Лазиз Кудратов Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди
Жорий йилнинг 12 январь куни Ҳукумат делегациясининг Сингапурга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, CPG Corporation бош директори Винсент Ло билан музокаралар чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги лойиҳаларга Сингапурнинг тўғридан-тўғри сармоясини жалб этишга йўналтирилган қўшма инвестиция компаниясини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
«Сингапур Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор бўлиб, ишбилармон доираларнинг биргаликда иш олиб боришга қизиқиши ортиб бораётгани қўшма инвестициявий, саноат ва инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш учун янги имкониятлар очмоқда. Ўзбекистон томони бу соҳаларни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр», — деди Лазиз Кудратов.
Йиғилиш кун тартибидан Ўзбекистонда биофармацевтика корхонасини ташкил этиш, замонавий кўп тармоқли клиника қуриш, Сингапурнинг илғор таълим усулларидан фойдаланган ҳолда хусусий мактаблар очиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар, мазкур лойиҳаларни амалга оширишнинг босқичма-босқич механизмлари, аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларни ўз ичига олган Қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
«Oceanus Group» компанияси бош директори Питер Ко билан учрашувда мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар юксак баҳоланди.
«Oceanus Group» озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш, шунингдек, логистика хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Шу нуқтаи назардан, томонлар Ўзбекистондан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етказиб беришни ташкил этиш, шунингдек, Сингапур, Хитой ва ASEAN минтақаси бозорларига маҳаллий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқишга хизмат қиладиган қўшма экспорт компаниясини ташкил қилиш истиқболларини кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уни учинчи давлатларга экспорт қилиш учун Сингапурнинг етакчи компанияларини жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Худди шундай конструктив руҳда Сингапурнинг етакчи таълим муассасаларидан бири TMC Академияси бош директори Ли Чин Венг билан ҳам музокаралар олиб борилди.
Томонлар олий таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратдилар. Хусусан, Ўзбекистонда иккита янги университет кампусини ташкил этиш, шунингдек, республика ҳудудларида таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва ахборот, молиявий, блокчейн технологиялари ва киберхавфсизлик каби долзарб йўналишларни қамраб олувчи янги таълим дастурларини Ўзбекистонда жорий қилиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзаро ишонч руҳида ўтказилган учрашувлар кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқарилаётган лойиҳаларни самарали тарзда амалга ошириш мақсадида уларнинг айрим муҳим жиҳатларига эътибор қаратиш имконини берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг