“Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!”
Бутун тарих воқелиги — Ер юзида цивилизацияларнинг рўй бериши ва тамаддунлар инқирози, башарият тараққиёти ва заволи таҳлили киши учун яхлит бир хулосани беради: маънан баркамол, ватанпарвар инсонгина эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайди, унинг порлоқ келажаги учун курашади, кези келса, бу йўлда ўз жонини ҳам аямайди.
Бугунги мураккаб, инсон онгига, эркига, мамлакатлар мустақиллиги ва тараққиётига тажовузлар кучайган даврда Ватан ва халқ тақдирини ўз тақдири деб биладиган, унинг тинчлиги, озодлиги йўлида кўкрагини қалқон қиладиган, мард ва жасур авлодни тарбиялаш ғоят долзарблик касб этмоқда.
Ишонч инқирози
2023 йил 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олиш билан бирга, айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бераётгани, ўта зиддиятли вазиятларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани қайд этилди.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги воқеликлар — рус шовинистларининг, империячилик васвасасига дучор бўлган кимсаларнинг Ўзбекистон суверенитети, озодлигига кўз олайтириши, минг йиллар давомида яшаб келаётган халқимиз тарихини камситиши минтақамизда янги кескинлик ўчоғини яратиш, миллатлар ва конфессиялар ўртасида қарама-қаршиликларни пайдо қилишдек чиркин мақсадларни кўзлагани билан хатарли.
Бундай нохуш ҳолатлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарига, ўзаро ишончга путур етказиши мумкинлиги ачинарли.
Кўпни кўрган, не-не синовларни бошдан ўтказган халқимиз бундай таҳдидлардан таҳликага, саросимага тушмайди. Донишмандлик, босиқлик билан, айни чоғда муносиб, жўяли жавоблар қайтаради. Энг катта бойлиги — озодлиги, Ватан мустақиллиги, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини осонликча бой бериб қўймайди. Мамлакатимиз барча дипломатик чораларни кўради.
Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган.
Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!
Эрксевар шоир, жадид бобомиз Чўлпоннинг ғазаб ва нафратга тўла ушбу ҳайқириғи халқимизга абадий хўжа бўлмоқ истаган кучларга нисбатан оташин жавобдир.
Ўзбекистон ҳамиша тинчлик, тотувлик тарафдори бўлиб келган. Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида “ишонч инқирози” ва “халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш” туфайли дунёда кескинлик ортиб бораётганини таъкидлар экан, мамлакатларни “умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда” жипслашишга чақиргани бежиз эмас.
Бинобарин, жаҳонда геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезиляпти.
Бир минтақа — бир тақдир
Тарихдан маълумки, дунёнинг “юраги”да, цивилизациялар чорраҳасида жойлашган, табиий бойликларга кон минтақамизга ҳоким бўлиш, бу ўлкада яшовчи халқларни ўзига бўйсундириш орзуси не-не саркардаларнинг тинчини ўғирлаган. Уларнинг ана шундай манфур ниятлари эл-юрт бошига қанчадан-қанча ғавғоларни, азоб-уқубатларни солмаган дейсиз?! Жумладан, Марказий Осиё халқлари салкам бир ярим аср давомида мустамлака ҳолида умр кечирди. Рус босқинчиларига қарам бўлди, улар учун ишлади, соғлиғидан, орзуларидан айрилди. Зулму ситамларга бардош бериб, ёруғ кунларга умид билан яшади, интилди. Бу йўлда қанча-қанча қонлар тўкди, неча-неча жонларни бой берди. Ниҳоят, халқларимизнинг пешонасига яна офтоб тегди — истиқлолга эришди.
Ўтмиш сабоқлари англатадики, минтақамизда яшовчи миллатларнинг қувончи ҳам, қайғуси ҳам, орзуси ҳам, армони ҳам бир бўлиб келган ва бугун ҳам шундай. Ўзбекнинг бахти — қозоқнинг ҳам, қирғизнинг ҳам, тожикнинг ҳам, туркманнинг ҳам саодати ёки аксинча... Худо кўрсатмасин! Қисқача айтганда, бир минтақа — бир тақдир.
Тан олишимиз керак: минтақамиз бугунги кунда ҳам йирик давлатларнинг геосиёсий манфаатлари ва яширин даъволари ўзаро тўқнашадиган жозибадор жой бўлиб қолмоқда.
Шу боис агар Марказий Осиё давлатлари ўз суверенитети ва давлат мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, минтақада ижобий сиёсий вазиятни яратиш учун зарур чораларни кўрмаса, йирик кучларнинг ўзаро рақобати кескинлик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Марказий Осиёдаги жараёнларда иштирок этаётган йирик давлатларнинг манфаатлари турлича, улар баъзан умумий нуқталарга эга бўлиш билан бирга, айрим ҳолларда ўзаро зиддиятли ҳамдир. Шубҳасиз, бундай давлатларнинг интилишлари тўқнашуви минтақа мамлакатлари манфаатларига жавоб бермайди, чунки улар Марказий Осиё давлатлари олдига баъзан “геосиёсий танлов” шартини қўяди ва бунда бир томонга ёндашиш бошқа томон билан муносабатларни бузиши мумкин.
Табиийки, ҳар қандай суверен давлат халқаро майдонда ташқи кучларнинг манфаатларига қараб эмас, ўз эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда эмин-эркин ҳаракат қилишни, ўз иродасини турли томонлар босимига бўйсундирмасликни хоҳлайди. Аммо йирик давлатлар бизга нисбатан ҳам “ё биз билан бўлинг ёки улар билан” деган очиқдан-очиқ таҳдидлар билдиришга ўтди. Миллий республикаларни таъсир доирасида сақлаб қолиш учун барча чорани кўраётган, бунинг учун эса ўзаро муносабатларда турли “иттифоқлар” ғояларини зўр бериб тиқиштираётган, сиёсий, иқтисодий ва бошқа тазйиқлар ўтказилаётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбари бу уринишларнинг беҳудалигини ошкора эътироф этди. Ўзбекистон иккинчи даражали ролга асло рози бўлмайди. Ёки узоқ хориждаги айрим йирик сиёсий марказларнинг яқин шерикларимиз билан ҳамкорликдан қайтаришга уринишлари ҳам бўляптики, мамлакатимиз бундай босимларга асло ён бермайди.
Ташқи сиёсатимиз ана шундай вазиятларнинг олдини олишга, миллий манфаатлар поймол бўлишига йўл қўймасликка, Ўзбекистон билан шерикликдан манфаатдор ҳар бир томон учун тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлашга қаратилган.
Бу мақсадга эришиш омиллари сирасига яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан мувозанатли стратегик шериклик тизимини шакллантириш, қўшни давлатлар билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, глобал даражада кескин ўзгаришларнинг кенг миқёсдаги таъсирини юмшатишга ёрдам берадиган барқарор минтақавий хавфсизлик тизимини барпо этиш каби йўналишлар киради.
Масалан, Ўзбекистон ҳам Шарқ, ҳам Ғарб, ҳам Шимол, ҳам Жанубдаги давлатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ҳам бу борада муҳим роль ўйнайди. Шубҳасиз, Ўзбекистон дунёнинг йирик давлатлари рақобати минтақамиз мамлакатлари учун салбий оқибатларга олиб келишини истамайди. Позициямиз, аввало, миллий манфаатларимиз, минтақа хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш зарурати билан боғлиқ. Яъни Ўзбекистон минтақадаги барча кучларнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик макони бўлиш тарафдори ҳисобланиб, тенг ҳуқуқли ва муштарак манфаатлар асосига қурилган ўз ташқи сиёсатида қатъий турибди.
Қисқаси, Ўзбекистон мустақил ва ўзаро манфаатдорликка асосланган сиёсатини давом эттираверади. Халқимизнинг манфаатлари биринчи ўринга қўйилаверади. Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат асосида ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмайди. Биз суверенитетни ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишнинг умумэътироф этилган халқаро меъёрлари ва тамойиллари асосида ташқи сиёсатдаги шерикларимиз билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни амалга ошираверамиз.
Энг олий неъмат
Барча даврларда халқларнинг ўз мустақиллигини сақлаб қолиши ғоят мураккаб кечган. Бу йўлда қанчадан-қанча жонлар фидо қилинган.
Шукрки, Ўзбекистон бундан қарийб ўттиз уч йил олдин турли қон тўкишларсиз, демократик ва тинчлик йўли билан истиқлолга эришди. Бироқ мана шу бахтга ҳеч қандай йўқотишларсиз етишди дея олмаймиз. Мустамлака шароитида халқимизнинг жони ҳам, моли ҳам таланди, оёқости қилинди. Пахта далаларида эртаю кеч худди қулдек ишлатилди.
Юртимизда олиб борилган пахта сиёсати халқимиз пешонасига ёзилган бало бўлди. Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди.
Бугун мустақилликни сақлаб қолиш барча суверен давлатлар учун ниҳоятда мураккаб кечаётгани аён. Қанчалик қийин бўлмасин, Ўзбекистон танлаб олган ўз йўлидан оғишмай олға интилмоқда.
Ҳозирги кунда эрксизлик даври қолдирган барча асоратлардан буткул қутулишга интилмоқдамиз. Жумладан, пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта “ўлпони”дан озод бўлди, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Ўзбекистон халқаро “қора рўйхат”лардан чиқарилди.
Истиқлол туфайли, Президентимизнинг сиёсий иродаси билан бошланган ислоҳотлар боис янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Халқаро майдонда Ватанимизга нисбатан ҳурмат ва эътибор ошди. Қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатилди. Йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар изчил ҳал этиляпти. Бунинг натижасида Марказий Осиё давлатлари билан барча соҳадаги алоқаларимиз янги босқичга чиқди.
Истиқлол халқ ва миллатнинг ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш, истиқболини ўзи белгилаш, миллий давлатчиликни барпо этиш, ички ва ташқи сиёсатни дахлсиз олиб бориш, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган жамият қуриш имконини берди.
Афсуски, глобал дунёда ёш мустақил давлатларни танлаб олган тараққиёт йўлидан, орзу-мақсадларига эришиш, янги жамият қуриш йўлидан қайтариш уринишлари тинганича йўқ. Бу йўлда айрим сиёсий марказлар, йирик кучлар, аввало, мустақил дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларнинг қалби ва онги мўртлигидан фойдаланиб, уларнинг маънавиятини бузишга, халқ тарихи, урф-одатлари, қадриятларига беписанд муносабатни шакллантиришга, ҳавойи мақсадлар, мағзи пуч ғоялар билан чалғитиб, ўзининг ғаразли ниятларини амалга ошириш йўлида қурол қилиб олишга уринмоқда.
Бугунги қийин ва зиддиятли бир пайтда, мамлакатимиз сарҳадига яқин жойларда урушлар рўй бериб, қон тўкилиб турган бир вазиятда Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланиб, инсон учун энг олий неъмат — яшаш ва осойишта ҳаёт кечириш ҳуқуқи тўла кафолатланган. Шундай экан, осуда ҳаётимизни, эрку саодатимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Онгу қалб мудофааси
Ватанимиз олдида турган энг эзгу мақсадлар — мамлакатимизнинг келажаги, эркин ва фаровон ҳаётимиз, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган ёшларнинг қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ.
Бугун дунё ва атрофимизда кечаётган мураккаб жараёнлар, у ёки бу мамлакатда ирқчилик, миллатчилик, шовинистик, диний тоқатсизлик кўринишидаги жиноятларнинг ортиб бораётгани, алкоголь ичимликлар, гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилаётган ёшлар сони кўпаяётгани, маънавият ва тарбия масалаларига эътиборсизлик ҳар қандай давлат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини хавф остига қўйиши ва охир-оқибатда жамиятни таназзулга етаклаши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Экспертлар фикрича, маънавият соҳасида бўшлиқ пайдо бўлиши жиноятчилик кўламининг ошишига сабаб бўларкан. Афсуски, ана шу бўшлиқ ортидан бугун дунёнинг бир қатор мамлакатларида оила ва жамият ҳаёти жиддий хавф остида қолаётир. Биз ҳам бундай хатарлардан холи эмасмиз. Инсонийлик ақидаларига мос келмайдиган турли бузғунчилик, ваҳшийлик, зўравонликлар тасвирга туширилган кинофильмлар, маънисиз сериаллар, ОАВ ва интернет орқали тарғиб этилаётган “беҳаё саҳналар” ёшлар тарбиясини бузишга хизмат қиляпти холос. Бундай урфларни кўз-кўзлаш ортида одамни фақат ҳайвоний нафс билан яшайдиган жонзотга айлантиришдек тубан мақсадларни кўзда тутаётган катта куч, хатарли мафкура борлигидан асло кўз юмиб бўлмайди.
Шунинг учун ушбу муаммони кенг миқёсда, ҳаётимизга дахлдор масала сифатида ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш мақсадга мувофиқ. Жаҳоннинг қайси бурчагида бўлмасин, маънавиятга қарши таҳдид пайдо бўладиган бўлса, ўзининг бугунги куни ва эртанги истиқболини ўйлаб яшайдиган ҳар бир онгли инсон, ҳар бир халқ ташвишга тушиши, унинг олдини олиш учун керакли чораларни кўриши шарт.
Мана шундай таҳликали шароитда биз барқарорлик ва хавфсизлигимизга зиён етказадиган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга кескин қарши туришимиз лозим. Айни вақтда шуни эътироф этиш керакки, мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишидан манфаатдор бўлмаган турли бузғунчи ташқи кучларга асосли жавобларимиз, самарали тадбирларимиз доим шай бўлиши шарт. Халқимиз янада жипслашиши, бир мушт бўлиб уларга қарши туриши керак.
Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фарзандларимиз ва набираларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун метин ирода, жипслик ва якдиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир.
Дарҳақиқат, мамлакат хавфсизлиги онгу қалб мудофаасидан бошланиши назарда тутилиб, юртимизда маънавий-маърифий ислоҳотлар янги суръат билан давом эттирилмоқда. Бу борадаги ишларни изчил йўлга қўйиш учун ҳар қандай маблағ, куч, вақт аялмаяпти.
Зотан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси — бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси — аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”.
Жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш, ёшларда одоб-ахлоқ, бировнинг ҳақидан қўрқиш, Ватанга садоқат, ота-она, устоз-мураббийларга ҳурмат-эҳтиром, ён қўшнилар билан самимий муносабат, саховат ва бағрикенглик тамойилларини кучайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ана шу улуғ мақсадни кўзлагани билан аҳамиятлидир.
Бугун китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ниҳоятда долзарб. Китобхонлик — халқимиз даҳоси яратган бебаҳо бойликни, азалий қадриятларимиз ва умуминсоний фазилатларни, аждодларимиз меросини онгу қалбга сингдиришнинг энг самарали йўли. Ёшларимизни мутолаага ўргатмасак, уларда билим ва ҳалолликка муҳаббат, меҳнатсеварликни тарбияламасак, барча соҳада эришишга интилаётган марраларимиз биздан узоқлашиб бораверади.
Илм ва яхши ахлоқ — саодат калити
Эртанги кун эгалари тарбияси маънавият соҳаси, матбуот ва ОАВ, зиёлилардан жамият олдидаги ўз маънавий бурчини астойдил ҳис этишни, касбга янада масъулият ва фидойилик билан ёндашувни, миллий манфаатларимизнинг том маънодаги ҳимоячисига айланишни талаб этади. Ўзини юртпарвар деб билган ҳар бир зиёлининг Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг халқаро майдонда муносиб обрў-эътибор қозониши, бугунги нотинч замонда, айниқса, ён-атрофимиздаги вазият кескинлашиб бораётган бир пайтда она юртимизни асраб-авайлаш, дўстни душмандан, оқни қорадан ажратишга, аҳолимизни доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга даъват этишда ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида аҳамиятга эга.
Бугун огоҳлик ва ҳушёрлик — ҳар бир юртдошимизнинг кундалик қоидасига айланиши шарт. Бу ҳақда мулоҳаза юритганда, эрамиздан аввалги VI асрда яшаган Хитой файласуфи Сун Цзи ўз қўлланмаларида қайд этган маънавий ва ахборий хуружларнинг услублари ёдга келади. Файласуф ғанимни енгиш учун “душманингиз мамлакатидаги ҳамма яхши нарсаларни пароканда қилинг, раҳбарлар обрўсини тўкинг ва ўрни келганда уларни жамоатчилик олдида изза қилинг, шу мақсадда энг қабиҳ ва разил кишилар билан ҳамкорликдан фойдаланинг, фуқаролари орасида низо ва тўқнашувлар келтириб чиқаринг, ахборот ва шериклар сотиб олиш учун таклиф ва совғаларга сахий бўлинг, ёшларни кексаларга гиж-гижланг, умуман, пулни ҳам, ваъдаларни ҳам аяманг, чунки улар ажойиб натижалар беради”, дейди.
Биз бугун дунё деб аталмиш улкан саҳнада ана шундай сценарийлар кун сайин сайқалланаётганига, ривожлантирилаётганига, ёшлар гиж-гижланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Демак, жаҳонда турли хуружлар ҳалигача тинмаётган, аксинча, ҳам шаклан, ҳам мазмунан кенгайтириб борилаётган экан, ҳаётга очиқ назар билан қараш, доимо сергаклик, маънавий уйғоқлик ҳар биримиз учун муқаддас бурч бўлиб қолаверади. Ижодкор зиёлилар, маънавиятчиларнинг жамият олдидаги масъулияти, жавобгарлиги янада кучаяди.
Бу шуни ҳам кўрсатадики, биз учун айни пайтда катта ёки кичик, аҳамиятли ёки аҳамиятсиз мавзунинг ўзи қолмаган. Яна бир гап. Ҳар бир юртдошимиз ўзининг, оиласининг тақдири ва эртанги куни учун ривожланиш йўлимизда ғов бўлиб турган тўсиқларга қарши қатъий кураш олиб бориши керак.
Мутафаккирларнинг “давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади”, деган ҳикматли сўзлари жудаям ўринли айтилган. Чунки таълимни, маънавиятни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққиётга эришиб бўлмайди. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълим-тарбиядир. Бугун ҳаётга мана шундай ёндашувни замоннинг ўзи тақозо этмоқда ва бу кескин талаблардан юз ўгириб бўлмайди.
Бу ўринда гап қандайдир тарғибот-ташвиқот ҳақида эмас, балки одамларнинг кўнгил кўзини очиш, уларнинг қалби ва онгида мустақил фикр уйғотиш ҳақида бормоқда. Чунки ҳозирги даврда, халқаро майдонда турли сиёсий манфаатлар тўқнашаётган мураккаб бир шароитда фақат ўз фикри, ўз ҳаётий позициясига эга бўлган, маънавиятли, комил халқ ва жамият енгилмас кучга айланиб, ўз келажагини ўз қўли ва ақл-заковати билан қуришга қодир бўлади. Шу нуқтаи назардан, юртдошларимизни давлат қурилиш тизими, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳадаги ислоҳотлар, мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш жараёнларидан хабардор қилиш билан бирга, Ўзбекистон манфаати ҳар биримиз учун бирламчи эканини доимо англатиб турувчи жарчиларга айланмоғимиз шарт.
Давлат тепасига келган ҳар бир раҳбар маълум ислоҳотларни амалга оширишга, ички ва ташқи сиёсатда янгича йўл қидиришга ҳаракат қилади, албатта. Аммо халқнинг, миллатнинг руҳига, орзу-интилишларига, мақсад-муддаосига мос, иқтисодий, маънавий асослари мустаҳкам ислоҳотларгина амалга ошади, халқ турмуш тарзига таъсир кўрсатади. Қуруқ, баландпарвоз, таг-замини пуч ваъдалардан иборат ислоҳотлар эса қоғознинг ўзида қолиб кетади.
Президент Шавкат Мирзиёев биз эскича яшай олмаймиз, ортга қайтмаймиз, инсон қадри учун курашамиз, мустақилликни кўз қорачиғидек асраймиз, деган улуғ мақсадларни кун тартибига қўйди. Бу — халқнинг тили ва дилидаги гап, пишиб етилган мақсад. Демак, турли соҳаларга масъул этиб қўйилган раҳбарлар ўзини, фаолиятини танқидий кўз билан яна бир бор қайта таҳлилдан ўтказиши, жавобгарликни янада чуқурроқ ҳис этиши мақсадга мувофиқдир.
Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр — мингни
Истиқлолни, тинчликни асрашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун кучли маънавиятга эга халқ билан бирга, ҳарбий-жанговар салоҳияти юқори ва юксак маънавий салоҳиятли Қуролли Кучлар ҳам зарур.
Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди. Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди.
Дунёда юзага келган ҳозирги мураккаб вазиятда Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини, унинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни асраб-авайлашда аскарларимизнинг маънавий салоҳиятини, ватанпарварлигини юксалтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор бериляпти.
Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланди. Ушбу стратегия асосида Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини амалга ошириш, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилинди.
2022 йилдан буён ҳарбий қисмларда “Амир Темур жанговар байроғи учун” мусобақалари ўтказилмоқда. Қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш, ҳарбий анъаналарни янада мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизга муносиб, мард ва жасур, билимли ва жисмонан бақувват Ватан ҳимоячиларини тарбиялашда ушбу мусобақалар беқиёс аҳамиятга эга.
Айни вақтда азму шижоатли аскарларимиз халқаро майдонларда ўтказилаётган кўплаб нуфузли ҳарбий мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани, жумладан, Халқаро армия ўйинлари, “Кембрия патрули” ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради, қалбимизни фахрга тўлдиради.
Шу билан бирга, Ватанимизнинг бўлғуси қалқонларини — ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий аҳамият берилмоқда.
Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар Қуролли Кучларнинг жанговар ҳаракатлар жараёнида илгари амалда қўлланилмаган қуроллардан фойдаланадиган кучларга қарши кураша олиш қобилиятини оширишни, билим ва салоҳият, дунёқараш ва сергаклигини юксалтиришни тақозо этяпти. Бундай шароитда, аввало, жанговар ҳаракатларнинг самарали шакл ва усулларини тадқиқ ҳамда татбиқ этиш, ҳарбий таълим дастурларини илғор тажриба асосида янгилаш, педагоглар малакасини ошириш, Ватан ҳимоячиларининг ахлоқий-руҳий ва жанговар тайёргарлигини янада кучайтириш чораларини изчил давом эттириш талаб қилинади.
Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, енгилмас саркардаларимиз тажрибаси, жасорати, уларнинг “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр — мингни” деган доно ўгитлари ҳарбий таълим соҳаси ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда асосий шиорга айлантирилиши ғоят муҳим. Бу борадаги ишларда “Халқ ва армия — бир тану бир жондир” деган тамойилдан келиб чиқиб давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳарбий-маъмурий секторлар ва кенг жамоатчилик ҳамкорлиги кутилган самарани беришига ишончимиз комил.
Мухтасар айтганда, мудофаа соҳаси инсоннинг маънавий оламини асраш билан чамбарчас боғлиқдир. Зотан, киши танасининг ҳам, жонининг ҳам, онгу қалби, руҳининг ҳам хавфсиз эканини билиб, теран ҳис қилиб турса, хотиржам яшайди, ҳаётидан рози бўлади. Эртанги кунга ишонч билан боқади. Чинакам бахт-саодатни туяди.
Бундай толе, ҳаловат, тўкис турмуш барқарорлиги учун эса халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтаришимиз лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!
Иқбол МИРЗААЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
Жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик
палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари
қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг