Кумуш юрган кўчаларда...

16:33 11 Декабрь 2024 Жамият
166 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Марғилонда авлоддан авлодга ўтиб келаётган бир ривоят бор. Эмишки, бир пайтлар ушбу диёрнинг тиниқ булоқ сувларини ичиш учун самодан тушган фаришталар шу ерлик ойчеҳраларнинг ўзлариникидан ҳам кўркам ҳуснига маҳлиё бўлиб, ортга қайтиб кетиши олмай қолган. Ўшандан буён бедор қалбли ошиқ қалблар чиройли матолар тўқишади, айтишларича, ҳунарманд усталар матолар андозасини ўша паривашларнинг гўзал қиёфасидан кўчирар эмишлар...

Ипакчилар шаҳрининг машҳур Ўрам чойхонаси атрофидаги эски маҳаллада яшовчи, узоқ йиллар маданият соҳасида фаолият кўрсатган 100 ёшли Бадриддин ота Фозиловнинг қайд этишича, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар“ романи бош қаҳрамони Кумушни бежиз Марғилондан топмаган эди. Боиси асарни ёзиш асносида улуғ адиб бу шаҳарга жуда кўп келган, нуронийлар билан суҳбатлашган, хаёлан Кумуш юрган йўлларда сайр қилган. Бўзчи Алимқул ҳам Қодирийнинг яқин дўсти бўлгани тахмин қилиниши ҳам бежиз эмас.

Кумушбиби саҳар уйғониб, уйи этагидан оқиб ўтган ариқ бўйида чўнқайиб ўтирди. Ариқда шилдираб оқаётган сув шу ерга келганда, тўпланиб, гирдоб ҳосил қилди. Чиройига маҳлиё бўлиб, Кумуш юзини юваётганда, панжалари орасидан тўкилаётган сув дод, дея ариққа тушяпти, пўртана-пўртана бўлиб, гирдоб ҳосил қиляпти...

Бу тасвирларда нақадар кучли поэзия бор. Бундай ўхшатиш туфайли ҳар қандай китобхон Кумуш ишқида ошиқу беқарор бўлиб қолиши табиийдир.

— Ҳозирги Буюк ипак йўли кўчаси, Педагогика коллежи, Ҳунармандлар маркази, Саид Аҳмад Хўжа мақбараси атрофларида шаҳарнинг қадимий маҳаллалари бўлган, — дейди таниқли ижодкор, салкам 80 ёшни қаршилаётган Исмоил Маҳмуд. — Шу ҳудуд бўйлаб кетган эски йўл Хўжа Маоз зиёратгоҳига туташади, Гўриаввал, Хўжамағиз маҳаллалари шу яқин атрофда жойлашган. Демак, Абдулла Қодирий ўз қаҳрамонлари прототипларини шу кўчалардан топган бўлса керак.

Бир пайтда Кумушбиби юрган кўчалар йўналиши бўйлаб маршрут ишлаб чиқишни мақсад қилгандим. Аммо баъзи сабабларга кўра, бу ишни охирига етказиш имкони бўлмади. Маълум бўлишича, ҳозирда бундай йўналиш яратиш юзасидан саъй-ҳаракатлар бошланган. Марғилонда зиёрат туризмини ривожлантиришда бу муҳим аҳамиятга эга.

Темир йўл вокзалидан шаҳар марказига қараб юрганда 11-умумий ўрта таълим мактаби бор. Шу мактаб яқинидаги кўчада “Ўткан кунлар“ съёмка қилинган. Маҳалла нуронийлари кинони тасвирга тушириш жараёни билан боғлиқ хотираларни жуда яхши эслашади.

— Йўрмадўз маҳалласининг Тақачилик кўчасида катта бўлганман, — дейди меҳнат фахрийси Маъмура Абдураҳимова. — Кўчамиз бошидаги йўл бўйича Тожимамат уста яшарди. Жаҳонгашта тақачи устанинг пўлат сандони бўларди. Отахон бизга қуйидаги ҳикояни ўзгача мароқ билан сўзлаб берарди:

— Бир куни кечаси кўча эшигим тақиллаб қолди. Деразадан қарасам шляпалик одам кўринди. Рости қўрқиб кетдим. У пайтлар қама-қама замонидан юрак олдириб қўйгандик. Жойнамозимни тахмонга яширдим. Китобларим орасида “Ўткан кунлар“ ҳам бор эди, униям беркитдим. Юрагимни ҳовучлаб эшикни очсам, мен “Ўткан кунлар“ кинофильмини суратга олаётган режиссёрман.(адашмасам Латиф Файзиевмиди), дея ўзини таништирди.

Съёмка жараёнида музейдан олган кишан Отабек билан Қутидорга оғирлик қилаётган экан. Бир икки кун ичида бизга енгил, оёқ-қўлни оғритмайдиган кишан ясаб берсангиз деди. Кечаю кундуз ишладим. Бармоқларим қабарди. Эсингизда бўлса Отабек билан Қутидорни дорга олиб кетаётган эпизод бор. Уларнинг кишанларини мен ясаганман.

Уста съёмка жараёни ҳақида қизиқ воқеаларни сўзлаб берарди. У кишининг таъбирича, Кумуш айнан шу кўчалардан юрган. Марғилонда ташқи ва ички ҳовлилар ипак мато билан ажратилган бўлади. Қиблага қиялатиб қурилган айвонли уйлар ҳам кинода учрайди. Офтобойим марғилонлик аёлларнинг типик вакиласи. Отабекнинг бошига хўб ярашган дўппини ҳам Офтобойим ва Кумушбибилар тиккан.

— Марғилонликлар азалдан чорҳунар, болаларнинг манглайи ҳунар билан кўтарилади, — дейди машҳур чевар Озода Мадаминова. — Шаҳар аҳли маданият, санъатга ҳам ишқибоз. Ҳунармандлари ичида ғазал ўқимайдигани кам топилади.

Бугунги кунда ҳам шаҳардаги ҳар бир маҳалла ҳунарнинг у ёки бу турига ихтисослашган. Шу тариқа новвойлар, қандолатчилар, чеварлар, косиблар, заргарлар, темирчилар, тақачилар, атласчию адрас, тўн тўқувчилар, дўппи тикувчилар маҳаллаларининг ҳавас қилса арзийдиган тарихи бор. Ота-боболар, момолардан мерос анъаналар меҳр билан давом эттирилмоқда.

Дарҳақиқат, марғилонликларнинг мумтоз адабиёт, санъатга меҳри юксаклиги бор гап. Ўн саккиз ёшли қизнинг Фузулийдан “бошини кўтаролмай“ ўқиши Кумушнинг ниҳоятда саводхонлигидан, адабиёт ва назм тилини юксак фасоҳат билан тушуна олишидан далолат беради.

Отабек мадраса кўрган йигит эди. Лекин Кумуш онасининг мадрасасида таҳсил олганди. Бугунги кунга қадар Фузулийни теран тушунадиган адабиётшунослар бармоқ билан санарли бўлса, оддий уй бекаси, Отабекнинг завжаси Кумушнинг Фузулий ғазалиётига бундай мурожаати ўқувчини лол қолдиради.

Марғилонлик ёш ижодкор Аҳрор Зиёдов сунъий интеллект ёрдамида рамзий маънода Кумуш юрган кўчалар тимсолини яратди. Балки бу тасвирларда миллий хусусиятларни тўлиқ акс эттириш имкони йўқдир, бироқ сунъий идрок тасаввури барибир ҳайратга сазовор.

Аёнки, Кумушбибига хос ва халқимизнинг энг гўзал фазилатларини ўзида мужассам этган ибо, ҳаё, шарқона латофат асло завол билмасдир. Бу каби эзгу хислатлар ҳали қанчадан-қанча янги авлодлар қалбида ана шундай покиза ва бокира туйғуларни тарбиялайверади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер