Маҳалла идораси қаерда?

13:42 25 Февраль 2025 Жамият
152 0

Фото: gazeta.uz чизган сурат.

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Кейинги йилларда юртимизда замонавийлашган маҳаллалар кўпайиб бормоқда. Анъанавий маҳалла тушунчасининг ўзи ҳам ўзгарди. Маҳалла эндиликда фақат «справка берадиган идора« эмас, одамларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан биладиган бутун-бошли тузилмага айланмоқда.

2017 йил 3 февралда Президентимиз томонидан «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланган эди. Ушбу ҳужжатга биноан, маҳалла фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳа ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш, шунингдек, реконструкция қилиш, таъмирлаш, зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет билан таъминлаш белгиланди. Тошкент вилоятида ўтган йиллар мобайнида кўплаб маҳалла идоралари янгидан қурилди. Намунавий лойиҳа асосида таъмирланди.

Бироқ, айни пайтда Нурафшон шаҳридаги 22 та маҳалла фуқаролар йиғини, Ўрта Чирчиқ туманидаги 57 та маҳалла фуқаролар йиғинининг барчаси ҳам ўз маъмурий биносига эга эмас. Улар турли ташкилотлар биносида фаолият олиб бормоқда. Рақамларнинг далолат беришича, Тошкент вилоятида 73 та маҳалла идорасини қуриш лозим. Жумладан, Нурафшонда 4 та, Оҳангаронда 6 та, Чирчиқда 3 та, Янгийўлда 7 та, Қибрайда 5 та, Қуйи Чирчиқда 5 та, Паркентда 7 та, Пискентда 4 та, Ўрта Чирчиқда 4 та янги маҳалла идораси керак.

Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги тегишли қарорига асосан, ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларни фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш белгиланган. Айтмоқчимизки, ҳомийлар, хайрия маблағлари ҳисобидан маҳалла идораларини қуриш, таъмирлаш ишларини олиб бориш тажрибаси аллақачон муваффақиятли тарзда амалда қўлланилмоқда.

Кейинги йилларда Ўрта Чирчиқ туманидаги ўнга яқин маҳалла идоралари ҳимматли тадбиркорлар, элга қайишувчи ишбилармонлар томонидан замонавий кўринишда қуриб берилди. Айни пайтда Ўрта Чирчиқ туманининг маъмурий марказида «Мадонис» фермер хўжалиги раҳбари томонидан замонавий ва намунали Нуронийлар маскани қурилмоқда. Яқин кунларда бу бино ўртачирчиқликлар ихтиёрига топширилади.

Маҳалла идораси шу аҳолининг манфаатларига хизмат қилади. Маҳаллада қанча тадбиркорлар, ишбилармонлар яшайди. Маҳалла раиси ислоҳотчи бўлиб, тадбиркорларни ўзларининг маҳалла идорасини қуриб, таъмирлаб беришга чорласа мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда «Маҳаллангиз идораси қаерда?» деган савол жавобсиз қолмайди!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер