Корхоналарни тугатиш эмас, тузатиш тарафдоримиз
Яхши ниятлар билан очилган корхона нега иқтисодий ночор ҳолатга келиб қолади? Корхона раҳбарлари қандай хатога йўл қўйишди? Ёки иқтисодий билим ва салоҳияти етишмаслиги панд бердими? Халқ ибораси билан айтганда «ғишт қолипдан кўчганда» эмас, балки корхона фаолиятини бошлаган пайтдаёқ бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрилса фойдадан ҳоли бўлмайди.
Бир қарашда корхона иқтисодий ночор ҳолатга келиб қолганда уни тугатиб юбориш осондек туюлади. Аммо ходимларнинг иш ўрнини йўқотиши, ҳамкор ташкилотлар ўртасида низо чиқиши масалани янада жиддийлаштиради. Тан олиш керак, бу борада иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш, улар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш масалаларида амалдаги қонунчилик нормалари ва жорий тартиблар етарлича самара бермаяпти. Шу боис, депутатларимиз томонидан «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасида тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш амалга оширилиши, қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этилиши муаммони ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни кўзда тутиш, қарздорнинг мол-мулкини сотиш назарда тутилган бўлса, кредиторлар розилиги билан унинг нархини босқичма-босқич 50 фоизгача тушириб боришга рухсат берилиши ҳам корхона учун анчагина енгилликлар беради. Қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ва қарздорга фойда келтирмайдиган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳам корхонани соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Агар муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси қабул қилинса, тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари орқали иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш чоралари кенг қўлланилишига шароит яратилади. Тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомиллари қўлланилган корхоналарда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатилади. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор раҳбари ва бошқа шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилади. Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қарздор тузган битимлардан бош тортиш, уларни ҳақиқий эмаслиги шартлари тартибга солинади. Суд бошқарувчилари ўз мажбуриятларини бажаришда қўшимча ҳуқуқларга эга бўлиб, улар фаолияти натижалари рағбатлантирилади. Жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги ҳамда улуш киритиш асосида қурувчиларнинг тўловга қобилиятсизлиги амалиёти жорий этилади.
Энг муҳими, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлигини ошишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда биз корхоналарни тугатиш эмас тузатиш тарафдоримиз. «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад ҳам аслида шунга йўналтирилган.
Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг