Маҳаллада ташвиш ҳам, бахт ҳам бор

17:15 26 Декабрь 2025 Жамият
518 0

Ҳозиргина мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатини муҳташам саройда туриб тинглаб чиқдим. Давлатимиз раҳбари ниҳоялаб бораётган йилга якун ясаб, эришган ютуқларимизни эътироф этаркан, қанчалик оғир бўлмасин халқимиз ўз машаққатли ва фидокорона меҳнати билан улкан марраларни забт этганлигини таъкидлади. Энг муҳими, ушбу марралар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам тан олиниб, мамлакатимиз рейтинги йилдан-йилга яхшиланаётгани, обрў-эътибори ортиб бораётганлиги айтилди. Албатта, буларнинг барчаси қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдиради.

Ушбу йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг остонадаги 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб белгилаш тўғрисидаги таклифи ниҳоятда тўлқинлантириб юборди. Боиси менинг 44 йиллик меҳнат фаолиятимнинг асосий қисми маҳаллалар билан боғлиқ. Фаолиятимизга тааллуқли бўлмаган топшириқларни топширишдан тортиб, имконсизликдан эшик беркитиб ўтирганимизгача бўлган ҳолатлар худди кечагидек кўз ўнгимда.

Янги тарихимизнинг ислоҳотлари Маҳаллани жамиятнинг чинакам таянчига айлантирди. У аҳолининг ташвиш ва муаммоларини эшитадиган, жойида ўрганиб ҳал қиладиган кучга айланди. “Ташаббусли бюджет”, “Ҳоким ёрдамчиси” каби институтларнинг жорий этилиши муаммоларга юқорида эмас, қуйида ечим топилишига замин яратди. Турли ижтимоий “дафтар”лар орқали хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлар, шунингдек, маҳалла инфратизимлари билан боғлиқ муаммоларга ечим топилмоқда. Шу ўринда вилоятимиз бўйича сўнгги йилларда 400 нафарга яқин ногиронларнинг уй-жой билан таъминланганлигини мисол сифатида келтиргим келади. Бошпанасига эга бўлган ушбу фуқароларнинг қувончини, шукронасини, дуосини сўз билан ифодалашим ниҳоятда мушкул. Уларнинг ҳаётдан розилиги таъминланиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланди. Чунки уй-жой бошпанагина эмас, бу Ватан ичидаги кичкина Ватан. Уйи бор одам ўзини тўлақонли Ватаним бор, деб ҳис этади. “Энди биз ҳам меҳмон чақирамиз” деган эди 12 жойда ижарама-ижара яшаган нуроталик ногирон аёл уй-жой калитини олаётиб.

Кези келганда таъкидлаш жоиз, беш-олти йил илгари Навоий вилоятимизда бештагина меҳмонхона бор эди. Меҳмон келадиган бўлса, олдиндан буюртма бериб қўярдик. Қишлоқ туманларини-ку гапирмасаям бўлади. Бугун вилоят маркази ва туманларимизда 80 га яқин катта, 100 дан зиёд меҳмон уйлари барпо этилган.   Сармишсой, Нурота, Тудакўл, Айдаркўл, Олтинсой, Лангар, Сентоб ва бошқа ҳудудларда тарихий, эко туризм, сафарий, пляж ва зиёрат туризми зоналари яратилди. Меҳмон келса энди хижолат тортмаймиз. 2016 йил билан солиштирсак, сайёҳлар оқими салкам ўн бараварга ошибди. Бу ўз-ўзидан одамлар учун янги иш ўрни, оилаларга даромад манбаи демакдир.

Албатта, буларнинг барчаси маҳаллаларимизда ижтимоий-маънавий муҳитнинг соғломлашишида муҳим омил бўлмоқда. Қолаверса, маҳаллалар фаолиятини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларимизнинг маҳаллаларга ихлосини, ишончини орттирди. Жамият эса ихлос ва ишонч туфайли юксалади.

Нормурод ИСОҚОВ,

Халқ депутатлари Навоий

вилояти Кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?