Маҳсулоти хорижникидан қолишмайдиган корхона

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай шароит туфайли маҳаллийлаштириш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш кўлами ортди. Бу ички бозордан ортиниб, хорижга экспорт салоҳиятини кенгайтириш имконини бермоқда. Жорий йилда Андижон вилоятидаги 400 га яқин экспортчи корхоналар томонидан 149,4 млн. АҚШ долларига тенг қийматдаги маҳсулот экспорт қилинди. Бунда Жалақудуқ туманидаги «SPZ-Bearings» Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасининг ҳиссаси беқиёс.
1987 йилдан буён фаолият олиб бораётган ушбу корхона темир йўл ва автотранспорт воситалари учун зарурий эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Республикамизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулай шароит натижасида ўтган йилда корхонага замонавий техник воситалар олиб келинди.
— Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналари учун катта имкониятлар яратилди, — дейди бош муҳандис Хайрулло Абдураҳмонов. — Натижада бож тўлови, қўшимча солиқ қийматидан иқтисод қилинган маблағ туфайли 2024 йилда Хитой давлатидан 11 млн. АҚШ доллари қийматидаги энг сўнгги русумли дастгоҳлар олиб келинди. Шундан сўнг маҳсулот турини кўпайтиришга эришдик. Ҳозирда 100 турдан зиёд подшипник, 8 турдаги бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қолаверса, ишлаб чиқариш қуввати икки бараварга ошиб, бир кунда 50-60 минг дона маҳсулот тайёрланмоқда.
200 нафар ишчиларнинг самарали меҳнатлари туфайли тайёрланаётган маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қондириб, Россия, Молдова, Грузия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Жумладан, 2024 йилда экспорт қиймати 10 млн. долларни ташкил этди.
— Корхонамиз республикамиздаги рақобатчиси мавжуд бўлмаган ягона ишлаб чиқариш объекти эканлиги билангина эмас, балки, маҳсулоти хорижникидан қолишмаслиги билан ҳам аҳамиятлидир, — дейди корхона бош муҳандиси Хайрулло Абдураҳмонов. — Бунга сабаб, ўлчов бирлигидаги тенгсиз жараёнларнинг амалга оширилишидир. Масалан, корхонамиздаги дастгоҳлар орқали 1 мм.дан иборат қалинликни мингта бўлакка бўлиш имкони мавжуд. Буни тасаввурга сиғдиришнинг ўзи имконсиздек туюлсада, бироқ, корхонамиз ана шу жараёнга асосланган. Бунинг натижасида дунёдаги энг йирик корхоналар билан рақобатлаша олиш даражасига етиб келдик. Оддий мисол, биз ишлаб чиқараётган подшипниклар Германия ва Швеция давлатларида тайёрланган маҳсулотлар каби 6-8 йиллик кафолатга эга. Бу дегани битта подшипник 800 минг км. масофани босиб ўтиш қувватига эга.
Корхонанинг келгуси режалари улкан. Жорий йилнинг ўзида Европа бозорларига кириб бориш, бунинг учун маҳсулот турини кўпайтириб, сифатини янада яхшилаш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг