Кўпроқ ёнғоқ истеъмол қилинг

17:31 19 Март 2025 Жамият
163 0

Самарқанд давлат университети гинетика ва биотехнология кафедраси ўқитувчиси Гулжахон Эшбекова ёнғоқ ўсимлигининг биологик хусусиятлари бўйича тадқиқот олиб бормоқда.

Гулжаҳоннинг илмий раҳбари — СамДУ профессори Зафар Исмоилов.

Гулжаҳон Эшбекова 40 га яқин илмий мақолалар муаллифи бўлиб, унинг ишлари халқаро журналлар ва конференция тўпламларида чоп этилган. Scopus ва Web of Science базаларида ҳам бир қанча мақолалари эълон қилинган. У чет тилини билиш бўйича халқаро IELTS 7.0 сертификатига эга. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ёш олимларни хорижга стажировкага юбориш гранти ғолиби сифатида Жанубий Кореянинг Чоннам Миллий университетида икки маротаба стажировка ўташга муваффақ бўлган.

Ҳозирда Гулжаҳон Эшбекова Самарқанд давлат университети Биокимё институти қошидаги Молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар лабораториясига раҳбарлик қилмоқда.

Яқинда PhD диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шунингдек, у Scopus базасига кирувчи нуфузли “Plant Science Today” журналида эксперт сифатида ҳам фаолият юритмоқда.

— Ёнғоқ қимматли мевали дарахт ҳисобланиб, фан тилида грек ёнғоқи деб аталади. Ёнғоқдан кўп соҳаларда кенг фойдаланилади, — дейди Гулжаҳон Эшбекова. — Ёнғоқ барглари ўзидан фитонсидлар ажратиб туради. Ёнғоқ барги таркибида кўп миқдорда C витамини, А провитамини, B1, P витаминлари, бўёқбоп ва ошловчи моддалар, каротин, инозит, инулин, эфир мойлари, минерал тузлар мавжудлиги ўрганилган. Ёнғоқ гули асаларилар асал тўплаши учун яхши манба ҳисобланади. Мевасининг пўсти анча қалин бўлиб, унда ошловчи, бўёқ моддалари, югландин алколоиди, нафтахинон, ситрон, ҳамда олма кислоталари, шакар, калсий-фосфат ва оксалат калсийлар мавжуд. Ёнғоқ мевалари ғўрлик даврида C витамин миқдори жиҳатидан, лимон, апелсин, мандарин, қорағат, наъматак сингари ўсимликлардан 4-5 марта устунлиги аниқланган. Ёнғоқ мевасининг мағзи таркибида 65-70 фоиз мой, 17-19 фоиз оқсил, 16 фоиз шакар, сув, B1, А, B2, C витаминлари, бир қатор кислота ва инсон организмида енгил ҳазм бўладиган минерал тузлар мавжуд. Ёнғоқ мағзи ўзининг юқори калорияли таркиби билан ажралиб туради. У буғдой нонидан уч баравар, картошкадан етти баравар, сутдан ўн бир баравар ва нокдан ҳатто ўн беш баравар кўпроқ тўйимлидир. Бир килограмм ёнғоқнинг озуқавий қиймати жиҳатидан 1 кг гўшт, 1 кг балиқ, 1 кг картошка, 1 литр сут ва 1 кг нокнинг умумий тўйимлилигига тенг келади. Бу эса ёнғоқни нафақат мазали, балки жуда фойдали маҳсулотга айлантиради. Бир кг мағизда 550-650 гр мой, 210 гр оқсил, 4,5 гр фосфор, 1 гр калций, 23,75 мг темир борлиги аниқланган Ёнғоқ мағизи қандолат саноатида ҳар хил ширинликлар тайёрлашда фойдаланилади. Унинг мағизининг кунжараси уй ҳайвонлари учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Дарахтининг ёғочи мебелсозлик саноатида қимматли ва ўзига хос хом ашё ҳисобланади. Айниқса, дарахт танасида пайдо бўладиган буқоқлардан ясалган мебеллар қиммат баҳоланади. Меваси пўстидан босмахона бўёқлари, кимёвий тушлар, лаклар, айнимайдиган мойли бўёқлар тайёрлашда фойдаланилади. Ёнғоқни мунтазам истеъмол қилиш юрак томирларининг оғир касалликлари ва миокард инфаркти хавфини камайтиради. Эпидемиологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳафтасига камида беш марта ёнғоқ истеъмол қиладиган инсонларда юрак-қон томир касалликлари ривожланиш хавфи ёнғоқ истеъмол қилмайдиганларга нисбатан 50% га кам бўлади. Ёнғоқнинг потенциал антигипертензив таъсири 130 та юқори қон босимли беморларда клиник жиҳатдан ўрганилган. Натижа шуни кўрсатганки, қисқа муддат давомида ёнғоқ истеъмол қилиш, юқори қон босими, юқори холестерин ва қон зардоби электролитларини нормаллаштирган. Ёнғоқнинг яна бир муҳим аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, хотирани мустаҳкамлайди, ўрганиш ва билиш қобилиятини яхшилайди. Ёнғоқ истеъмоли қариш жараёнида мия соғлиғини сақлашга ёрдам беради. Унинг таркибидаги полифеноллар мия ҳужайраларини ҳимоя қилиб, оксидловчи ва яллиғланиш жараёнларини камайтиради.

Хулоса қилиб айтганда, ёнғоқ нафақат мазали ва тўйимли маҳсулот, балки соғлиқ учун ҳам жуда фойдали неъматдир. Унинг таркибидаги бой витамин ва минераллар юрак-қон томир тизими, мия фаолияти ва умумий саломатликни қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли, ёнғоқни мунтазам истеъмол қилиш нафақат соғлиқни мустаҳкамлаш, балки умрни узайтиришга ҳам хизмат қилади.

Беҳруз Шамсиддинов,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?