Маданий мерос обидаларини асраш ва рақамлаштиришда Япониянинг JICA агентлиги билан ҳамкорлик қилишга келишилди

07:50 26 Сентябр 2022 Сиёсат
477 0

Фото: Халқ сўзи

Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихиро Танака билан учрашди. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ҳам учрашувда қатнашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Томонлар «Буюк Ипак йўли» маданий меросини асраш ва унинг рақамли архивини яратиш, музейлардаги экспонатларни рақамлаштириш ва у ерда фаолият юритувчи ходимлар малакасини ошириш, тарихий объектлар реставрация ва консервациясини ўтказиш, узоқ тоғли ва чўл ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бунда япониялик мутахассисларни Ўзбекистонда ишлашга жалб қилиш каби масалаларни муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, учрашув давомида чартер дастурни амалга ошириш орқали Япониядан Ўзбекистонга саёҳат қилувчи туристик оқимни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунига кўра, томонлар ЮНEСКО кўмагида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни реставрация ва консервация қилиш, узоқ ҳудудларда туристик инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда умрининг катта қисмини археологик ва маданий меросни тадқиқ қилишга бағишлаган марҳум Като Кюдзу хотирасига Сурхондарё вилоятида мемориал комплекс яратишга доир лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини биргаликда ишлаб чиқишга келишишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер