Мактабнинг 60 йиллик тантанаси янги бинода нишонланмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро шаҳридаги 17 – умумтаълим мактаби республикамиздаги етакчи билим даргоҳларидан саналади. Шу боисдан бўлса керак кўпгина ота-оналар ўз фарзандининг ушбу мактабда ўқишини исташади. Айни дамда бу ерда икки минг нафарга яқин ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда.
Аммо фаолиятини бошлаганига олтмиш йил бўлган билим даргоҳида имконият эҳтиёжни қондирмай келаётганди. Аниқроғи, синфхоналар етишмовчилиги важидан ўқиш икки сменада олиб борилаётган, дарсдан кейинги тўгарак машғулотлари, ўқувчилар билим ва салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган тадбирларни ўтказишда қийинчиликлар учраётган эди.

Эндиликда айнан шу оғриқли масала кун тартибидан тушди. Давлатимиз томонидан ажратилган 13 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига 990 ўринли беш қаватли янги ўқув биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.

— Замонавий жиҳозланган синфхоналар, лаборатория хоналари, ахборот- ресурс ҳамда коворкинг маркази, моноблоклар, чигилёзди машғулотлар майдончаси — буларнинг барчаси юбилей ёшини нишонлаётган билим даргоҳимиз жамоасига, ўқувчиларимизга ажойиб туҳфа бўлди, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилшода Тўева. — Эътиборлиси, янги ўқув биноси лифт билан таъминланган. Бунақаси мамлакатимизда жуда кам учрайди. Айтмоқчи, мактаб спорт зали ҳам таъмирланяпти.
— Қадрдон мактабимизда яратилган замонавий шарт-шароитларни кўриб, ишлагиси келади кишининг, — дейди 41 йил давомида ёшларга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ берган меҳнат фахрийси, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳабиба Қаҳҳорова. — Фурсатдан фойдаланиб, шогирдларимга, ўқитувчиларга қарата “шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ёшлар онгу шуурига илму маърифатни обдан сингдиринг. Токи, эртага улар шундай дориламон кунларнинг қадру қимматига етадиган, эл-юрт равнақига ҳисса қўшадиган кишилар бўлиб етишсин”, дейман. Биз шогирдларимизга Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Садриддин Айний каби забардаст ёзувчиларимиз асарлари мағзини чақиб бериш орқали шу эзгу ишга баҳоли қудрат улуш қўшдик. Негаки, ёзувчиларнинг ҳаёти бу халқимиз, сизу бизнинг ҳаётимиздир.

Мактаб янги ўқув биносининг очилиш маросими байрамона тус олди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов тўпланганларни ушбу шодиёна билан қутлаб, ёшлар таълим тарбияси давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини таъкидлади ва билим масканидан эл-юрт равнақига хизмат қиладиган ёшлар етишиб чиқади, дея ишонч билдирди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг