«Коррупция ҳаётни, иқтисодиётни ва демократияни йўқ қилади» — Элдор Туляков
Фото: "Тараққиёт стратегияси" маркази
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан тасдиқланган 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар муҳокама этилмоқда.
«Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Марказий банк ҳамкорлигида “Банк-молия соҳасидаги коррупцияга қарши курашишнинг долзарб масалалари" мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк мутахассислари, Республикада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, тадбирни модератор сифатида бошқариб борган «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз кириш нутқида коррупциялашган мамлакатларнинг иқтисодиёти тўғри ишлай олмаслиги, коррупция табиий қонуниятларнинг эркин ишлашига халақит бериши ва мамлакат иқтисодининг гуллаб-яшнашига жиддий тўсиқ бўлишини таъкидлаб ўтди.
«Коррупция ҳаётни, иқтисодиётни ва демократияни йўқ қилади. Коррупция камбағал мамлакатларнинг қашшоқликда қолишига, можаролар ва беқарорликлар келиб чиқишига, шунингдек, мўрт муҳитнинг пайдо бўлишига хизмат қилади. Ўрганишлар ривожланаётган мамлакатларда ривожланган мамлакатларга нисбатан коррупция анча юқори бўлишини кўрсатмоқда.
Коррупциялашган мамлакат иқтисодиётида ресурслар ҳам самарасиз тақсимланади, сабаби тўғри йўл билан ғалаба қозона олмайдиган компаниялар, кўпинча, порахўрлик ёки улуш бериш эвазига давлат буюртмаларига ва лойиҳаларига эга бўлишади. Молиявий оқимларнинг катталиги туфайли давлат харидлари фирибгарлик ва коррупция тузоғига тушиши эҳтимоли юқори бўлган энг заиф йўналишлардандир.
Иқтисодиётнинг коррупциялашиши таълим ва соғлиқни сақлаш сифатининг ёмонлашишига, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг умумий турмуш даражасининг пасайишига олиб келади.
Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатлардаги ўртача даромад коррупция даражаси паст бўлган мамлакатларникининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Шунингдек, бундай мамлакатларда чақалоқлар ўлими даражаси қарийб уч баробар юқори, саводхонлик даражаси эса 25 фоизга паст бўлади» — деди Элдор Туляков.
Шунингдек, давра суҳбатида иштирокчилар томонидан «Банк тизимида коррупцияга қарши Комплаенс назоратнинг жорий этилиши», «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертиза қилиш масалалари», «Коррупциянинг олдини олиш ва коррупцияга қарши курашиш мақсадида молия тизими ва бюджет соҳасида амалга оширилаётган ишлар» ҳамда «Банк-молия тизимида коррупцияга қарши кураш: халқаро андозалар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилишнинг айрим масалалари» каби бир қатор мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов фикрича, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз сиёсатига эга.
Иқтисодиётнинг муҳим бўғини бўлмиш банк-молия тизимидаги коррупция ҳолатларига қарши курашиш, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш, бу борадаги коррупсиоген омилларни бартараф этиш масалалари долзарблик касб этиб, бошқа соҳаларда коррупцияга қарши курашишнинг муваффақиятига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга тадбирда, коррупция билан боғлиқ ҳолатлар энг кўп учрашига сабаб бўлувчи давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш, банк кредитларини ажратиш каби йўналишларда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчи экспертлар томонидан бу каби ҳамжиҳатликда ташкил этилган тадбирлар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги амалий ташаббусларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилишида ҳамда замонавий услуб ва ёндашувларни қўллашда ўз самарасини бериши таъкидланди.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг