Исроил Эрон билан урушга қанча пул тикди?

Иллюстратив фото
Эрон билан урушда Исроил давлати кунига миллионлаб долларларни сарфлаб юбормоқда. Таҳлилчилар ўртача кунлик харажатларни ва талафотларнинг қанчага тушиши мумкинлигини маълум қилган. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар қилди.
Жорий йилнинг 13 июнь куни Исроил форс давлатининг турли шаҳарларида ядровий иншоотларга ва Эрон олий ҳарбий раҳбариятининг жойлашувига кенг кўламли зарбалар беришни бошлади. Ҳужумларда Эрон бош штаб бошлиғи, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони, бир қанча юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ва тўққиз нафар эронлик ядро олими ҳалок бўлган.
Исроилнинг кунлик харажатлари ва талафот оқибатлари
Эрон ва Исроил ўртасида можаролар бошланганидан буён ҳужумларнинг катта қисми ҳаво орқали амалга оширилмоқда. Бунда Исроил ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситаларидан фойдаланишнинг ўзига кунига 200 миллион долларгача сарфламоқда. Шунингдек, Исроилдаги Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институти эксперти Егошуа Калинскийнинг айтишича, «Davidʼs Sling» деб номланувчи ҳаво мудофаа тизимини фаоллаштириш ҳар бир ҳолатда 700 миллион долларга тушади.
Бундан ташқари, «Strela-3» тизими орқали битта ракетани йўқ қилиш учун 4 миллион доллар сарфланади. Замонавий Ф-35 қирувчи самолётининг бир соатлик парвози эса 10 минг доллар дегани.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бир ойда Исроилга 12 миллиард долларга тушиши мумкин. Эрон зарбаларидан кейинги инфратузилма ва уй-жойларни тиклаш ишлари эса камида 400 миллион долларни талаб қилади. Бундай молиявий оғир юклама давлатнинг узоқ муддатга ҳарбий ҳаракатларни олиб бориш потенциалини кескин пасайтиради.
Собиқ мудофаа бўйича катта амалдор ва SAXAL штаб бошлиғининг молиявий маслаҳатчиси Реъем Аминач айтишича, Исроил Эронга қарши биргина 48 соатлик операцияда 1,45 миллиард доллар сарфлаган.
Ғазога қарши ҳужумларни унутмаслик керак
Исроилнинг Ғазога ҳужумлари фонида ҳам катта миқдорда харажатлар қилган. Бунда энг катта харажатлардан бири захира қўшинларини сафарбар қилишга йўналтирилган бўлиб, уруш давомида 300 мингдан ортиқ захира аскарлари актив ҳолатга келтирилган. 100 минг нафар аскарга бир кунлик иш ҳақи, логистика, озиқ-овқат ва яшаш харажатлари 27 миллион долларга тушган.
Исроил давлати Ғазодаги урушларда 2024 йил охирига келиб ҳарбий операциялар, фуқароларга ёрдам учун сарфланган маблағлар ва уруш туфайли иқтисодий узилишлардан келиб чиққан даромад йўқотишлари билан 67,5 миллиард доллар сарфлагани маълум қилинган эди.
АҚШ ҳам «ўйин»га қўшиладими?
Узоқ муддатли ҳарбий можаролар ва урушларда катта тажрибага эга бўлган Американинг Исроилга хайрихоҳлиги маълум. Бунда савол туғилади, АҚШ Исроилга ёрдамга келиши мумкинми?
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг истеъфодаги адмирали Жеймс Ставридиснинг фикрига кўра, Дональд Трамп дипломатия нимага эришишини кутишидан кўра, Эронга зарба бериши эҳтимоли кўпроқ. Шунингдек Трамп Теҳрондан сўзсиз таслим бўлишни талаб қилмоқда.
Масаланинг бошқа тарафида эса Американинг Яқин Шарқдаги объектлари – Ироқдаги махсус кучлар лагерлари, Форс кўрфазидаги ҳарбий базалар ва минтақадаги дипломатик миссиялар хавф остида, негаки, Эрон ушбу ҳудудларга зарба бериши мумкин. АҚШ бундай ҳужумлар эҳтимолини ҳисобга олиб, дипломатик ходимларнинг бир қисмини минтақадан олиб кетди.
Эронни қўллаб-қувватловчи кучлар – «ҲАМАС» ва «Ҳизбуллоҳ» анча кучсизланган, аммо Ироқдаги иттифоқчи қуролли тузилмалар сафда қолмоқда ва ҳали ҳам таҳдид солувчи кучга эга.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу эса АҚШни Эронга қарши курашга тортиш ҳаракатида. Бунга сабаб Эроннинг анча чуқур жойлашган ядровий объектлари (айниқса, Фордо уранни бойитиш заводи)ни вайрон қила оладиган бомбардимончи самолётлар ва махсус тешиб ўтувчи ўқ-дорилар фақат АҚШда бор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда нутқ сўзлади
- Нодавлат олий таълим муассасалари устав фондини камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт – Вазирлар Маҳкамаси қарори
- «Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди
- Етакчилар «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига борди
- «Халқ сўзи» бўлим муҳаррири «Олтин қалам» мукофоти соҳиби бўлди
- Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли якунланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг