«Лисон ут-тайр» ва жаҳон адабиёти
Фото: Архив сурат
Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги
Алишер Навоийнинг «Фоний» тахаллуси билан битилган «Лисон ут-тайр» асари ўзбек адабиёти, қолаверса, жаҳон адабиётининг ҳам энг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Бинобарин, бу асарнинг ўзбек адабиётида ҳам, жаҳон сўз санъатида ҳам алоҳида ўрни бор.
Аслида «Лисон ут-тайр»нинг жаҳон адабиётидаги ўрни ва аҳамияти алоҳида, махсус монографик тадқиқотга асос бўладиган катта ва жиддий мавзу. «Лисон ут-тайр» ва жаҳон адабиёти масаласи, камида, қуйидаги уч йўналишда тадқиқот олиб боришни тақозо этади:
1. «Лисон ут-тайр»– жаҳон адабиётининг цинкретик ҳосиласи сифатида.
2. «Лисон ут-тайр»нинг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва мавқейи.
3. «Лисон ут-тайр»нинг жаҳон тилларига таржималари. Аммо биз бу мақоламизда достоннинг қиёсий поэтикасини тадқиқ этиш учун зарур бўлган даражадагина бу масалага бир оз ойдинлик киритиб ўтишнигина мақсад қилдик.
Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асаригача ҳам қушлар тимсоллари асосида ёзилган асарлар мавжуд эди. Абу Али ибн Синонинг (980 – 1037) «Рисолат ут-тайр»[1], Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийнинг (1040 – 1111) ҳам худди шу номдаги «Рисолат ут-тайр», Шаҳобиддин Суҳравардийнинг (вафоти – 1191) «Рисолайи мусаммо ба сафари Симурғ» асарлари ёзилган эди. Фаридиддин Аттор ана шу анъанани давом эттириб, ажойиб, ўзига хос, гўзал достон яратган. Навоий «Лисон ут-тайр»да уни Атторнинг энг зўр асари, деб ҳисоблайди. Аттор бу достонни ёзишда, хусусан, Ғаззолийдан таъсирланганини немис олими Ҳелмут Риттер, чех тадқиқотчиси Ян Рипка, Эрон тасаввуфшуноси Бадиуззамон Фирузонфарлар алоҳида таъкидлашган.
Хожа Аҳмад Яссавий ҳамда Ҳаким Ота – Сулаймон Боқирғоний йўлида ижод қилган ўтмиш турк шоири Юнус Эмронинг 1307 йили яратилган «Рисолат ун-нусъҳия» («Насиҳатлар рисоласи») деган достони бор. Унда мажозий ҳикоятлар орқали кўп инсоний фазилатлар кўрсатиб берилади ва талай иллатлар очиб ташланади. Чунки ҳар бир киши онг-тафаккури ва руҳиятида бу икки қарама-қарши куч ўртасида кескин кураш кетади. Одамдаги бу ички кураш майдонини шоир Ақл подшоҳлик қиладиган катта шаҳарга ўхшатади.
Орадан ўн йил ўтиб, Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асари яратилганидан эса бир аср ўтиб, 1317 йилда XIII – XIV асрларда яшаган турк шоири Гулшаҳрий «Мантиқ ут-тайр»га жавобан шу номда достон битади. Унда шаҳарлик ҳунарманд ахийлар тариқатининг ғоялари илгари сурилган. Адабиётшунос И.Боролина ғоявий-бадиий жиҳатдан бу асарнинг Юнус Эмронинг «Рисолат ун-нусъҳия»си билан ҳам яқинлик борлигини қайд этади. Шунга кўра, тахмин қилиш мумкинки, Юнус Эмронинг достони билан Гулшаҳрий «Мантиқ ут-тайр» ўртасида билвосита яқинлик мавжуд. Гулшаҳрийнинг «Мантиқ ут-тайр»асари Навоийдан олдин Аттор достонига туркий тильда битилган илк жавобия эди.
Гулшаҳрий асари яратилганидан роппа-роса 181 йил кечганидан кейин Фонийнинг «Лисон ут-тайр»асари битилди. Бироқ «Лисон ут-тайр»да ҳам, Навоийнинг бошқа асарларида ҳам Гулшаҳрий ва унинг достони мутлақо тилга олинмайди. Тахмин қилиш мумкинки, Навоийнинг бу шоир ҳақида маълумоти ҳам, у туркий тильда яратган «Мантиқ ут-тайр»дан хабари ҳам бўлмаган. Акс ҳолда, туркий шеърият байроқдори бўлган бу улуғ зот ижодининг табиатига кўра, буни бирор ерда албатта, қайд этган бўлар эди. Навоий Гулшаҳрий достонидан хабардор бўлган-бўлмагани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Чунки шоир асарларининг ҳеч бирида Гулшаҳрий ёки унинг «Мантиқ ут-тайр»и тилга олинмаган. Китоблар фақат қўлёзма нусха сифатида бир неча донагина битилиб, тарқаладиган, бир мамлакатдан иккинчисига яккаш карвонлар воситасидагина товарлар олиб келинадиган ўтмиш замонларда Туркияда битилган асар Хуросонга етиб келмаганига табиий бир ҳол, деб қараш тўғрироқ бўлса керак.
Шунинг учун «Лисон ут-тайр»га Гулшаҳрий «Мантиқ ут-тайр»асарининг таъсирини излаш мантиқсиз. Маълум бўладики, Атторга Гулшаҳрий ўзича, Фоний ўзича назира битган.
Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»дан бошқа асарлари ҳам мусулмон Шарқи халқлари орасида, айниқса, форсий ва туркий адабий майдонда жуда машҳур бўлган. Уйғур олими Азизийнинг маълумот беришича, «Панднома» Ўрта Осиёдаги туркий халқлар ўртасида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган, «Мухторнома» Султон Салим даврида (1466 – 1574) усмонли турк тилига таржима қилинган, «Мусибатнома» эса Султон Муроднинг топшириғи билан Пирмуҳаммад томонидан «Тариқатнома» деган ном билан усмонли туркчасига ўгирилган, айнан шу ҳукмдор топшириғига кўра, «Илоҳийнома»ни Шамсиддин Аҳмад Сивосий усмонли туркчага ўтказган, «Панднома»ни 1899 йили Убайдулло усмонли туркчага ағдарган, 1873 йили «Тазкират ул-авлиё»нинг усмонлича таржимаси Қозон дорулфунуни матбаасида нашр қилинган.
Азизий келтирган яна бир маълумотга кўра, XVIII аср бошларида яшаган Иброҳим ибн Юсуф ал-Хўтаний уйғур тилида «Мантиқ ут-тайр» номли етук ижодий баркамол бир асар яратган. Аммо бадиада бу асарнинг қўлёзмаси қаерда сақланиши, унинг нашри амалга оширилган-оширилмагани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Хитой Халқ Республикасининг Шинжонг мухтор районида юз бераётган ҳозирги мураккаб вазият бу таржима матнини қўлга киритишга имкон бермади. Шунинг учун Хўтаний асари билан «Лисон ут-тайр» ўртасидаги алоқамандлик ҳақида бир нарса дея олмаймиз. Ҳар ҳолда, бу адабиёт тарихидаги «Мантиқ ут-тайр»га туркий тильда битилган учинчи назира эди.
XVIII асрда хоразмлик ўзбек шоири Мавлоно Хожа Қози Пайвандий Ризоий ҳам «Мантиқ ут-тайр» деган достон ёзди. Бу Аттор достонига туркий тильда битилган тўртинчи назира эди.
Ризоийнинг эса Навоий «Лисон ут-тайр»ини билмаслиги – мантиққа зид. Аммо бу хоразмлик шоиримиз ўз асарининг бирор ерида Навоийни, унинг «Лисон ут-тайр»асарини тилга олмаган. Шунга қарамасдан, бу достонни тадқиқ этиб нашр қилдирган адабиётшунос Шафоат Ҳасанова Ризоийнинг «Навоий ижодидан серунум фойдаланган»и ҳамда улуғ шоир ва мутафаккирдан «озуқа олиш билан бирга, унинг барҳаёт анъаналарини ўз даврига мос равишда ва ижодийлик талабларига риоя қилган ҳолда давом эттирган»ини алоҳида қайд этади.
Битта форсий достонга тўртта туркий назира достон битилгани – жаҳон адабиёти тарихида фавқулодда ноёб ҳодиса. Тўртталаси учун ҳам асосий манба, яъни доминанта бўлган асар – «Мантиқ ут-тайр». Ҳаммаси айнан рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур), яъни «фоилотун фоилотун фоилун (ёки фоилон)” вазнида битилган. Тақтеъси: – V – – / – V – – / – V – (ёки – V ~). Яратилиш даврига кўра, Навоийнинг «Лисон ут-тайр»и шу уч достоннинг ўртасида турибди. Аммо ҳозирча илмда Атторнинг бу маснавийсига форсий тильда бирорта татаббуʼ қилингани маълум эмас.
Шу тариқа қўлимизда бир мавзудаги беш маснавий мавжуд: Аттор ва Гулшаҳрийларнинг «Мантиқ ут-тайр»и, Фоний (Навоий)нинг «Лисон ут-тайр»и, Хўтаний ва Ризоийларнинг бир номдаги «Мантиқ ут-тайр»асарлари. Ана шу беш асарни ўзаро қиёслаб, изчил тадқиқ этиш адабий таъсир, бадиий таржима, типология, қиёсий поэтика ва бошқа адабий соҳаларга доир муҳим илмий хулосаларга келиш учун асос бўлиши аниқ. Бу бевосита Навоий маҳоратини янада ёрқинроқ кўрсатиш имконини ҳам беради. Аммо бу алоҳида тадқиқот мавзуси.
«Лисон ут-тайр» ўтган асрлардан ўзбек адабиётининг жаҳон шарқшунослиги диққат марказида турган асарларидан бири. Турк адабиётшуноси О.Левенд «Алишер Навоий» асарининг 4-жилдида «Лисон ут-тайр»ни айрим қисқартириш ва изоҳлар билан нашр этиб, турк китобхонлари ҳукмига ҳавола этди. Рус туркшуноси С.Иванов достонни эски ўзбек тилидан байтма-байт шеърий таржима қилди. Ўтмиш адабиёт намунаси эканидан, унда акс этган ҳаёт, кўтарилган масалалар бугунги рус ўқувчиси учун тўла тушунарли эмаслигидан келиб чиқиб, таржимон ўз таржимасига кўпдан-кўп изоҳ ва шарҳлар битган. Булар асарни тушунишни осонлаштиради. Кейинчалик таржимон ўз тажрибалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда каттагина бир илмий мақола ҳам ёзди. У ўзбек тилида ҳам чоп этилди.
«Лисон ут-тайр»нинг асосий қисмини Ш.Шарипов, айрим бобларини В.Раҳмонов амалга оширган ҳозирги ўзбек тилидаги насрий баёни яратилди. Ана шу насрий баён канадалик таржимон Г.Дик ва ўзбекистонлик олим Н.Қамбаров томонидан биринчи бор инглиз тилига таржима қилинди. Орадан 3 йил ўтиб, «Лисон ут-тайр»нинг ана шу насрий баёни асосидаги иккинчи инглизча таржимаси дунёга келди. Бу сафар уни америкалик таржимон Д.Родҳивер ва ўзбек тилшуноси Ш.Азимов амалга оширди. Достонни кейинчалик Манзар (бу адиб ҳақида маълумотлар йўқ) ҳам ҳозирги ўзбек тилидаги насрий баёнини амалга оширган.
Навоий асарлари Туркия Республикасида профессор Камол Эраслан ташаббуси ва заҳматли меҳнати билан 10 жилдлик тарзида чоп этилган. «Лисон ут-тайр» унинг биринчи жилдини ташкил этган. Асар матни айнан, лекин лотин ёзуви асосидаги транскрипция йўли билан босилган, унга кўп изоҳлар илова қилинган. 2014 йили Варшавада Навоий «Лисон ут-тайр»асарининг Янош Кжижовский амалга оширган полякча таржимаси нашр этилди. «Лисон ут-тайр»нинг русча, полякча ва инглизча таржималари уларни ўзаро қиёслаш асносида тадқиқ этиш, шу тариқа ўзбек адабиёти юксак намунасининг ғарб оламига кириб бориши жараёнларини теран ёритиш имконини беради. Бу таржимашунослик ва қиёсий адабиётшунослик йўналишидаги ажойиб бир тадқиқотга мавзу бўлади.
Европа, жумладан, рус, поляк ва инглиз ўқувчисининг ислом дини, тасаввуф моҳияти ҳақидаги тасаввурлари қай даражада эканлигини кўз олдимизга келтириш унчалар қийин эмас. Аммо «Лисон ут-тайр»ни соф дунёвий маънода тушунган тақдирда ҳам, у ўқувчига камида бош, асл, бирламчи мақсадга етиш йўлида инсон қандай қилиб асосий бўлмаган, иккинчи даражали мақсадлардан воз кечиши мумкинлиги йўлини кўрсатади. Агар кимки бу дунёда, қайси соҳада бўлмасин, ўзини ўстириб, бошқалардан бир бош баландроқ поғонага кўтарилган бўлса, билингки, у умри давомида биринчи даражали мақсадга етиш учун иккинчи даражали мақсадлардан воз кечиш йўлидан юрган. «Лисон ут-тайр» шунга ўргатади. Шунинг учун ҳам бу достон жуда буюк асар. Умуман, «Мантиқ ут-тайр» ва туркий адабиёт» деган катта ва жиддий бир мавзу ҳам ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. «Мантиқ ут-тайр»нинг форс-тожик адабиётига таъсири» масаласи ҳам алоҳида бир мавзу.
Яна бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бошқа бир тильдаги асарни кўнгилдагидек ўгиришда таржима тилидаги миллий адабиётда шунга мос ва мувофиқ муайян анъаналар шаклланган бўлса, иш анча осон кечади. Тўғри, «Мантиқ ут-тайр» таъсирида «Лисон ут-тайр» дунёга келган. Лекин орадан 5 асрча вақт ўтганидан кейин «Мантиқ ут-тайр» ўзбек тилига ўгирилаётганда айнан ана шу «Лисон ут-тайр» анъаналари қўл келди. Чунки бизда рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида достон бор. Бу «Лисон ут-тайр».
Энг муҳими, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол «Мантиқ ут-тайр» таржимасига «Лисон ут-тайр»дан тўла бохабар ҳолда киришди. Таржима тилидаги миллий адабиётнинг бу ёдгорлиги таржимон учун таппа-тайёр адабий-лисоний хазина вазифасини ўтади. Бошқача айтганда, ўзбек адабиёти бисотида «Лисон ут-тайр» борлиги учун ҳам бу таржима равон бир маромда амалга ошган. Назарий жиҳатдан олиб қараганда, энди рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида битилган достони йўқ халқлар, мисол учун, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ёки, борингки, хакас, олтой, ёқут тилларига «Мантиқ ут-тайр»ни таржима қилиш мушкулотини кўз олдимизга келтирайлик. Гап фақат мушкулотда ҳам эмас. Тил ёки адабиётгина эмас, ҳатто китобхонда ҳам бу типдаги достонни бор латофати билан қабул қилиш кўникмалари ҳам йўқда. Бу тилларга Аттор достонидан бармоқ вазнига солиб ўгиришга тўғри келади. Бунда асарнинг бадиий жозибаси қанчалар бой берилишини ҳам тасаввур қилиш мумкин. «Лисон ут-тайр»нинг «Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил» мисрасидаги ғоя, аслида, тасаввуф учун янгилик эмас. Уни, масалан, шеърий йўл билан Жалолиддин Румий ёки бошқа шоирлар ҳам айтган. Жамол Камол шу «Мантиқ ут-тайр» таржимасида «Лисон ут-тайр»даги таппа-тайёр «қолип»нинг ўзидан фойдаланиб, биринчи сатрни “Ҳар не истарсен, дегил ондин азиз” дея бошлайди. Ҳолбуки, бугунги тильда бу маъно: «нимаики истасанг» тарзида ифодаланган бўлур эди. Шу таржимада иккинчи мисра «Ҳар не дерсан...» ва биринчи қатор «Ҳар не айтарсен...»[2] тарзида бошланади. Жамол Камол Румийнинг 6 дафтардан иборат «Маснавийи маънавий» асарини ҳам ўз вазни билан ўзбек тилига ўгирди. Бу ҳам айнан рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида битилган асар. Бунда ҳам шоирга «Лисон ут-тайр»нинг услубий анъаналари жуда қўл келган. Ҳатто тарихий иқлим (колорит)ни акс эттириш учун ҳам таржимон тилимизнинг «Лисон ут-тайр»даги мавжуд шаклларга суянади.
2005 йилда ушбу сатрлар муаллифи ва таниқли режиссёр Авлиёқули ҳамкорлигида «Лисон ут-тайр» спектакли сценарийси яратилди ҳамда Ўзбекистон ва бир неча хорижий давлат саҳналарида қўйилди. Бунда тамоман ўзига хос бир йўл тутилди. Спектакль ширу шакар усулида, яъни икки тильда – ўзбек ва тожик тилларида тайёрланди. Ўзбекча матнлар фақат «Лисон ут-тайр»дан, тожикча байтлар фақат «Мантиқ ут-тайр»дан айнан, яъни ҳеч қандай ўзгаришларсиз олинди. Аммо сценарий муаллифлари бу икки достон асосида тамоман ўзига хос сюжет яратишди.
«Лисон ут-тайр»нинг таъсири фақат адабиёт доираси билан чекланиб қолмади. Ўзбек рассомчилигида шу достон сюжетлари асосида кўплаб асарлар яратилган. Ўзбекистон санъат арбоби М.Бафоев ферия жанрида «Лисон ут-тайр»деган йирик асар яратди. Унда достон моҳияти мусиқа тили билан очиб берилади.
Буларнинг ҳаммаси буюк Навоийнинг ҳар бир достонини жаҳон адабиёти майдонидан туриб таҳлил қилиш вақти келганини кўрсатади.
Султонмурод Олим,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг