Кўзга кўринмас душман: тарихдаги энг даҳшатли пандемиялар
Инсоният тарихи давомида пандемиялар миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган, жамиятларни тубдан ўзгартирган ва давлатларни жиддий синовдан ўтказган. Айрим касалликлар нафақат инсон саломатлиги, балки иқтисод, сиёсат ва ижтимоий ҳаётга ҳам улкан таъсир кўрсатган. Қуйида тарихдаги энг талaфотли пандемиялар, уларнинг келиб чиқиши, тарқалиши ва оқибатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Афина вабоси (милоддан аввалги 430–426 йиллар)

Афина вабоси милоддан аввалги V асрда Пелопоннес уруши даврида ҳозирги Афина шаҳри ва атрофида тарқалган бўлиб, Эфиопия томонларидан келгани тахмин қилинади. Аммо касалликнинг қўзғатувчиси аниқланмаган. Бу вабо бир неча йил давом этган ва шаҳар аҳолисининг тахминан 25 фоизини ҳалок қилган.
Афина аҳолисининг зич жойлашуви ва уруш шароити тарқалишни тезлаштирган, бу эса шаҳар ҳаётининг издан чиқишига, ижтимоий қўрқувнинг авж олишига ва давлат бошқарувида изчиллик йўқолишига олиб келган. Иқтисодий зарарлар аниқ ҳисобланмаган бўлса-да, Афинанинг ҳарбий ва сиёсий заифлашуви айнан шу касаллик билан боғланган.
Антонин вабоси (165–180 йиллар)

Милодий II асрда пайдо бўлган Антонин вабоси Шарқий юришлардан қайтган рим легионерлари орқали ҳозирги Ироқ ҳудудидан Рим империясига кириб келган. Тадқиқотчилар бу пандемияга чечак вируси (Variola virus) сабаб бўлганини қайд этишади. Касаллик 15 йилга яқин давом этган ва бутун империя бўйлаб тарқалган, тахминларга кўра 5 миллионга яқин инсонни бу ҳаётдан олиб кетган, жумладан император Марк Аврелий ҳам қурбонлар қаторида.
Бу жараён аҳоли сонининг кескин камайишига, ишлаб чиқариш ва ҳарбий қудратнинг сусайишига олиб келган ва Рим империясининг таназзулини тезлаштирган омиллардан бири бўлган.
Юстиниан вабоси (541–543 йиллар)

VI асрда Юстиниан императори даврида Юстиниан вабоси Миср орқали Ўрта ер денгизи ҳудудларига тарқалган. Ушбу касалликни қўзғатувчиси Yersinia pestis бактерияси бўлган. Мазкур бактерия асосан каламушлар ва бургалар орқали инсонга юққан. Пандемия икки йил ичида Ўрта ер денгизи ҳудудини қамраб олган ва бир неча тўлқинларда кечган, бу эса манбаларга кўра аҳоли сонининг 30–60 фоизини “ёстиғини қуритган” (айрим тадқиқотларда бу рақам 25 миллиондан 50 миллионгача етиши мумкин дейилади.
Оқибатда савдо йўллари издан чиққан, шаҳарлар бўшаб қолган ва бу давлат молия тизимига катта зарба берган. Натижада Византия империясининг сиёсий ва иқтисодий заифлашуви сезиларли даражага етган.
“Қора ўлим” (1346–1353 йиллар)

XIV асрда Марказий Осиёдан Европага кирган “Қора ўлим” тарихдаги энг ҳалокатли пандемия ҳисобланади. Унинг қўзғатувчиси ҳам Yersinia pestis бўлиб, тарқалиши каламушлар ва бургалар орқали амалга ошган. Пандемия 7 йил давом этган ва Европа, Осиё ҳамда Африканинг катта қисмини қамраб олган. Тахминан 200 миллион киши ҳалок бўлган, бу Европа аҳолисининг 60 фоизга яқини вафот этганини англатади.
Жамиятда қўрқув, диний мутаассиблик ва сохта даволаш усуллари авж олган, бир вақтнинг ўзида меҳнат ресурслари камайиши технологиялар ривожига туртки бўлган.
Холера пандемиялари (1817 йилдан ҳозиргача)

Холера пандемиялари 1817 йилда Ҳиндистонда бошланган ва қўзғатувчи Vibrio cholerae бактерияси орқали ифлосланган сувни ичиш туфайли тарқалган. 1817–1923 йиллар орасида олтита пандемия қайд этилган, ҳар бири бир миллионга яқин инсон ҳаётини олган. 1961 йилда бошланган еттинчи пандемия эса ҳануз давом этмоқда. Ҳозирги кунда дунёда йиллик 2,86 миллион ҳолат ва 95 мингга яқин ўлим қайд этилади, бу эса санитария ва ичимлик суви масаласи қай даражада ёмон ҳолатда эканини очиқ кўрсатади.
Испан гриппи (1918–1919 йиллар)

1918 йилда АҚШда пайдо бўлган Испан гриппи Биринчи жаҳон уруши даврида қўшинлар ҳаракати орқали бутун дунёга тарқалган. Касаллик қўзғатувчиси H1N1 грипп вируси бўлиб, пандемия бир йилдан кўпроқ давом этган. Шундай бўлсада бу касаллик сабаб 50 миллионга яқин инсон ҳаётдан кўз юмган. Айрим манбаларда бу рақам 40–100 миллион орасида деб ҳам келтирилади, чунки ўша даврда ҳисоб-китоблар тўлиқ ва аниқ юритилмаган.
Манбаларга кўра, пандемия дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини зарарлаган. Айниқса, ёшлар ўртасида ўлим даражаси юқори бўлган. Карантин ва шахсий гигиена чоралари асосий восита сифатида қўлланилган ва пандемия АҚШда ўртача умр давомийлигини 12 йилга қисқартириб юборган.
ОИТС (HIV/AIDS) пандемияси (1981 йилдан ҳозиргача)

XX аср охирида Марказий Африкада бошланган ОИТС пандемияси инсон иммун танқислиги вируси (HIV) орқали тарқалган ва ҳануз давом этмоқда. Касаллик шу пайтгача 36 миллион инсоннинг умрига зомин бўлган, шунингдек, дунёда яна 36 миллионга яқин инсон вирус билан яшамоқда. Антиретровирус терапия касалликни назорат қилиш имконини берса-да, тўлиқ даво ҳануз мавжуд эмас, шу билан глобал соғлиқни сақлаш сиёсатини бурилишга олиб келди.
COVID-19 пандемияси (2019 йилдан ҳозиргача)

2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган COVID-19 коронавируси (SARS-CoV-2) ҳайвонлардан одамга юқиши мумкин бўлган вирус сифатида қайд этилган. 2020 йил 11 мартда унинг пандемия эканлиги эълон қилинган. 2021 йил июлига қадар 190 миллиондан ортиқ ҳолат ва 4 миллиондан зиёд ўлим қайд этилган. Карантин, оммавий чекловлар ва вакцинация глобал миқёсда жорий этилгани дунё иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётга ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмади.

Ўзбекистонда COVID‑19 пандемияси давомида тахминан 254 минг ҳолат рўйхатдан ўтган, касаллик туфайли 1 637 киши вафот этган ва 241 486 киши соғайиб кетган. Янги ҳолатлар ҳозирда кунига 30–35 тагача қайд этилмоқда, масъуллар вирус тарқалиш даражасини паст баҳолаган.
Nipah вируси навбатдаги пандемияга сабаб бўлиши мумкинми?

Nipah вируси — ҳайвонлар орқали одамга юқадиган касаллик бўлиб, асосий ташувчиси —йирик кўршапалаклар (мева каламушлари) ҳисобланади. У биринчи марта 1998–1999 йилларда Малайзия ва Сингапурда аниқланган ва кейинчалик Бангладеш ва Ҳиндистонда ҳам тарқалган. Инсонларга асосан зарарланган ҳайвонлар билан тўғридан‑тўғри контакт ёки уларнинг озиқ‑овқатлари орқали юқади. Касалликда ўлим даражаси 40–75 фоизгача бўлиши мумкин, лекин ҳозирча унга қарши лицензияланган дори ёки вакцина мавжуд эмас.
Ҳозирги таҳлилларга кўра, Nipah вируси инсондан инсонга осонгина юқмайди ва кенг тарқалиши кузатилмаган, шу боис глобал пандемия хавфи паст ҳисобланади. Шу билан бирга, ЖССТ, юқори ўлим кўрсаткичи ва давоси йўқлиги сабабли Nipah вирусини олдиндан тайёргарлик кўриш ва тадқиқот олиб бориш бўйича устувор вируслар рўйхатига киритган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тарихий пандемиялардан олинган сабоқлар ҳозирги кунда ҳам долзарблигини сақлаб келмоқда. Глобаллашув шароитида янги инфекциялар жуда тез тарқалиши мумкин, шу боис инсоният учун энг муҳим омил — вақтида огоҳлантириш, очиқ маълумот алмашинуви ва фавқулодда вазиятларга тайёр соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлишдир.
Муҳсин Умурзоқов,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг