Мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар эътироф этилди

10:08 06 Ноябрь 2025 Жамият
208 0

Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида “Мустаҳкам мажбурият ва минтақавий ҳамкорлик орқали мактабгача таълимни ривожлантириш” мавзуида тадбир ўтказилди. Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари, ЮНЕСКОнинг таълим соҳаси бўйича масъуллари ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда ЮНИCEФ вакиллари иштирок этди.

Дастлаб мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар акс этган видеоролик намойиш қилинди. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 2022 йилда 71,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 77 фоизга етказилди.

Тадбир давомида соҳа масъуллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан мамлакатимизда мактабгача таълимни ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлил қилиниб, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, ЮНЕСКО Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жаннини бугунги кунда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, бу борада ЮНЕСКО ташаббус ва лойиҳаларининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини замонавий, инклюзив ва инновацион муҳит асосида ташкил этиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Тарбиячиларнинг малакасини ошириш, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш орқали сифат янги босқичга кўтарилмоқда.

Тадбир давомида ЮНEСКО шафелигида Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича II тоифали минтақавий марказ ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ушбу марказ Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлиб, мамлакатимиз ва бутун минтақамиз учун янги имкониятларни очади. Марказнинг асосий вазифаси эрта болалик таълими соҳасида минтақавий етакчиликни ривожлантириш, билим ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш, илмий тадқиқот ва сиёсат таҳлилларини чуқурлаштиришдир. Шу орқали Тошкент шаҳри эрта болалик таълими бўйича Марказий Осиёнинг илмий ва таълимий марказига айланади.

Минтақавий марказ Ўзбекистоннинг ЮНEСКО билан кўп йиллик ишончли ҳамкорлиги ва эрта таълимни ривожлантириш бўйича глобал саъй-ҳаракатлардаги етакчилигини янада мустаҳкамлайди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).                                                  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?