Маданий мерос объектларидаги муаммолар қачон ҳал этилади?

15:59 04 Декабрь 2024 Жамият
347 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд мамлакатимиздаги жуда катта туристик салоҳиятга эга минтақалардан бири ҳисобланади. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанднинг тарихий маркази 1123 гектар ва унинг муҳофаза зонаси 1369 гектарни ташкил этади. Вилоятда 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, ёдгорликларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлар сифатида қайд этилган.

Маданий мерос объектларининг 483 таси, яъни 30 фоизи Самарқанд шаҳрида жойлашган.

— Вилоятимизда яна 3 та архитектура, 169 та археология маданий мерос объекти аниқланган бўлиб, уларни рўйхатга олиш учун Маданий мерос агентлигига юборилган, — дейди Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимов. — Айни пайтда ёдгорликларни муҳофаза қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада доимий равишда давлат назоратини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.

Самарқанд вилоятида сайёҳлар энг кўп борадиган туристик объектлар 70 тадан ортиқ эди. Ҳозир эса уларнинг сони 82 тага етди. Жумладан, Самарқанд шаҳар Сўфи Розиқ маҳалласидаги “Мирвафобой уйи”ни маданий мерос объектига айлантириш учун 3,4 миллиард сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 800 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди. Оқдарё туманидаги Баҳодир Ялангтўш масжидида 1,3 миллиард сўмлик, Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида 1,5 миллиард сўмлик, Шоҳи Зинда мажмуасида 500 миллион сўмлик, Бибихоним мажмуасида 2,3 миллиард сўмлик, Хон Саид Имом мажмуасида 906 миллион сўмлик ва Ашратхона мақбарасида 700 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди.

Маълумотларга кўра, бугунга қадар Самарқанд шаҳридаги ўндан ортиқ маданий мерос объекти таъмирланган. Аммо шаҳардаги ёдгорликларнинг 363 таси қониқарли, 77 таси қониқарсиз, 31 таси эса авария ҳолатида турибди. Таъмирталаб объектларнинг 19 таси хусусий мулк сифатида рўйхатга олинган.

— Кейинги йилларда Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканлар — Регистон, Шоҳи Зинда, Бибихоним, Хон Саид Имом, Дари Занжир, Мирвафобой уйи, Ашратхона, Оқ Сарой, Маҳдуми Хоразмий ҳамда Қози Ғофур каби маданий мерос объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган иншоотлар муҳофазага олинди, — дейди Зиёдулла Насимов. — Бунинг учун 6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, маданий мерос объектларининг сақланиши, таъмирланиши, тикланиши ва муҳофаза қилиниши бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, шаҳардаги XIX-XX асрларга оид тўртта архитектура иншоотини маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқариш учун хат юборилди.

Масъулларнинг маълум қилишича, келгуси йилларда авария ҳолатида турган маданий мерос объектларини давлат дастури асосида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низом” талаблари асосида давлат мулки объектларини ижарага бериш ҳамда инвестиция киритиш орқали таъмирлаш режалаштирилган.

Бугунги кунда биргина Пастдарғом туманида 150 та археология ва архитектура объекти рўйхатга олинган. Уларнинг аксарияти тепаликлардан иборат бўлиб, милоддан аввалги I асрдан XVIII асргача даврлаштирилган. Бироқ кўплаб тепаликларга ном берилмаган, баъзиларининг аниқ даври ҳам йўқ, шунингдек, ҳудудда аниқланган янги топилмалар, археология объектлари маданий мерос рўйхатига ҳам киритилмаган.

— Пастдарғомда 150 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган, лекин бу тўғри эмас, — дейди тарихчи Шарифжон Сахатов. — 2014 йилда Самарқанд археология институти олимлари ва Италия археологлари тумандаги барча тепаликларнинг жойлашуви, ўрни ва тарихини харитага киритиб, уларга ном беришган. Ушбу рўйхатга кўра, туманда 300 дан ортиқ тепалик мавжуд. Мисол учун, Хончорбоғ маҳалласида Абдуллоҳ Хожа ибн Дарвеш дафн этилган ва қадимий сағана, унинг қабртоши ёки Қайрағоч қишлоғида дафн этилган Хожа Калон қабртоши ва қадимий қабристон рўйхатга олинмаган. Бундан кўринадики, ҳудуддаги маданий мерос объектларини яна хатлов қилиб, қайтадан рўйхатга олиш керак.

Туманнинг Пахтакор маҳалласида бешта тепалик бор. Шарифжон Сахатов ва шу туманда яшовчи Акмал Ҳамроев маҳалладаги Номсизтепа (халқ тилида Қўрғонтепа) тепалигининг тарихини ўрганиш давомида антик даврга оид суғдийлар тангаси, сопол идишлар ва одам суягининг қолдиқларини топишган. Маълум бўлишича, тепалик антик даврга, яъни милоддан аввалги IV-VI асрларга тегишли бўлиб, қадимда бу жой шаҳар бўлган.

— Тепаликда дастлабки ўрганиш натижасида антик давр билан боғлиқ топилмалар аниқланди, — дейди Акмал Ҳамроев. — Ҳудуд қарийб 25 гектарни эгаллаган бўлиб, маданий мерос рўйхатига киритилган, бироқ муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Шу боис аҳоли томонидан тепаликда қимматбаҳо буюмларни излаш мақсадида қазишмалар олиб бориш, чорва молларининг боқилиши ва шахсий эҳтиёж учун фойдаланиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ёдгорликда археологлар ва мутахассислар тадқиқот олиб борса, нафақат антик, балки бронза ва бошқа даврларга оид топилма ҳамда қимматли маълумотларни топиш мумкин.

Вилоят маданий мерос бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Пастдарғом туманида рўйхатга олинган 147 та археология ва 3 та архитектура маданий мерос объектининг барчаси қониқарсиз ҳолатда.

Наҳотки, ўтмишимиз, ўзлигимиз акс этган, ота-боболаримиздан мерос муқаддас қадамжо ва тарихий жойлар ҳеч кимга керак эмас?! Маданий мерос агентлиги масъуллари соҳадаги муаммоларга жиддий эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?