Магар чинор бўлсанг, чинордай яша...
Фото: "Халқ сўзи"
(90 ёшли Тоҳир отанинг авлодларга асраб юрган 508 та сирли «мактуби» ҳақида)
Тоҳир ота ҳақида гап кетганда, маҳалладошлари юзига беихтиёр табассум югуради. «Қанийди, шундай тиниб-тинчимас қарияларимиз кўп бўлса» дейишади. Отахон 90 ёшни қаршилаган. У тинмай идорама-идора юради, аммо ўз манфаати учун эмас. «Қариб қолдим, пенсиям кам, менга у етмайди, бу етмайди» деган гапни эса бирорта раҳбарга айтмаган. Нияти битта: элимиз яхши яшасин, чекка ҳудудларда ҳам фаровонлик бўлсин, одамлар ҳаётидан рози бўлсин, деб елиб-югуради. Очиғи, баъзи раҳбарлардан «Сиз энди қариб қолдингиз, бу ишларга аралашманг» деган гапни ҳам эшитган. Бу танбеҳлар кошки унга кор қилса?! Баъзан уни қайсар қария ҳам дейишади. Лекин унинг бу «қайсарликлари» ўзи учун эмас, эл учун.
Гап шундаки, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чинор маҳалласида яшовчи Тоҳир ота Қобилов, қарийб 12 йилдирки, қишлоқ аҳолиси табиий газдан маҳрум эканлигидан куюнади. Тегишли идоралару мутасадди ташкилотларга қатнайвериб «товони тешилган». Аммо отахон анойи эмас. Қайси идорага борса, ёзган шикоятининг иккинчи нусхасига «Қабул қилинди» деган гапни ёздириб олади. Бирортасини ҳам йўқотмайди, ҳаммасини «кўз қорачиғи»дай асраб юрибди. «Келгуси авлодларга қолдираман бу мактубларни», дейди у.
Қарангки, шу ёзилган шикоятлар сони 12 йил мобайнида рекорд даражага — 508 тага етибди. Эҳ-ҳе, Тоҳир ота 78 ёшида шу ишга киришган бўлса, бугун тўқсонни уриб қўйибди ҳамки, муаммо ҳали-ҳануз ечимини топгани йўқ.
...Қария билан таҳририятда суҳбатлашдик. Тийрак нигоҳларига боқиб, умрининг тўқсонинчи баҳорини яшаётган, тетик, бардам, хотираси тиниқ ва беғубор бу инсонга ҳавас қиласиз. Туйқус хаёлимдан «Яшасанг, шу инсон каби эл ғамида яшаш керак» деган фикр ўтди. Рости, у 5 қиз, 2 ўғил, 31 набира қуршовида ош-нонини тинчгина еб-ичиб юрса ҳам бўлардику, деган хаёлга ҳам борасиз. Аммо эл ғамини елкасида кўтаришга ҳамма ҳам ўзида ҳафсала топа олмайдида.
Яна бир гап. Тоҳир ота маҳалла ташвиши учун югуриб юрганига бировдан бир сўм сўрамайди. Виждони буюргани боис қиляпти, бу ишни. Қизиқ, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси ёки ёшлар етакчиси бўлиб ишловчилар давлатдан маош оладию, нега уларнинг баъзиларида шу қариянинг куюнчаклиги йўқ?
Яна савол туғилади: Тоҳир отанинг Чинор қишлоғини газлаштириш учун қилаётган саъй-ҳаракати нега самара бермаяпти? Нега ёндош маҳаллалар — Дўстлик ва Хўжакентда аҳоли табиий газдан баҳраманд бўлишяптию, «Чинор» МФЙга газ етиб келмаяпти?
Бу ҳақда Бўстонлиқ тумани ҳокими ўринбосари Акмал Рихситиллаевнинг фикри билан қизиқдик.
— «Чинор» МФЙ ҳудудидаги қишлоқларни газлаштириш мумкин, лойиҳа ва ҳужжатлар ҳам тайёрланган, аммо босим пастлиги, қишда газ етиб бормаслиги учун уни амалга ошириш тўхтатилган, — дейди у.
«Бўстонлиқ туман газ» газ таъминоти бўлими бошлиғи Акмал Абдулҳаевнинг фикри ҳам шунга ўхшаш: «Чинор» МФЙ чекка ҳудуд бўлгани учун газ босими етиб бормайди.
Ота бу гапларни эшитиб тутақиб кетади. Ўзини қўйишга жой топа олмайди. Ҳассасини ерга қаттиқ уриб:
— Менинг қизим қўшни қишлоқда яшайди, газ қаҳратон қишда ҳам зўрку, — дейди у. — Маҳалламиздан қадам-бақадам санаганда 16 метр нарироқдаги «Бўстонлиқ пластекс» МЧЖда газ ёниб турибдику. «Бештут» МФЙ ҳудудидаги қишлоқларда ҳам газ борку. Нега бизга келганда — босим паст, етмайди?
Тоҳир отанинг куюнганича бор. У яшаётган Бўстонлиқ туманидаги Чинор қишлоғида газ йўқлиги етмагандек, кўмир ҳам етарлича етказиб берилмаган. Кўпчилик печкада ўтин ёқиб қишлайди. Ўтинни эса мўмай пул топиш илинжидаги айрим кишилар хуфия тарзда тоғ атрофидаги ўрмондан олиб келиб сотади.
Бу бўйича «Чинор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Жўраевнинг фикри билан қизиқдик.
— Маҳалламизда 525 та хонадонда 2 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди у. — Тўғри, қишлоқларимизга табиий газ ўтказилмагани учун ўтган йили кузда аҳолига 350 тонна кўмир етказиб бердик. Кўмирнинг ўзи ёнмайдику. Шунинг учун қуриган шох-шаббалардан ҳам фойдаланишади. Бошқа ҳудудлардан қишлоғимизга ноқонуний ўтин олиб келиб сотувчилар бор. Уларнинг устидан маъмурий иш очиш бўйича ҳаракатлар бошланган.
— Агар шу одамлар бизни ўтин билан таъминламаса, қишдан қандай чиқар эдик, — дейди Тоҳир ота. — Кексалар, беморлар, ёш болалар бор. Қаҳратон қиш ойларида печкага ўтин ёқмасак, нимани ёқардик? Ўтинга эҳтиёж бўлганидан сўнг одамлар у қонуний кесилганми, ноқонунийми, сўраб ўтирмайдику. Мана, ўзим ҳам қиш ойида 9 миллион сўмга ўтин сотиб олгандим.
Айтмоқчи, 2021 йил 23 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2021-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан, ички йўлларни, ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш, қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш белгиланган.
— Бу қарорни ўқиб жуда хурсанд бўлгандим, — дейди Тоҳир ота. — Маҳаллани газлаштирамиз деб раҳбарлар ваъда ҳам беришган эдида. Лекин ҳалиям ваъдалар қўша-қўша, вазият ўша-ўша. Менинг ниятим — бошқа қишлоқлардаги каби Чинорда ҳам «зангори олов» порлаб турса, аҳолининг қиш фаслида ташвишлари ариса. Табиий газ йўқлиги, кўмир кам ва сифатсизлиги сабабли дарахтлар кесилаётганидан кўз юма олмаймиз. Кўриб турибмиз, табиатга етказилган зарар чанг-тўзон кўпайиши, ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти.
Отахоннинг фикрларини тинглаб, ҳар бир юртдошимиз шу нуроний инсон сингари элу юрт учун куюнчак бўлганида барча муаммо аллақачон ечимини топиб кетган бўлар эди, деган мулоҳаза ўтади кўнгилдан. Бинобарин, Тоҳир отани юртимизда рўй бераётган ҳаётбахш янгиланишлар ва Президентимиз олиб бораётган оқилона ва одилона сиёсатнинг кекса тарғиботчиси, десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Чунки у давлатимиз раҳбари ўтказаётган ҳар бир видеоселекторни тинглаб, хулоса чиқаради, ёшларга тарғиб этади.
— Айниқса, Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши мени ниҳоятда қувонтирди, — дея фикрини давом эттиради у. — Гап шундаки, давлат раҳбари ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш топшириғини берди. Ёки келгуси беш йил давомида Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти туманларини тўлиқ яшиллик билан қоплашни назарда тутувчи камида 3 минг гектар «яшил белбоғ» ва 200 гектар яшил боғлар ташкил қилиш ҳақидаги ташаббусни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Набираларимни ёнимга олиб, ҳудудимизда бу ишга ўзим бош бўламан. Ахир бу боғни Тоҳир ота яратган, деган гапни эшитишнинг ўзи катта бахт эмасми?
...Тўқсон билан тўқнашиб, юз билан юзлашиш сари қадам ташлаётган Тоҳир ота билан хайрлашар эканман, у маҳалла газлаштирилганидан сўнг муборак Ҳаж зиёратига йўл олишни ният қилганини айтди. Шоирнинг қуйидаги сатрлари шундай табаррук ёшда ҳам олам-олам орзулар қанотида яшаётган ушбу фидойи инсонга ярашиқли:
Орзуим шул, ўчмасин ёнган чироғинг,
Юлдуздай нур сочсин чашминг-қароғинг.
Магар чинор бўлсанг, чинордай яша,
Бевақт узилмасин бирор япроғинг.
Фахриддин БОЗОРОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг