзия олий таълим муассасалари билан муносабатлари ўзаро тенглик асосига қурилган.

2024 йилда Самарқанд давлат университетининг Эҳтимоллар назарияси ва амалий математика кафедрасида Малайзиянинг Теренггану университети профессорлари Забидин Бин Саллеҳ ва Че Моҳд Имран Бин Че Таиблар талабаларимизга дарс ўтишди. Бу олимлар СамДУдаги фаолияти давомида “Scopus” базасига кирувчи илмий журналларда бир неча мақолалар чоп этди.

СамДУ ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида MARA технология университети доценти Шарифаҳ Бинти Алиман томонидан “Малайзия академик марказ сифатида: унинг олий таълим тизими ҳақида тушунчалар” мавзуида онлайн семинар ташкил этилди...

Президентимизнинг Малайзияга расмий ташрифидан сўнг олий таълим соҳасидаги муносабатларнинг ҳам янги даври бошланишига ишончим комил. Буни ташриф давомида имзоланган қўшма баёнот ва қатор ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим 2025-2026 йилларни Ўзбекистон — Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври, деб эълон қилишга келишиб олдилар.

Президентимизнинг хорижга буюрган ҳар бир ташрифи замирида Ватанимизни янада юксалтириш, халқимиз ҳаётини фаровонлаштириш, мамлакатимиз нуфузини ошириш мақсади мужассам. Малайзия маърифатга, таълимга биринчи даражада эътибор бериш натижасида юксак марраларни забт этгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърифатли жамият ғоясига ҳамоҳангдир.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?